Мбаппе коррупция иши бўйича полицияда сўроқ қилинди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Мадриднинг «Реал» клуби ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе ҳамда унинг онаси Файза Ламари Франция миллий жамоаси хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Муҳаммад Санхаджига нисбатан олиб борилаётган тергов доирасида кўрсатма берди. Бу ҳақда L’Équipe  нашри хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, футболчи 30 сентябрь куни Франция Миллий полицияси Бош инспекциясида сўроқ қилинган. Унинг онаси эса 9 октябрь куни Парижда уч нафар тергов судьясининг саволларига жавоб берган.

Тергов Санхаджи томонидан эҳтимолий коррупция ва таъсир доирасидан фойдаланиш ҳолатларига тааллуқли. Терговчилар унинг футболчилардан пул ва совғалар олгани, шунингдек, хусусий қўриқлаш хизматлари кўрсатилиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда. Жумладан, Санхаджининг Мбаппенинг 2023 йилда Камерунга қилган сафаридаги иштироки ҳам текширилмоқда.

Сўроқдан сўнг Ламарига «ёрдамчи гувоҳ» (témoin assisté) мақоми берилди. Тергов судьялари уни расман айблаш учун мавжуд асослар етарли эмас, деган хулосага келган.

Аввалроқ Мбаппе Қатарда бўлиб ўтган 2022 йилги Жаҳон чемпионати учун олган мукофот пулидан 60 300 еврони Санхаджига ўтказиб бергани ҳақида хабар қилинган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!