Мексика сардори: "Бу бемаънилик. Мен ҳам Мессининг либосини ерда қолдирдим"

Мексика миллий терма жамоаси сардори Анрдес Гуардадо ҳамюрти "Канело"нинг таҳдидидан сўнг Лионель Мессининг тарафини олди.

Гап шундаки, ЖЧ 2-туридан ўрин олган Мексикага қарши беллашувдан кейин аргентиналиклар юлдузи Месси кийим алмаштириш хонасида рақиб либосини оёғи билан тепиб юборгани ва уни босгани акс этган видео тарқалганди. Шундан сўнг бокс бўйича супер ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпиони, мексикалик Сауль Альварес "Канело" Леога жиддий мурожаат қилганди: "Худога бизни ҳаётда учраштирмаслигини сўраб илтижо қил".

Гуардадо бу ҳолатга муносабат билдирди: "Бу бемаънилик ва муҳим нарса эмас. Мен Мессининг қандай инсон эканлигини биламан. Афсуски, "Канело" кийим алмаштириш хонасидаги муҳит қандай бўлишини тушунмайди. Унинг таҳдиди менга аҳмоқликдек туюлмоқда. Бу сўзларнинг барчаси зиддият яратиш ва ўзини оммага танитишга бўлган ҳаракат.

Ўйиндан сўнг кийимларни бемалол ерга ташлаб қўяверамиз, уларни ювиш учун олиб кетишади. Мессидаги либос меники, беллашувдан сўнг бир форма алмашдик. Мен ҳам унинг футболкасини ювишлари учун ерда қолдирдим. Биз буни жуда муҳим жиҳат деб ҳисобламаймиз",-деди у "TyC Sports" нашрига.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ishoq Ruziev
29/11/2022 23:51
Gap yo'q, treshtokingchilarga ajoyib javob