Мбаппе – ФИФА рейтингига кўра ЖЧ-2026да энг яхши ҳужумчи, Олисе – энг яхши плеймакер, Месси – ҳар икки тоифада ҳам учликда. Родри – энг яхши ҳимоячи, Кошта – энг яхши дарвозабон

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

ФИФА 2026 йилги жаҳон чемпионатида майдонга тушган футболчиларнинг ўйинини статистик кўрсаткичлар асосида баҳолаб, энг яхши ўйинчилар рейтингини эълон қилди.

Турнирда иштирок этган барча майдон ўйинчилари учта йўналиш бўйича 0 дан 10 гача баҳоланди: ҳужумдаги ҳаракатлар, яратувчанлик (ҳужумни ташкил этиш) ва ҳимоядаги ўйин. Дарвозабонлар эса тўпни назорат қилиш ва дарвозага ҳимоя кўрсаткичлари бўйича алоҳида баҳоланди.

Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе ҳужумкор ўйинчилар орасида етакчи бўлди. У жаҳон чемпионати давомида ҳужумдаги ҳаракатлари учун 9,12 балл тўплади. Мбаппе 8 учрашувда 10 та гол уриб, мусобақанинг энг яхши тўпурарига айланди.

Иккинчи ўринни Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жуд Беллингем эгаллади – у 8 ўйинда 7 та гол уриб, 8,29 балл йиғди. Учинчи поғонага эса Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси кўтарилди: у 8 ўйинда 8 та гол уриб, 8,06 баллга эга бўлди.

Яратувчан ўйинчилар рейтингида Франция терма жамоаси вингери Майкл Олисе пешқадамлик қилди. У ҳужумларни ривожлантириш ва голли вазиятлар яратиш бўйича 8,29 балл олди. Олисе 7 та голли узатма амалга ошириб, ЖЧ-2026нинг энг яхши ассистенти сифатида қайд этилди.

Ушбу тоифада иккинчи ўрин Лионель Мессига (8,26), учинчи ўрин эса Килиан Мбаппега (7,84) насиб этди.

Ҳимоявий ўйин бўйича рейтингда Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Родри биринчи ўринни эгаллади – унинг кўрсаткичи 8,23 баллни ташкил этди. Кучли учликка яна икки испаниялик ҳимоячи – Пау Кубарси (7,6) ва Педро Порро (7,59) ҳам кирди.

Дарвозабонлар орасида ҳимоявий ҳаракатлар бўйича энг яхши натижани Португалия терма жамоаси посбони Диогу Кошта қайд этди: у 5 ўйинда 19 марта дарвозани қутқариб қолди ва 8,44 балл тўплади. Тўпни назорат қилиш бўйича эса Англия терма жамоаси дарвозабони Жордан Пикфорд энг яхши кўрсаткичга эга бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!