"Мен учун сюрприз бўлди" ёхуд Суперлиганинг энг чиройли голи муаллифи жамоасини нега ўзгартирди?
“Турон” клуби билан бирга бу йил Суперлигада дебютини ўтказган истеъдодли ўйинчи Билолхон Тошмирзаев тезда кўзга ташлана бошлади. Чемпионатда жамоаси сафида 23 та ўйинда майдонга тушган футболчи фақат бир марта гол урди. Аммо ўша голи Ўзбекистонда 2021 йилнинг энг чиройли голига айланди.
Суперлиганинг 16-турида “Турон” сафарда “Локомотив”га қарши майдонга тушганди. Ўша учрашувнинг 30-дақиқасида Тошмирзаев майдон марказига яқин жойдан олисдаги дарвозани ишғол қилишга муваффақ бўлган. Лекин ўйин охиригача “Локо” учта гол урганди. Хуллас, Билолхоннинг ўша голи йилнинг энг чиройлиси айланди. Футболчи эса ундан бошқа гол ҳам ургани йўқ.
Бундан ташқари, Билолхон клубини ўзгартирди. 2022 йилни у энди “Қўқон-1912” жамоасида ўтказишга қарор қилди. Sports.uz мухбири Тошмирзаев билан юқоридаги мавзулар бўйича суҳбатлашди.
- “Локомотив” дарвозасига урган голингиз йилнинг энг чиройлиси, деб топилди ва бунинг учун сизни табриклайман. Энг чиройли голлар номинацияси эълон қилинганида биринчи ўринни олишингизни ўйлаганмисиз?
- Табрик учун раҳмат. Биласизми, ўша киритган голим мен учун сюрприз, десам ҳам бўлади. Аслида номинациядаги барча голлар ўзига яраша чиройли ва жозибали. Тўғрисини айтсам, барча голлар ҳам энг чиройли гол бўлишга лойиқ эди.
- Аммо сизга номинациялар орасида қайси гол кўпроқ ёқди?
- Ҳамма гол ҳам чиройли чиқди. Шунинг учун барчаси йилнинг энг чиройли голи бўлишга муносиб эди.
- Келинг, шу фурсатдан фойдаланиб, ўша голингизни эсга олсак. “Локомотив” дарвозасига майдон марказига етмасидан зарба бергандингиз. Бу чинакам таваккалона зарбамиди ёки ҳаммасини аниқ ҳисоб-китоб қилишга улгурганмидингиз?
- Бу голим таваккал бўлмаган. Ўйиндан олдин бош мураббийимиз - Игорь Шквирин менга майдон марказидан дарвозага тепишим кераклиги хусусида кўрсатма берганди.
- Ҳақли тарзда энг чиройли гол муаллифига айландингиз. Чунки ҳаммага ҳам бундай гол уриш насиб қилмайди. Нима деб ўйлайсиз, яна шунга ўхшаш голни такрорлашингизга ишонасизми ёки буниси бетакрорми?
- Албатта, мен бундан-да, чиройли гол уришга ҳаракат қиламан. Мана шундай гол урганим ва якунда энг чиройлиси сифатида эътироф этилгани янги мавсумда янада чиройли голлар уришимга ишонч бағишлайди.
- Дарвоқе, Билолхон, чемпионатимизда яна кимлар майдон марказидан гол урганини биласизми?
- Ҳа, албатта. Мен ҳам бунақа голларнинг кўпини кўрганман. Мисол учун ўтган йили АГМК сардори Санжар Турсуновнинг майдон марказидан урган голи ҳам йилнинг энг чиройли голи бўлган.
- Куни кеча “Турон”ни тарк этиб, “Қўқон-1912”га кўчиб ўтдингиз. “Турон”дан кетишингиз клубнинг Суперлигадан тушиб кетгани билан боғлиқ бўлса керак-а?
- “Турон” клубини тарк этганим йўқ. Мен “Қўқон-1912” жамоасига ижара эвазига ўтганимни айтмоқчиман.
- Жамоани ўзгартириш сизнинг ташаббусингизми ёки клублар ўзаро келишишдими?
- Бу масалада ҳар иккала жамоа келишиб олди.
- Хизматингизга бошқа жамоалардан ҳам қизиқарли таклифлар бормиди?
- Ростини айтаман, менга Суперлига клубларидан кўплаб таклифлар келиб тушди. Албатта, яна “Турон” жамоасида қолишим ҳам мумкин эди. Аммо мен Суперлигада ўйнамоқчилигимни айтдим. Истакларимни тўғри тушуниб, мени “Қўқон-1912”га ижарага берган “Турон” раҳбариятига миннатдорлигимни билдирмоқчиман.
- У ерга ўтишдан аввал бош мураббий Бахтиёр Ашурматов билан гаплашдингизми? “Қўқон-1912” жамоасининг нимаси сизни ўзига жалб қилди?
- Барчаси раҳбарият ўзларига бегона бўлмаган “Қўқон-1912” раҳбарлари билан келишган ҳолда бўлди. Бахтиёр Ашурматов албатта тажрибали мутахассис. Ўйлайманки, келгуси мавсум юқори ўринларни олиб “Қўқон-1912” ишқибозларини хурсанд қиламиз.
Фикрлар