Месси "Барселона"нинг янги раҳбариятига қандай шартлар қўймоқда?

"Барселона" ҳали ҳам ҳужумчи Лионель Месси билан амалдаги шартномани узайтириш бўйича музокараларни давом эттирмоқда.

Eurosport тарқатган хабарга қараганда, 33 ёшли аргентиналик футболчи бу борада “кўк-анор ранглилар” раҳбариятига 2 та шарт қўймоқда. Биринчидан, “Барселона” яна Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиши учун топ даражадаги футболчи сотиб олиши керак. Иккинчидан, Месси жамоа раҳбарияти Педри ва Илайш Мориба каби ёш иқтидорли футболчилар билан ҳам шартномаларни узайтиришни талаб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Мессининг “Барселона” билан амалдаги шартномаси жорий йилнинг 30 июнь куни ўз ниҳоясига етади. У жорий мавсум жами 33 та ўйинда майдонга тушди ва рақиблари дарвозасига 28 та гол уришга эришди.

Сўнгги пайтларда Мессига “Манчестер Сити” ва ПСЖ каби гранд клублари харидор бўлаётгани ҳақида жуда кўп шов-шувли хабарлар тарқалмоқда. Аммо унинг ўзи ҳозирча ушбу хабарларга муносабат билдиргани йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!