"Мени ҳеч ким ортга қайтаришга уринмади". Нега таклифларни қабул қилмаяпти? Шота Арвеладзе билан суҳбат
“Пахтакор”даги фаолияти орқали ўзидан ижобий таассурот қолдирган Шота Арвеладзени ҳали ҳеч ким унутгани йўқ. Биз бу мураббий ҳақида ортиқча таъриф бермоқчи эмасмиз.
Шундоқ ҳам Шота Юстинович ҳақида барча яхши тасаввурга эга. У “Пахтакор”да ишлаб қандай мураббийлигини кўрсата олган.
Ўзи ҳам Ўзбекистондаги фаолиятини тез-тез эслаб туради. Шу боис Арвеладзе Sports.uz сайтига интервью берди.
- Хайрли кун, Шота Юстинович, сизни фейсбук ва инстаграм орқали тез-тез турли тадбир ва саёҳатларда юрганингизни кўрамиз. Айтинг-чи, охирги пайтларда қандай ишлар билан бандсиз?
- Мен январда, агар хабарингиз бўлса, жуда мураккаб вазиятда кетишга мажбур бўлганман. Устига-устак ковид билан боғлиқ ҳолат туфайли ҳамма ер ёпиқ эди. Уйимга бордим, мени йўқлаб ота-онам, қариндош-уруғларим келишди. Табиийки, кўп вақтни оила даврасида ўтказдим. Кейин ёз келди, Грузияда 30 йил давомида бўлмагандим. Шу боис, она юртимга йўл олдим. Ҳозир эса Истанбулда яшаяпман.
- Сиз “Пахтакор” билан жуда яхши натижаларга эришгансиз. Аммо охирги пайтларда бирор-бир клубда ишламаётганингиз бизни ҳайрон қолдирмоқда. Нима, ижодий таътил олишга қарор қилдингизми?
- Менда бир қанча таклифлар бор эди. Афсуски, иш музокараларгача етиб бормади. Тўғри, музокаралар бўлмади, дея олмайман. Бироқ якунда ҳаммаси омадсиз чиқди. Биласиз, бундай жараён икки томоннинг ўзаро келишуви билан ниҳоя топади. Аммо музокара чоғида менинг шартларим уларникига, уларники эса менга тўғри келмади. Ўзим рад этган таклифлар ҳам бўлди. Ишлашга мойиллик билдиришга мажбур қилган таклифлар ҳам йўқ эмасди. Лекин, юқорида айтганимдек, якуний паллада нимадир ўхшамай қолаверди. Қабул қилишга розилик берадиган 3-4 та таклиф йўқ эмасди. Масалан, Нидерландиядан, Туркиядан, Дубайдан ва Қатардан. Хуллас, бугунги кунда мен бирор-бир жамоада ишламаяпман.
- Эшитишимизча, укангиз Арчил Тбилиси мэри лавозими учун Каладзе билан кураш олиб бормоқда экан. Нима, бундан кейин укангиз ўзини сиёсат майдонида синаб кўрмоқчими?
- Йўқ, буларнинг бари миш-миш гаплар холос. Ҳеч қандай асосга эга эмас. Танишларимиз кўп, айримлари ўзингизни сиёсатда синаб кўрмайсизми, деб айтишса, баъзилари эса бунинг аксини гапиришиб, сиёсат сизлар учун эмас, деганча маслаҳат бердилар. Дарҳақиқат, ўзимиз ҳам илгари сиёсат билан шуғулланмаганмиз. Қолаверса, бу иш билан машғул бўлишга хоҳиш йўқ. Ҳар ким ўзи биладиган иш билан машғул бўлгани маъқул. Биз футболда танилдик. Шу ўйинда ишлашда давом этамиз. Футболда ҳам кўп ишларни бажариш мумкин. Сиёсат ҳақидаги гап-сўзлар эса фақат миш-миш холос. Илгари ҳам сиёсат билан шуғулланмадикми, бундан кейин ҳам шуғулланмаймиз ва Тбилиси мэри лавозими учун ташкил этиладиган сайловда иштирок этиш ниятида эмасмиз.
