"Мавсумдаги энг яхши ўйинларимиздан бирини ўтказдик, Яхшибоев соғлиги билан муаммоси борлиги учун даволаняпти" - Самвел Бабаян

“Навбаҳор” клуби ўз майдонида “Бунёдкор”ни қабул қилди ва жавобсиз 3 та гол уриб мухлисларини хурсанд қилди. Ўйинда кейин “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Ассалому алайкум! Биринчи навбатда мухлисларимизни табриклайман. Бу ғалаба биз учун муҳим эди. Нима учун муҳим? Чунки барибир ҳар қандай ҳолатда ҳам “Бунёдкор” – бу бренд жамоа. Тўғри, ҳозир бу клуб лидерлар қаторида эмас. Лекин барибир “Бунёдкор”ни бренд деб ўйлайман. Чемпионатдаги энг яхши ўйинларимиздан бирини ўтказдик, деб ўйлайман. Учрашувда класс кўрсатдик. Ҳаммага етакчилигимизни намойиш қила олдик. Мухлисларимиз олдида қарзимиз бор. Ўйлайманки, чиройли тарзда бу қарзни ишқибозларга тақдим қилишимиз керак. Ўйин сифати эмас, ўйин натижаси бўйича бир қатор муаммоли ҳолатлар юзага келди. Бугунги учрашувда барча йигитлар нимага қодир эканликларини кўрсатиб қўйишди. Стадионга келиб бизни қўллаб-қувватлаб турганлар ҳамда телевидение орқали бизга мухлислик қилган барчани табриклайман. Қолган ўйинларда ҳам максимал натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз. Охирги учрашувлар худди финалдагидек ўтади, деб ўйлайман. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Футболда мўъжизалар ҳам бўлиб туради. Асосий вазифамиз майдонга тушиб профессонал даражада ҳаракат қилиб, натижани қўлга киритиш. Ишқибозларимизга ғалабали онларни тақдим қилишимиз шарт.

- Ғалаба учун раҳмат. Ҳар томонлама яхши тайёргарлик кўрилганини билгандик. “Навбаҳор”ни чемпионатда “Олимпик” ва ОЧЛ доирасида “Ал-Ҳилол” билан принципиал ўйини бор. Жамоадан 100 фоизли натижага умид қилсак бўладими?

- Принципиал рақиб деб алоҳида урғу бериб ўтдингиз, бу тўғри. Биз ҳам ушбу учрашувларда керакли натижаларни қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Принципиал ўйин ва шундай деб ўйласак хурсандман. Бироқ натижа борасида ҳозирдан бирор нима дея олмайман. Чунки рақиб қандай жамоа эканлигини барча яхши билади. Ўткинчи ўйинлар бўлмайди. Керакли натижага эришишга максимал даражада курашамиз. Албатта, финалгача боришни орзу қиляпмиз. Биз учун ҳар бир учрашув ўткинчи эмас, финалга тенг.

бабаян119

- Мавсум якунланмасиданоқ нима учун Жасур Яхшибоев жамоани тарк этди?

- Жасур Яхшибоев даволаняпти. Уни соғлиги билан боғлиқ муаммоси бор эди. Шу боис у ҳозир жамоа билан бирга эмас.

- Темурхўжа Абдуҳолиқов нега майдонга тушмади?

- Худди шундай, Абдуҳолиқовни жароҳати бор. Даволаниб, тикланиш жараёнини ўтказяпти.

- “Навбаҳор”да қанақа ўзгаришлар юз беради? Кейинги йилда бошқачароқ бўладими?

- “Навбаҳор”ни бугунги кунгача эришган натижаларини тарихига қарайдиган бўлсак, бу ерда Наманган вилояти ҳокимини катта ёрдами бор. Тўғри маслаҳат ва кўрсатмалари бизни юқори натижаларга эришишимизга сабаб бўляпти. Жамоамиздаги футболчилар ўз имкониятларидан яхши фойдаланяпти, дейишим мумкин. Футболчиларни келиши тарихи ҳар хил. Лекин таркибдаги барча йигитлар тажрибали. Сафимизда халқаро майдонларда ўйнаган йигитлар бор. Кейинчалик нима бўлади? Кўп нарса раҳбариятга боғлиқ. Вилоятимиз футбол мутасаддиларига боғлиқ дейишим мумкин. “Навбаҳор” нафақат Осиёда, балки дунёда ҳам танилиб қолди. Режамиз улкан. “Навбаҳор” ҳар бир ўзи иштирок этадиган мусобақада юқори ўринлар учун курашади. Бизни амбицияларимиз юқори кўрсаткичларга қаратилган. Шу билан бирга ишлаётган ҳар бир инсонни мақсади клубни юқорига олиб чиқиш. Ҳар хил гапларга ишонманглар, “Навбаҳор” фақат олдинга интилади, ғалаба учун майдонга тушади. Келажакдаги режаларимиз ҳам худди шундай.

бабаян0_2

- “Навбаҳор” йўқотилган очколардан кейин маълум бир хулосаларни чиқардими?

- Албатта, ҳар бир жамоада хатолар бўлади. Бизда ҳам хатолар бор. Футбол шундай ўйинки, унда ҳам инсонлар адашиши мумкин. Майдонда ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкин. Хатолардан тўғри хулоса чиқариш жуда аҳамиятли. Ҳатто ҳакамлар адашяпти-ку. Ким камроқ хато қилса натижага эришади. Бизда ҳам хато ва муаммолар юз берди. Жароҳатлар билан боғлиқ муаммолар бўлди. Нима ҳам деймиз, бу футбол. Ҳар бир муаммоли ўйиндан кейин тегишли чораларни кўрдик. Қийин ҳолатда ҳам Эронга бордик ва керакли натижани қўлга киритдик. Бугун ҳам чемпионатдаги энг яхши ўйинларимиздан бирини ўтказдик. Асосийси, футболчилар масъулиятни ҳис қилишяпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!