Месси, Азар, Неймар... Трансфер нархи кескин пасайган футбол юлдузлари
"Transfermarkt" портали Европа миллий чемпионатларидаги футболчиларнинг янги трансфер нархларини маълум қилди. Биз ўз қийматини йўқотган футболчилар тўғрисида сўз юритамиз. Эътиборлироқ бўлинг, бу ерда сизнинг севимли футболчингиз ҳам бўлиши мумкин.
10. Садио Мане, “Ливерпуль”
30 млн евро (150 – 120 млн евро)
Сенегаллик футболчи 2019/20 йилги мавсумни аъло даражада ўтказган эди: 47 учрашувда 22 гол ва 12 ассист. Унда нега унинг нархи бунчалик тушиб кетди? Коронавирус пандемияси аксарият соҳалар қатори футболчилар нархига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Шу йил баҳорида айнан ушбу портал томонидан футболчиларнинг 10-20% пасайган янги нархлари эълон қилинди. Шунингдек, рестартдан кейин Мане 9 та ўйинда иштирок этиб, 4 та гол ура олди, холос. Бу ҳам етмаганидек, коронавирус юқтириб олганлиги ҳам унинг оёғидан чалди.
9. Харри Кейн, “Тоттенхэм”
30 млн евро (150 – 120 млн евро)
Кейнда ҳам шунга ўхшаш вазият. Унинг трансфер баҳоси ҳам пандемия натижасида анча пастлади. Бундан ташқари, у кетма-кет жароҳатларга йўлиқиб, бир неча ойларни ўтказиб юборишга ҳам мажбур бўлди. Бироқ жорий мавсум англиялик форвард учун жуда омадли бошланганини ҳам эътироф этмасдан илож йўқ. 8 ўйинда 8 гол урган Кейн 7 бор шериклари голига ҳаммуаллифлик қилган. Шу темпни ушлаб қолишни уддаласа, Харрининг трансфер нархи тез орада кўтарилиши тайин. Бироқ ҳозирча, у баҳоси 30 млн еврога пасайган футболчилар қаторида.
8. Муҳаммад Салоҳ, “Ливерпуль”
30 млн евро (150 – 120 млн евро)
Феноменал кечган 2017/18 йилги мавсумдан кейин Салоҳ ўйинида бироз пасайиш юзага келди. Балки бу ҳимоячилар унинг ўйин услубини, қайси вазиятда қандай йўл тутишини ўрганиб олганликлари натижасидир. Ёки кетма-кет Чемпионлар Лигаси ва АПЛ бош совринларини қўлга киритган мисрлик футболчида бироз мотивация билан боғлиқ муаммолар кузатилаётгандир. Аммо шуниси аниқки, Муҳаммад ҳамон юқори даражадаги ўйинчи ва унинг маҳоратига шубҳа билан қарашнинг ўзи хато! Танганинг иккинчи томони эса, унинг трансфер қиймати 30 млн еврога камайганини кўрсатмоқда.
7. Кевин Де Брюйне, “Манчестер Сити”
30 млн евро (150 – 120 млн евро)
Унинг нархи пасайгани ҳамма учун кутилмаган ҳолат эканлиги табиий. Ўтган мавсумдаги кучли ўйинларига қарамай, бельгиялик даҳо фақатгина Англия Лига кубоги билан чекланди. Суперюлдуз учун бу етарли эмас, албатта. Шунингдек, ушбу мавсумни ҳам Кевин учун омадли бошланди, дея олмаймиз. Ортда қолган 3 ўйинда 1 гол уриб, 1 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган Де Брюйне ўз жамоасини 14-поғонадан кўтаришга уринмоқда. Балки “шаҳарликлар” яна пешқадамлар сафига қайтганида, Кевиннинг трансфер нархи ҳам кўтарилар.
6. Рахим Стерлинг, “Манчестер Сити”
32 млн евро (160 – 128 млн евро)
Стерлинг бир неча мавсумдан буён стабил ўйин намойиш этмоқда. Аммо "Transfermarkt" талқинига кўра, унинг нархи 32 млн еврога пасайди. Бунга сабаб қилиб нафақат футболчининг ўйини, балки футболчига бўлган эҳтиёж ва унинг жамоада тутган ўрни ҳам инобатга олиниши айтиб ўтилган. Аммо қуйида яна бир муаммо бизни қарши олади. Стерлингнинг нархи пасайишига эса, АПЛ ва Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсизликлар сабаб бўлди, дейишимиз мумкин. Узоқ кутилаётган Европа тахти “шаҳарликлар”га анча қимматга тушмоқда.
