Месси ва Роналдунинг Тошкентга келиши, Россиядаги легионерларимиз ва Абрамов ўрнига Катанецнинг танлангани - Равшан Эрматов хориж нашрига катта интервью берди

Россиянинг таниқли нашрларидан бири бўлган “Спорт-Экспресс” сайти журналисти Игор Рабинер ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов билан интервью ташкил этди. Бир қанча мавзуларни ўз ичига олган ушбу суҳбатни ЎФА медиа бўлими ўзбек тилида тақдим этди. Биз суҳбатнинг энг қизиқарли жойларини эътиборингизга ҳавола қилишни мақсад қилдик.

— Бир пайтлар “ўзбек Мессиси" деб аталган, Москванинг “Локомотив”ига ўтиши атрофида жуда ғалати воқеа содир бўлган Жасур Жалолиддинов қандай?

"Жасур ҳақиқатан ҳам жуда иқтидорли футболчи, лекин, назаримда, у ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан кучли бўлиши керак эди. Россияда у ўрганиб қолган футболдан бошқача, анча қаттиқроқ ва зичроқ футбол ўйнашади. Ўтган мавсумни шу ерда, Андижонда ўтказган бўлса, ҳозир Олмаотанинг “Қайрат” клубида Қурбон Бердиев қўл остида ўйнамоқда. Мураббий унга ишонади, у ҳақида ижобий гапиради. Жалолиддинов ҳозирча ҳар доим ҳам асосийга тушавермайди. У улкан салоҳиятга эга ва фақат тўхтамасдан ишлашда давом этиши керак".

— Айтганча, ҳақиқий Месси ҳақида. У ҳам, Криштиану Роналду ҳам Тошкентга келганини ўзбек футболи музейида кўрдим. Бу қандай содир бўлди?

"Бу Ўзбекистонда футбол ташвиқоти ҳаракатлари эди. Месси, Роналду ва бошқа кўплаб жаҳон футболи юлдузлари биз билан мастер-класслар ўтказишди. Йигитларимиз уларни ўзлари каби инсон эканлигини, футболда ҳамма нарсага эришиш мумкинлигини ҳис қилишлари учун федерация бу тадбирларни ташкил қилди. Улар билан учрашувларда ёшлар жамоалари бўлди, матбуот анжуманлари ташкил этилди, академияларда юлдузлар ёш футболчиларимиз билан учрашди".

— Мен Мессининг қор билан қопланган машғулот стадионида тушган суратини кўрдим.

"Ҳа, ҳа. Ўша куни қор ёғди ва Лионель учун бу ғайриоддий эди. Аммо унга об-ҳавога мос экипировка берилди ва у футбол ўйнашга киришиб кетди".

— Ҳозирги ўзбек футболини “Бунёдкор”га Зико ва Сколари мураббийлик қилган, Ривалдо ўйнаган даврлардан фарқли ўлароқ “бой” деб бўлмайди.

"Мен бундай демаган бўлардим. Аммо пул бўлганда ҳам ундан оқилона фойдаланиш керак. Биринчидан, инфратузилмани тартибга солиш, мураббийлар малакасини ошириш, болалар футбол академияларини ривожлантиришга сармоя киритиш керак. Шунда тараққиёт бўлади, барқарорлик ва натижалар келади. Агар пул фақат катталар жамоаларига сарфланса, унда “паст”нинг ривожланиши учун маблағ етарли бўлмайди. Биз ҳамма нарсани тўғри ташкил қилишимиз керак. Шунда бир марта тасодифан қатнашиб, кейин яна 25 йил давомида ғойиб бўладиган тарзда эмас, балки энг яхши турнирларда доимий қатнашадиган ҳолатга келамиз".

— Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор учинчи саралаш босқичига ҳам чиқа олмади. Нима бўлди?

"Футбол ассоциацияси бу жуда бахтсиз ўйин учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Биз жароҳатлар ёки бошқа сабабларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин эмаслигини тушунамиз. Тан оламанки, кўп йиллардан буён шундай натижага эришмоқдамиз. Афсуски, терма жамоага ўйинчилар танлаш имконияти чекланган. Бу юқори даражадаги футболчи ва сифатли мураббийларнинг етишмаслиги, ўз навбатида, сифатли мураббийлик таълимининг йўқлиги натижасидир.

