Мени ҳеч ким чақирмади, акс ҳолда жамоамни ўзгартиришимга тўғри келади - Марко Станоевич "Насаф"даги вазиятдан хайрон!
“Насаф”нинг ўтган мавсумдаги энг яхши ўйинчиларидан бири бўлган сербиялик Марко Станоевич қаерда? Чунки клуб машғулотларни бошлаган, аммо ўша легионердан ҳали ҳам дарак йўқ.
Айтиш мумкинки, Марко Суперлигамиздаги энг яхши легионерлардан бири бўла олди. Шунга қарамай, ўзидан яхши таассурот қолдирган ва ўртамиёна бўлмаган сербиялик футболчининг ҳозир жамоасиз эканлиги бироз ажабланарли. Ўз ўрнида Станоевич sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарар экан, ҳозирги вазиятга ойдинлик киритди.
- Салом Марко! Ишларингиз яхшими? Айни пайтда қаердасиз ва нималар билан бандсиз?
- Мен уйдаман. Кўп вақтимни оилам билан ўтказяпман. Кейин таклифларни кутяпман.
- Аммо сизни Ўзбекистонда кутишяпти-ку. Лекин сиз ҳали ҳам уйдасиз. Нима, “Насаф” сизга янги шартнома таклиф қилмадими?
- Бу саволингизга қандай жавоб беришни билмайман. Кетишимдан олдин “Насаф” раҳбари билан гаплашгандим. Суҳбат чоғида кейинги йилда ҳам яна клубда қолиш масаласини гаплашгандик. Аммо билишимча, “Насаф”нинг йиғини бошланган. Лекин мени ҳеч ким чақирмади. Бундан кейин, “Насаф”да тўп суришим сўроқ остида. Очиғи, саволга нима дейишни билмаяпман. Чунки клубдан ҳеч ким қўнғироқ қилмади. Бир сўз билан айтганда, кутяпман.
- Умуман айтганда, Рўзиқул Бердиев билан жамоадаги келажагингиз ҳақида гаплашдингизми?
- Албатта, Сербияга қайтишдан аввал, у билан ҳам гаплашганман. Бердиев билан қўнғироқлашиб турганимни айтишим керак. Бироқ ҳозирча мен билан боғлиқ вазият мавҳумлигича қоляпти. Ҳозирча биз учун кутиш қоляпти холос. Лекин яқин орада барчасига ойдинлик киритилса керак.
- Эшитишимча, сизга Суперлигамизнинг қатор клубларидан яхши таклифлар бор экан. Сир бўлмаса, қайси жамоалар хизматингизга қизиқиб қолган?
- Шукрки, бошқа клублардан таклифлар бор, йўқ эмас. Албатта, бу сир эмас. Чунки бундан “Насаф” раҳбари ҳам хабардор. Рўзиқул Бердиев ҳам буни яхши билади. Аммо, ҳозирча хизматимга кўз тикаётган клубларнинг номларини айтишни истамасдим. Асосийси, мен “Насаф” клубига нисбатан ҳеч қандай яширинча йўл тутмаяпман. Агар муносиб таклиф бўлса, буни кўриб чиқишга тайёрман.
- Клуб қарзларини узяптими?
- Ҳа, бизда қарзлар бор эди. Оз-оздан тўлашга ҳаракат қилишяпти.
- Демак, “Насаф”ни тарк этишингиз аниқроқми?
- “Насаф”да тузилган шартномам тугаган. Агар яна шартномани узайтиришни таклиф қилишса рози бўламан, бўлмаса жамоамни алмаштираман. Ҳаммаси қандай келишиб олишимизга боғлиқ. Акс ҳолда жамоамни ўзгартиришимга тўғри келади.
- Мендаги маълумотга қараганда, “Навбаҳор” сизга қизиқарли таклиф билан чиққан, шу ростми?
- Юқорида хизматимга кўз тикаётган клубларни санаб беришни истамаслигимни айтгандим. Айтишим жоизки, менга қизиқиш билдирганларга ўзимни қониқтирадиган шарт-шароитлар ҳақида яширмасдан айтганман. Агар бу талабларимдан келиб чиқиб қаноатлантирадиган клубдан таклиф бўлса, музокаралар столига ўтиришимиз мумкин. Яхшиси, номларини айтмай қўяверай.
- Нима деб ўйлайсиз, ўзингизни нархи баланд футболчи деб ҳисоблайсизми?
- Қизиқарли савол. Бу каби саволларни ҳамма нарсага қизиқувчи сиз журналистлар берасизлар-да. Сиз қалам аҳли вакиллари рақамларга таянган ҳолда танишишни ва ёзишни яхши кўрасизлар. Агар юқоридаги саволингизга жавоб берадиган бўлсам, менда бундай ишлар яхши амалга ошади. Мен ҳаётга реал кўз билан қарайдиган одамман, доим шундай бўлишга ҳаракат қиламан.
Фикрлар
Hokim bo‘va Nasafga etibor beriiiiiiiiiiiiiiiiiiiiiiiiiiing.