"Мен уларга янги клуб билан шартнома тузмоқчилигимни айтдим, бироқ..." - ФИФАга ёзган Абдулхаков билан суҳбат
Куни кеча Sports.uz орқали Бангладеш чемпионатида тўп сурган легионеримиз “Шейх Руссел” клубидан ассосиз равишда кетказилгани туфайли ФИФАнинг Абдураҳмон Абдулхаков фойдасига қарор чиқаргани ҳақида ёзгандик. Биз ушбу вазиятни янада батафсил ўрганиш мақсадида футболчининг ўзи билан боғландик.
- Абдураҳмон, сайтимиз орқали сизни Бангладеш клуби билан ўртангизда юз берган ҳолат ва бунинг ортидан ФИФА сизга салкам 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ундириш бўйича қарор чиқаргани ҳақида ёздик. Аслида ҳаммаси қандай юз бергани ҳақида гапириб берсангиз.
- Ҳа, Бангладеш клубига Зокир ака Холиқов орқали борганман. У ерда 10 ойлик шартномага имзо қўйганман. Бангладеш чемпионатида салкам уч ой ўйнадим. Лекин улар менга ҳар хил баҳоналар билан шартномани бир томонлама бекор қилишди.
- Эшитишимча, ҳаммаси мураббий алмашгач юз берибди, шундайми?
- Ҳа, шундай бўлди, мураббий алмашди.
- Янги мураббийни сиз билан муносабати қандай бўлди? У нима учун сизни ёқтирмай қолганди ёки бошқа сабаб бўлдими?
- Мен билан мураббийнинг муносабати яхши эмасди. Унинг мақсади ўз юртидан ўйинчиларни олиб келиш эди. Мен борганимда аввалига ҳаммаси яхши эди. Янги мураббий келгач, бирдан барчаси ўзгариб кетди.
- "Шeйх Руссел" клубига ўтганингиз сиз учун фаолиятингиздаги хато қарор бўлдими ёки бундай эмасми?
- Мен учун яхши қарор бўлди. Ҳаммаси яхшиликка. Ҳар бир ишда ҳикмат бор, Худога шукр.
- ФИФАнинг қарорига кўра клуб сизга 30 минг АҚШ долларини қачон тўлайдиган бўлди ва клубни бу қарорга муносабати қандай?
- Ҳа, тўғри, ФИФАга хат билан чиқдим. ФИФАнинг қарорига кўра клуб 30 кун ёки 45 кун ичида 30 минг АҚШ долларини тўлайдиган бўлди. Мен жамоадагиларга янги клуб билан шартнома тузмоқчилигимни айтдим, бироқ улар менга хужжатларни беришмади. Кейин ФИФАга ёзишга қарор қилдим.
- ФИФАга ёзганингиздан кейин ва сизни фойдангизга қарор чиқариб берганидан сўнг клубингиздагилар сиз билан алоқага чиқишдими, нима дейишди?
- Йўқ, ҳали. Менимча, тез орада алоқага чиқишади. Балки адвокатим, агентларим билан гаплашган бўлишса керак.
- Энди кейинги режангиз қандай? ФИФА сизга истисно тариқасида трансфер ойнаси ёпилган бўлса ҳам бошқа клуб билан шартнома имзолаш ҳуқуқини берди. Бундан фойдаланасизми?
- Худо хоҳласа, фойдаланаман. Ҳа, трансфер ойнаси ёпилган бўлса ҳам ФИФА бошқа клуб билан шартнома қилишимга рухсат берди. Энди агентим билан гаплашиб тез орада янги жамоа билан шартнома имзолайман.
- Бу борада олдингизда қандай вариантлар турибди ва музокаралар давом этяптими?
- Ҳозирча йўқ. Тез орада янгилик бўлади, насиб қилса.
- Яна легионерга айланмоқчимисиз ё ўзимизда ўйнамоқчимисиз?
- Кўрамиз, менимча ўзимизда қолсам керак.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар