"Мен Эрон фарзандиман" - Жаҳон чемпионатига бора олмаётган Сардор Азмун ёрилди!
Сардор Азмун ижтимоий тармоқларда мухлисларга мурожаат қилди ва ўзининг Эронга бўлган муҳаббати ҳақида таъсирли фикрлар билдирди.
"Мен ҳақимда айримлар билмайдиган ёки нотўғри тушунчалар сабаб менга шошма-шошарлик билан баҳо берган мавзулар ҳақида юрагимдан чиққан бир неча гапларни айтмоқчиман.
Эсимда, 17 ёшимда, Карлуш Кейруш мени Эрон терма жамоасига чақиришидан олдин бошқа бир мамлакатдан жуда катта молиявий таклиф олганман. Лекин менинг жавобим фақат битта бўлган — мен Эрон фарзандиман ва халқим учун ўйнашни, уларни хурсанд қилишни истайман.
Терма жамоа либосини кийган кунимда, ўзимга шундай ваъда берганман: ҳар сафар Эрон учун майдонга тушсам, бор кучим билан ҳаракат қиламан. Чунки футболни муҳаббат билан кузатадиган инсонларни, айниқса мамлакатнинг энг чекка шаҳар ва қишлоқларида ғалабамиздан қувонадиган болаларни хурсанд қилишни хоҳлаганман.
Мен ҳар доим ўз мамлакатим терма жамоаси учун фахр билан ўйнаганман. Ғалаба қозонганимизда ўзим ва жамоадошларим билан фахрланганман, ғалаба қозона олмаганимизда эса дунёдаги энг хафа инсон бўлганман.
Мен футболни яхши кўраман. Шунингдек, ўз мамлакатим — Эроннинг яхши ва муносиб халқини ҳам яхши кўраман. Улар ҳар доим меҳри ва беқиёс қўллаб-қувватлаши билан менга куч бериб келган.
Кўпчилик мен қила олган кичик ишлар ҳақида билса керак. 12 кунлик уруш даврида инсонлар хавфсизлиги учун Гумбаддаги барча меҳмонхоналарни банд қилишдан тортиб, Голистоннинг узоқ қишлоқларига тоза ичимлик суви етказиш, аёллар волейболи, баскетболи ва велосипед спортини қўллаб-қувватлашгача — буларнинг барчаси менинг Эрон ва эронликларга бўлган меҳримнинг кичик бир қисми, холос. Шу кунгача ҳамватанларимни қўллаб-қувватлаш учун ҳеч қандай ёрдамни аяган эмасман.
Қаерда футбол ўйнашимдан қатъи назар, менинг шахсиятим, қалбим ва фахрим — Эрон.
Мен футболчиман ва футболни яхши кўраман. Ҳаётда эришган барча нарсаларим аввал Аллоҳнинг марҳамати, кейин эса меҳнатим, ҳаракатим ва азиз халқимнинг меҳри ҳамда қўллаб-қувватлаши туфайли бўлган. Шу муҳаббат сабабли халқимдан доим миннатдорман.
Терма жамоамизга, футболчиларга, мураббийлар штабига ва айниқса Амирхонга Жаҳон чемпионатида муваффақият тилайман.
Йигитлар, портлатинглар ва Эрон халқининг юзини ёруғ қилинглар".

Фикрлар