"Мен коҳин эмасман, "Навбаҳор" футболчилари тўлиқлигича финални ўйламоқда". Сергей Лушчан Намангандаги йирик мағлубиятдан сўнг яна нималар деди?

Суперлигада 20-тур баҳслари давом эттирилди. "Навбаҳор" жамоаси  ўз майдонида "Сўғдиёна"ни қабул қилди ва 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Сергей Лушчан матбуот анжуманида иштирок этди.

- Биринчи навбатда мухлислар олдида ҳамма учун узр сўрайман. Бугун жамоамиз иккинчи таймда кўрсатган ўйинини футбол деб бўлмайди. Бугун майдонга барча тажрибали футболчиларимизни ташладик ва финалда ким майдонга тушишини кўриб олдик. Ёшлар борасида кимлар борлигини биламиз. Барча тажрибали футболчилар билан илк бор ҳаракат қилдик. Ҳозир нимадир дейиш қийин. Ўрганиб чиқамиз. Финалдан олдин антифутбол атамасини ишлатмоқчи эмасман. Улар ўзини финалда ва асосий таркибда деб ҳисобласа, адашади. Ҳозирча тушунтира олмайман. 

- Бугун "Сўғдиёна"ни енгиш учун "Навбаҳор"да имкон бормиди? 

- Мен коҳин эмасман. Агар ўз дарвозангизга иккита гол урсангиз, қандай имкон бўлиши мумкин? Омадсиз холат? Балки, шундайдир. Кимнидир нимададир айбламоқчи эмасман. Менга бу қизиқ эмас. Бу голлар бизни кўмиб ташлади. Биринчи бўлимда рақиб ҳеч нарса таклиф эта олмади. Кураш бўлди, биз Жиззахда шу ишни уддалаган эдик. Кураш марказда кечди. Биринчи гол, иккинчи голку умуман кўмиб ташлади. Кейин жамоа сочилиб кетди. Иванович кутилмаганда ўзгартиришни сўради. Бугун майдонда бўлган нарсалар бизнинг боримиз. 

- Бу ўйин билан "Навбаҳор" "Андижон"ни енга оладими? 

- Сиз ўз саволингиз билан саволингизга жавоб беряпсиз. Билмадим, нима бўлганини кўриб чиқамиз. Албатта, бу ўйин билан ютиб бўлмайди. Ҳозир қизишиб турганим учун ақл билан фикрлай олмайман. Сиз сингари, биз ҳам буни кўриб турибмиз. "Пахтакор" билан баҳсдан кейин жамоани йиға олмаяпмиз. У учрашувдан сўнг "Локомотив"ни зўрға енгдик. "Навбаҳор" футболчилари тўлиқлигича финални ўйламоқда. Вилоят ҳокими ҳам улар билан учрашди. Олдинда 9 кун бор. Билмадим, бундай ўйин билан ёш болалар жамоасини енга олмаймиз. Ҳимоядаги муаммолар мени ҳавотирга солмоқда. Тўғриси, тушунмадим. 

- Иккинчи таймда "Навбаҳор" нега иккита ҳужумчи билан ўйнамади? 

- Сиз трибунада бормидингиз? Биз икки форвард билан ҳаракат қилдик. Иминжонов соф ҳужумчи. Биз майдонда 4 та ҳужумчи билан ҳам ҳаракат қилишимиз мумкин, аммо 2 та форвард билан 4 та қарши ҳужум ўтказиб юбордик. Яна 3 та гол ўтказишимиз ҳам мумкин эди. Омад келди. 

- Финал ўйинида чемпионлик кутамиз!

- Биринчи навбатда мухлислардан ёрдам сўрайман. Ҳозир улар футболчиларни қўллаб-қувватлашлари керак. Ҳозир жуда катта босим остида қолди, улар. Менимча, ишқибозлар шундай бўлиши керак. Оғир вазиятда ким қандай эканлиги кўринади. Ютиб турганингда, ҳамма зўр бўлаверади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!