- Дўстингиз Рональд Куманнинг “Барса”даги ишлари юришаётгани йўқ. Бунинг асосий сабаби Мессининг клубдан кетиши билан боғлиқми?
- Куманнинг иши юришмаётгани ва Мессининг кетиши билан боғлиқ “Барселона”даги ҳолат ўта мураккаб эканлигидан хабарим бор, албатта. Тўғри, Месси ва Мессисиз “Барселона” тамоман бошқа-бошқа клубдек таассурот қолдирмасдан қўймайди. Етакчи футболчи кетиб қолиши билан жамоадаги ички муҳит ва ўйинчилардаги руҳият ҳам шунга мос равишда яхши эмас. Устига-устак жамоанинг молиявий фронтдаги ишлари кўнгилдагидек эмаслиги ҳам Куманга ортиқча муаммо туғдирмасдан қолмаяпти. Ўйлайманки, раҳбарият Куманга муҳлат берар экан, у ихтиёридаги жамоани мураккаб вазиятдан бемалол олиб чиқиб кета олади. Нега деганда, унинг қўл остида бир қанча ёш ва иқтидорли футболчилар бор.
- Эҳтимол, Куман сизни ёрдамчиси сифатида ишлаш учун “Барса”га таклиф қилмадими?
- Куман мени таклиф қилгани йўқ.
- Сиз “Пахтакор”дан кетган бўлсангиз ҳам Суперлигада бошқа бирор-бир клуб унга муносиб рақобат кўрсата олмаяпти. Шу сабаб “Пахтакор”нинг бу мавсумда ҳам чемпионликни расмийлаштиришига ҳеч ким шубҳаланмаяпти. Нима деб ўйлайсиз, муносиб рақобатчиларнинг йўқлиги лигамиз даражаси пастлигидан далолат берадими?
- “Пахтакор” ва Суперлига масаласи билан боғлиқ саволингизга келсак, “Пахтакор”нинг барқарор даражага кўтарилиши учун қаттиқ меҳнат қилганмиз ва пойдеворни шунга мос равишда қурганмиз. Тўғри, кетганимдан бери клубда кўп нарса ўзгарган бўлиши мумкин. Бироқ тизим ўша-ўша ҳолатда ишламоқда. Ўйлайманки, клубда қолганлар ўз ишини жуда яхши бажаришмоқда. Шунинг учун “Пахтакор” жорий мавсумда ҳам чемпионга айланиши аниқ. Айтишим керакки, менга қадар ҳам менинг давримда ва мендан кейин ҳам “Пахтакор” узоқ йиллар давомида амал қилиб келган фалсафасига содиқлигича қолмоқда. Жамоанинг барқарорлиги сабаби ҳам мана шу фалсафага бориб тақалади. Агар ”Пахтакор” бундан кейин ҳам шу руҳда кетса, яқин йиллар ичида бошқа бирор-бир клуб унинг олдига туша олмаса ҳам керак. Энди Суперлигадаги бошқа иштирокчиларга келсак, ўзим ишлаган даврдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ўша кезларда бошқа иштирокчиларнинг ҳам иш юритишнинг ўзига хос тамойиллари ва фалсафаларини сезганман. Аммо уларнинг имконияти “Пахтакор”никичалик эмас. Боз устига аксарият иштирокчиларнинг молиявий аҳволи ҳам қониқарли даражада деб ўйламайман. Ўз-ўзидан бундай имкониятлар билан лиганинг байроқдори бўлиб турган клуб билан беллашиш осон эмас. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, “Пахтакор”да биз амал қилиб ишлаган тамойилларга ўхшаш жиҳатни “Насаф”да кўрдим. Бошқа жамоалардан фарқли равишда қаршиликлар клуби доим барқарор ўйин намойиш этиб келади. Шунингдек, охирги 3-4 мавсум давомида АГМК ҳам ўзидан ёмон таассурот қолдирмаяпти. У ерда мураббийнинг қўли, клуб танлаган йўл истиқболли эканлиги сезилиб турибди. Ўз ўрнида раҳбарият ҳам АГМКдан қандай натижаларни кутаётганини аниқ баён этиб, шунга мос равишда ишлаш имкониятини яратиб беряпти. Шу жамоадан ҳам кўп нарса кутиш мумкин. Асосийси, уларда молиявий масала анча яхши йўлга қўйилган. Устига-устак олмалиқликлар қандай мақсад сари интилаётганликларини яхши билишади.
