Машҳур мураббий Шомуродовни асосий фигурага айлантиришга қарор қилди!
Элдор Шомуродов Италиядаги уч йиллик фаолияти давомида, ниҳоят, ўзини қадрлайдиган мураббий қўл остида ўйнайдиган бўляпти.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорининг “Рома”дан А Серия дебютанти – “Кальяри” сафига кўчиб ўтиши ҳал бўлди, ҳисоб. Олдинда тиббий кўрик ва шартнома имзолаш маросими қолди холос.
“Кальяри” раҳбарияти клуб олдига катта вазифаларни қўйган. Жамоани бошқаришга Клаудио Раньери сингари машҳур мураббий таклиф этилгани ҳам шунга боғлиқ.
Раньери бош мураббий сифатида Италия, Испания, Англия, Франция ва Греция чемпионатларида 20 дан ортиқ жамоани бошқарган. Оддий жамоалардан тортиб, Европа футболининг грандларигача бўлган клубларда муваффақиятли иш юритган.
Энг катта ютуғи – 2016 йили “Лестер Сити”ни Англия Премьер-лигаси чемпионига айлантиргани эътироф этилади.
Бундан ташқари, Испаниянинг камтар жамоаси – “Валенсия”ни халқаро турнирлар ғолибига айлантирган. Бу жамоа италиялик мураббий қўл остида Испания кубоги, Интертото кубоги ва УЕФА Суперкубогини қўлга киритган.
71 ёшли мутахассис “Кальяри”ни янги мавсумдан бошлаб, А Серияда мунтазам иштирокини таъминлаш мақсадида таркибни юқори дивизион талабларига мослаштириш кераклигини таъкидлади ва ишни шу масалани ҳал қилишдан бошлади.
Раньери “Кальяри” кучли клубларга қарши туриши учун биринчи навбатда учта нуқтани кучайтирадиган бўлди.
Италиялик журналист Федерик Маливиндининг ёзишича, дебютант жамоа раҳбарияти ҳимоя чизиғига “Аталанта”га тегишли бўлган Хосе Луис Паломино, майдон марказига СПАЛда ўйнаётган Маттео Прати ва асосий трансфер нишони – “Рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродовни олиб келиш бўйича иш бошлади.
Жамоа асосий мақсади – Элдор Шомуродовни қўлга киритиш масаласини уддалади. Клаудио Раньери келаси мавсум 4-4-2 схемасини қўлламоқда. Бу усул Элдор Шомуродовга жуда мос экани мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этиляпти.
La Gazzetta dello Sport нашри журналистларининг таъкидига кўра, Клаудио Раньери 25 июлдан кейин ўзи таркибнинг асосий фигурасига айлантиришни истаётган ўзбек ҳужумчиси билан иш бошлаши кутилмоқда.
“Кальяри” мутасаддилари Шомуродов масаласини деярли ҳал қилиб бўлганидан кейин “Аталанта” ҳимоячиси Хосе Луис Паломино трансфери бўйича иш бошламоқда.
Агар бу режа иш бермаса, Клаудио Раньери захира вариантини ҳам тайёрлаб қўйган. Унга кўра, Паломино трансфери барбод бўлган тақдирда, “Кальяри” вакиллари “Сассуоло”дан Жанмарко Феррарини олишга уриниб кўради.
Марказий ҳимояга учинчи вариант сифатида ўз даврида Швеция терма жамоаси шарафини мувафақиятли ҳимоя қилган Филип Хеландер танланган. Узоқ йиллар давомида “Глазго Рейнжерс”да тўп тепган 30 ёшли швед ҳозир жамоасиз юрибди. У илгари Италиянинг “Верона” ва Болонья” каби жамоаларида ҳам ўйнагани боис, А Серия талабларини яхши билади.
Учинчи нишон – Маттео Пратига ҳам ўринбосарлар топиб қўйилган. Прати трансфери ўхшамаса, Клаудио Раньери майдонга марказига “Бенфика” ярим ҳимоячиси Суалио Мейтени олиб келишга тайёр. Франциялик 29 ёшли футболчи ўз даврида Италия чемпионатида “Милан” ва “Торино” каби машҳур клублар шарафини ҳимоя қилган.
Клаудио Раньери шакллантираётган янги “Кальяри” Элдор Шомуродовнинг яна юқори савияга кўтарилишида муҳим босқич бўлишига умилд қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, "Кальяри" А Сериядаги дебют учрашувини 21 август куни Туринда “Торино” футболчиларига қарши ўтказади.
“Ланс”га йўл олган Ҳусановни машҳур футболчига қиёслашмоқда! Франция матбуоти ўзбек легионери ҳақида нималарни ёзмоқда?
Шомуродов трансфери ҳал бўлди!
Шомуродов ана энди ўзига мос мураббий ва жамоа топди!
Фикрлар