5. Неймар, ПСЖ
32 млн евро (160 – 128 млн евро)
Неймарнинг қадри, шу билан бирга нархи ҳам тушишда давом этмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири унинг рақобат кучли бўлмаган лигада ўйнаётганлиги. Бундан ташқари, бразилиялик юлдузнинг кўрсатаётган ўйини аввалги мавсумлардагидан ҳам бироз паст. Унга жароҳатлар, бошқа турли хил муаммолар тинмай ҳалал беришда давом этмоқда. Неймар 3 йил ичида деярли 400 кунни ўтказиб юборди. Шунчаки солиштириш учун: “Барселона”даги рақамлар бу миқдорнинг ярмига ҳам етмаган эди. Неймар олдида 2 йўл турибди: бири ПСЖни бутун Европада тенгсиз жамоага айлантириб, Парижни ёруғ юз билан тарк этади, бошқаси иложи борича тезроқ клубини алмаштириб, ўз номи учун кураш олиб боради. Франция чемпионатини ПСЖ Неймаргача ҳам ютаётган эди, бундан кейин ҳам бошқа номзод чиқиши бироз қийин масала. Парижда қолиб, Чемпионлар Лигасини юта олмаслик эса, Неймар учун энг аянчли вариант ҳисобланади.
4. Антуан Гризманн, “Барселона”
40 млн евро (120 – 80 млн евро)
Гризманн катта умидлар билан Каталонияга келган эди. Аммо жамоанинг етакчиси бошқа ва унинг “Барселона”да жуда катта роли борлиги Антуанга халал берди. Ҳар ҳолда, ҳозирча шундай дейиш учун асос етарли. Омадсиз ўтган мавсумдан кейин ўзига келиши кутилаётган француз Ла Лиганинг ортда қолган 3 учрашувида бирорта голда қатнашмади. Ўзи учун тўланган 120 млн еврони оқлашга ҳаракат қилаётган футболчига бош мураббий кейинги беллашувларда имкон беришига ҳеч ким кафолат бермайди. Ўйиндан ўйинга нималарга қодирлигини исботлаб келаётган Фати, тобора ўз даражасига қайтаётган Коутиньо каби футболчилар билан рақобатда Гризманнга осон бўлмаслиги аниқ.
3. Лионель Месси, «Барселона»
40 млн евро (140 – 100 млн евро)
Умуман олганда, Месси ёмон ҳаракат қилмаяпти. Шунчаки, ёш фактори унинг нархи пасайишида асосий роль ўйнамоқда. Лео аввалгидек рейдлар амалга оширишни бироз камайтирган, ўнинг ўрнига жамоадошларига идеал узатмалар бераётган бўлса-да, унинг трансфер қиймати 33 ёшли футболчи учун ёмон эмас. Таққослаш учун бу кўрсаткич Криштиану Роналдуда 60 млн еврони ташкил этмоқда ва у аргентиналик рақобатчисидан 2 ёшга катта, холос. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, нарх белгилашда клубнинг ушбу футболчига нечоғлик боғланиб қолганлиги ҳам инобатга олинади. Демак, “Барса” мухлислари Мессининг бу нархидан жуда хафа бўлишлари ҳам адолатдан эмас, назаримизда.
2. Кепа Аррисабалага, “Челси”
42 млн евро (60 – 18 млн евро)
“Аристократлар”нинг эрка посбони қачондир рейтингларнинг юқори поғоналарини эгаллашига чин дилдан ишонган кўринади, бизнинг рўйхатимизда унга 2-ўрин насиб қилди. Бундан ташқари, Кепа дунёнинг энг қиммат дарвозабони ҳисобланади. Аммо у ўзига билдирилган ишончни оқлаш ўрнига, катта хатоларга йўл қўймоқда. Унинг нархи ва ўйинидаги пасайиш паралелл. Бежизга лондонликлар раҳбарияти Кепа ўрнига бошқа номзод харид қилмади. 25 млн евролик Эдуар Менди 80 млнга сотиб олинган Аррисабалаганинг жойини олиб қўйиши бироз ачинарли ҳолат, албатта. Бироқ бу испаниялик посбонни ўз устида ишлашга мажбур қила олса, биз “Челси” асосий таркибида Мендини кўришга умид қиламиз.
1. Эден Азар, “Реал”
60 млн евро (120 – 60 млн евро)
Унинг ҳақиқий трансфер суммаси 150 млн евродан ҳам баланд эканлиги маълум бўлиб улгурди. Аммо ортда қолган вақт оралиғида бельгиялик футболчи бу пулларни ўндан бирини ҳам оқлай олмади, дейишга ҳақлимиз. У охирги голини 1 йилдан ҳам кўп вақт олдин киритган эди. Катта умидлар билан Мадридга олиб келинган Азар учун илк мавсум фаолияти давомидаги энг омадсизларидан бири бўлгани шубҳасиз. Қўшимчасига, унинг жароҳатлари бу мавсумда ҳам унга халал беришни бошлаб юборди. Роналду ўрнига олиб келинган футболчи дастлабки 3 та “эл-класико”ни ўтказиб юбориши “Қироллик клуби” ишқибозларига ёқмаслиги аниқ. Нархдаги камомад эса, бундан ҳам камаймаслиги учун Азар олдида узоғи 1-2 мавсум бор.
Жавоҳир Азимов тайёрлади
Фикрлар