- “Пахтакор” сизни яна ортга қайтармоқчи бўлди. Тошкент шаҳар ҳокими сизга бу масалада қўнғироқ қилган экан, тўғрими?
- Йўқ, бу гапларнинг ҳаммаси ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Мени ҳеч ким ортга қайтаришга уринмади. Аксинча, раҳбарият бугунги кундаги бош мураббийнинг ишини енгиллатиш учун ҳамма шароитларни муҳайё қилмоқда. Ҳозир жамоада эмасман. Мутасаддилар эса бугунги мураббийга ишонч билдиришяпти. Ўз ўрнида юқоридагиларнинг ишончи ҳар қандай мураббийнинг ишини осонлаштирмасдан қолмайди. Уларнинг ўзаро ҳамкорлигида ҳеч қандай муаммо йўқлигига аминман.
- Айтишларича, терма жамоамизда ишлаш таклифи билан сизга чиқишган экан. Бу гапларга нима дейсиз?
- Йўқ, бу ҳам рост хабар эмас. Чунки мен терма жамоангизни бошқариш борасида ҳеч қандай таклиф олмаганман. Бу саволингизга менинг лўнда жавобим шу.
- Сречко Катанец ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Катанецда турли терма жамоалар билан ишлаш борасида катта тажриба бор. Ўйлайманки, ЎФАдагилар терма жамоага бош мураббий танлаш масаласида адашмаганлар. Чунки улар Катанецнинг қандай савиядаги мураббий ҳисобланишини яхши билганлари боис шундай таклиф билан чиққанлар. Ўйлайманки, мураббий танлашда янглишмагансизлар. Унинг қўл остида терма жамоа дастлабки учрашувда қониқарсиз натижа қайд этган бўлса ҳам унинг ўйинида қандайдир ўзгариш борлиги кўзга ташланди. Ўз навбатида раҳбарият мураббий ва футболчиларга ёрдам бериб қўллашда давом этаркан, ишлар жойида бўлиши аниқ.
- Кейинчалик сизни қаерда кўришимиз мумкин: Европадами ёки Осиёда?
- Бу саволингизга аниқ жавоб беришим амримаҳол. Эртага қайси қитъада бўлишим мумкинлигини билмайман. Суҳбатимиз аввалида айтганимдек, хизматимга Европадан ва Осиёдаги клублардан таклифлар бўлганди, лекин бирорта таклифни қабул қилганим йўқ. Албатта, ўзимга қолса, Европадаги бирор-бир жиддийроқ клубда ишлашни хоҳлаган бўлардим. Ҳаммаси қандай кечишини эса олий ҳакам вақт кўрсатади. Унгача кутиб қолайлик.
- “Пахтакор”да ишлаган пайтингизда учрашувлардан қайси бири кўпроқ ёдингизда қолган?
