"Мен ҳақимдаги хабар нотўғри". Диёр Туропов янги мавсумни қаерда бошлашини биласизми?

28 ёшли иқтидор эгаси – Диёр Туроповни “Локомотив”нинг етакчиларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. Мазкур футболчи 2017 йилдан буён “Локо” учун майдонга тушиб келмоқда. Ундан аввал эса олмалиқликлар учун ҳам қатор мавсумларни ўтказганини биламиз.

Айтмоқчимизки, Туропов ҳадеб клубини ўзгартиравермайди. Аммо ярим ҳимоячининг хизматларига эхтиёж сезаётган клублар ҳам талайгина. Шу боис Диёрга “совчи”лар кўп бўлди. У ўтган йили Суперлигада 24 та ўйинда 4 та гол урди. Кубок баҳсларида эса 4 та беллашувда 1 та гол муаллифи бўлди.

Бироқ “Локомотив”га ҳам бундай савиядаги ижрочи керак эди. Футболчи кейинги режалари борасида Sports.uzга қуйидагиларни айтди.

- Диёр, сўнгги кунларда сизни “Локомотив”ни тарк этиб, “Қизилқум” аъзосига айланганингиз хусусида гап-сўзлар юрибди. Клубни ўзгартирганингиз ростми?

- Ассалому алайкум. “Қизилқум” жамоасига ўтганим йўқ. Бу нотўғри хабар. Менимча, бу хабарни ёзишда адашишган.

диёр2_1

- Умуман олганда, янги мавсумни қаерда ўтказишни режалаштиряпсиз?

- Янги мавсумни насиб қилса, ўзимни жамоамда ўтказишни режа қилганман.

- Диёр, “Локомотив” клубида ҳам ўзгаришлар юз берди. Мураббий алмашди, айрим етакчилар кетди. Бу ҳол жамоага қанчалик таъсир кўрсатиши мумкин?

- Ҳа, тўғри айтасиз. Айрим ўйинчилар “Локомотив”ни тарк этди. Лекин бу жамоага келаси мавсумда катта таъсир кўрсатади, деб ўйламайман. “Локомотив” жамоаси ҳам қишки трансферда таркибга бир нечта ўйинчиларни қўшиб олди ва ўзининг академиясидан умидли ёшларни асосий таркибга жалб қилган. Энг муҳими, келаси мавсумда ўзимизга бўлган ишонч кўп нарсани ҳал қилади.

- Сир бўлмаса, олдингизда қандай таклифлар бор эди? Масалан, ўша "Қизилқум"дан ҳам сизга қизиқиш билдирилгани ростми? "Локомотив" клубида қолишингиз бу нима билан боғлиқ?

- Тан оламан, “Қизилқум” жамоасидан қизиқиш бўлгани рост. Қолаверса, менга бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлди. “Локомотив”да қолишим нима билан боғлиқ? Қабул қилинган қарор билан боғлиқ ва мен яна шу клубдаман.

диёр

- Саволни бошқачароқ қўяман: “Локомотив”да сизни нима ушлаб қолди?

- Футболга профессионал ёндашиш!

- "Локомотив" клубининг бир қатор ўйинчилари бир клубга - яъни, "Қизилқум"га кўчиб ўтишди. Бу ҳол сизни ҳайрон қолдирмадими? Ёки навоийликлар шу қадар яхши таклиф билан чиқишяптими?

- Бу ҳол менга қоронғу. Балки яхши таклиф билдиришгандир.

- “Локомотив” клубига бош мураббий этиб тайинланган Денис Коростиченкога "Янги Нагельсманн" сифатида таъриф берилмоқда. У қандай мураббий? Ушбу таърифга мос тушадими?

- Мураббийимизга таъриф берадиган бўлсам, ўтган йилги мавсумда бизни Суперлига ўйинида бош мураббий сифатида охирги турда “Насаф”га қарши учрашувда майдонга олиб тушди. Ўшанда унинг қўли остида 3 очкога эга бўлгандик. Ёш мураббий, лекин жуда ҳам интилувчан. Шу қаторда икки йил давомида биз билан бирга ишлаб келган. Тажрибаси ҳам катта ўйинларга етарли, деб ўйлайман.

диёр3_1

- Футболчи сифатида янги мавсумдан нимани кутяпсиз. Ўз олдингизга қўйган мақсад ва режаларингиз қандай?

- Янги мавсумда ўз олдимга қўйган мақсадим жамоамнниг ғалабаларига ҳиссамни қўшиш.

- Кўпчилик мутахассис ва мухлислар бу йил совринли ўринлар учун курашда даъвогарлар орасига негадир "Локомотив"ни қўшишмаяпти. Чунки клуб нисбатан кучсизлангандек таассурот уйғотяпти, чоғи. Уларга жавобан сиз нима деган бўлардингиз?

- Мутахассислар ва мухлисларнинг фикрини ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Ҳаммаси чемпионат бошланганидан кейин ойдинлашади. Ишонтириб айтаманки, “Локомотив” исталган рақибга бош оғриғи бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Fanat Navbahor Fc
27/01/2022 13:19
kxeee bosh ogriq bolarmush ))))))))))))))))