- Биласизми, биз биргаликда хотирада анча вақт сақланиб қоладиган қатор учрашувларни ўтказганмиз. Бундай баҳслар Суперлига ва Осиё Чемпионлар лигасида кузатилган. Мисол учун ўз майдонимизда “Ал-Садд” ва “Ал-Ҳилол”га қарши кечган ўйинларни айтишим мумкин. Доҳада “Ал-Садд”га қарши беллашувни аъло даражада ўтказганимиз ёдимда. Ўшанда ҳаммамиз ўйиндан жуда катта қониқиш ҳосил қилгандик. Ўша пайтда рақиблар “Пахтакор”ни европача футбол кўрсатадиган клуб деб атагандилар. Рақибдан бундай эътирофни эшитиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Ўйинимизни кимсан “Барселона”никига ўхшашиб кетишини таққослашлари – бу жуда ёқимли бўлганди. Мен буни жуда катта мукофот деб биламан. Чунки шундай эътирофни бошқалар ҳам билдиришганди.
- Футболдан ташқари яна қандай ишлар билан шуғулланасиз, масалан, бизнес, тадбиркорлик...
- Умуман олганда, менда қандайдир катта бизнес йўқ. Оилавий бизнесимиз бор. Лекин мен унда иштирок этмайман. Шунчаки, оила бизнесига мен ўз сармоямни киритганман холос. Шуниси аниқки, менда жиддий бизнес йўқ.
- Сиз учун қайси шаҳарда яшаш қулайроқ: Тбилисидами ёки Истанбулда?
- Ҳозир оилам билан Истанбулда яшаяпман. Футбол томоша қилиш учун тез-тез стадионларга бориб тураман. Гоҳида Мадридга, имкон туғилса Тбилисига боряпман. Аммо доимий яшаш жойи биз учун ҳозирча Истанбул бўлиб қолган.
- Фақат ростини айтинг, Ўзбекистонни соғиняпсизми? Имкон туғиладиган бўлса, юртимизга қайтган бўлармидингиз?
- Бўлмасам-чи! Албатта, Ўзбекистонни соғиняпман. Ахир у ерда кўплаб дўстлар орттиришга улгургандим. Қолаверса, бир-биридан ширин таомларингизни қўмсайман. Ортга қайтган бўлармидим? Ҳозир бу саволингизга ҳа ёки йўқ дея жавоб қайтара олмайман. Бироқ, имкон туғилган заҳоти Ўзбекистонга қайтиб, дўстларим билан кўришишни хоҳлайман.
- Янги иш жойингизда ўзбек футболчиларидан кимларни кўришни истаган бўлардингиз?
- Ўзбекистонда иш бошлаган илк кунимданоқ, бу ерда иқтидорли янги авлод вакиллари етишиб чиқаётганини айтгандим. Бугунги кунда Элдор Шомуродовнинг “Рома”да ўйнаётгани ҳам ўзбек футболида мана шундай иқтидорли ижрочилар талайгина топилишининг яққол исботи бўла олади. Ёки бўлмаса Машариповни олайлик. Жалолиддин майдонга тушган пайтда бор маҳоратини ишга солиб, тўлиқ 100 фоиз куч билан ҳаракатланади. У ҳам Европага бориб, шу ерга мос бўлган даражадаги футболда ўйнаши керак. Саволингизнинг асосий моҳиятига келсак, аввало ўзимга янги иш жойи топиб олай! Шундан сўнг қўл остимда ўзбекистонлик қайси футболчиларни кўриш билан боғлиқ масала ҳақида бош қотиришим мумкин.
- “Пахтакор” мавсумдаги илк мағлубиятини мусобақа жадвалининг қуйи поғонасида бораётган “Андижон”га қарши кечган учрашувда қабул қилди. Бундай кутилмаган натижадан ҳайронмисиз?
- Футбол шундай ўйинки, ютқазмайдиган клубнинг ўзи бўлмайди. Манаман деган “Барселона” ёки “Реал”дек клублар ҳам мавсум давомида мағлубиятга учрайдилар. Узоқ давом этган мағлубиятсиз серия интиҳо топганидан фожиа ясамаслик керак.
Фикрлар