Шу боис, ҳозир Ўзбекистонда мураббийлик таълимига алоҳида эътибор қаратилмоқда, бундан ташқари, биринчи марта Ўзбекистон терма жамоалари учун ўзимизнинг “Дўстлик” марказимиз қурилади.

Ўзбекистондек давлатда терма жамоадаги ҳар бир ўрин учун камида 5-6 нафар футболчи кураш олиб бориши керак. Лекин, афсуски, футболчилар ўртасида етарлича рақобат йўқ. Шу боис, биз нафақат мураббийлар штабида ўзгаришлар қилдик, балки чуқурроқ нарсаларда – мураббийлик таълими, болалар футболи, умуман, ташкилий жиҳатдан кўп нарсани қайта кўриб чиқдик".

— Терма жамоани Вадим Абрамов ўрнига словениялик Сречко Катанец бошқарадиган бўлди. Нега айнан у?

"Биз Катанецни яхши ўргандик. У катта тажрибага эга – Словенияни Жаҳон ва Европа чемпионатларига олиб чиққан, Осиё футболини яхши биладиган, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ироқ терма жамоаларига устозлик қилган мураббий ҳисобланади. Жуда принципиал ва талабчан мутахассис. У чинакам профессионал кадрларга — ёрдамчилардан тортиб физиотерапевтларгача эга. Номзодлар кўп эди, лекин мураббийлар кенгаши унинг вариантида тўхтади".

— Абрамовга қадар терма жамоани машҳур аргентиналик Эктор Купер бошқарган. У Осиё чемпионатининг 1/8 финалига чиқди ва 2022 йилги жаҳон чемпионати саралашининг биринчи ўйинида, Ўзбекистон Фаластинда мағлуб бўлгач, ишдан бўшатилди.

"Мураббийлар кенгашимизга кўра, Купер терма жамоага қўймоқчи бўлган ўйин ўзбек футболи менталитетига тўғри келмайди. Футболчиларга унинг талабларига мослашиш қийин бўлди. Аксарият учрашувларда Купер ҳимоявий ўйнашга ҳаракат қилди. Бу жамоатчиликка ҳам, мутахассисларга ҳам, футболчиларга ҳам ёқмади. Шу боис, мураббийлар кенгаши таклифига кўра, у билан шартномани бекор қилишга қарор қилинди".

— Келинг, Шомуродовга қайтайлик.

"Европанинг кучли бешлик чемпионатларидан бирида тўп тепган биринчи футболчимиз терма жамоа ва унинг мухлисларининг умиди, у ҳар доим бизнинг қутқарувчимиз бўла олади. У мунтазам равишда терма жамоа сафида гол уради, яқинда ўтказилган “Navruz Cup”да Қирғизистон ва Угандага қарши иккита ўйинда тўртта гол урди. Мураббийлар штаби ва жамоатчилик ундан мамнун".

— “Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо “Ювентус”дан учралган мағлубиятдан кейин уни шахсан ўзи танқид қилганида хафа бўлдингизми?

"Ҳа. Мураббий ўз ўйинчиларини ошкора танқид қилиши тарафдори эмасман. Менимча, бу ички масала бўлиши керак".

— Шомуродов йўлини такрорлай оладиган ёш футболчилар борми?

"Ундайлар кўп, лекин исмларини айтмоқчи эмасман. Ҳамма мақтовни яхши кўради, лекин мақтов бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиши керак. Ҳақиқатан ҳам бирор нарсага эришганларида мақташга вақтимиз бўлади.

Менимча, ўзбек футболининг салоҳияти шундайки, бизда ўнлаб Қосимовлар, Аҳмедовлар, Шомуродовлар, Машариповлар бўлиши керак. Сўнгги йилларда эса болалар ва ёшлар билан ишлашни шундай йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмизки, беш йилдан сўнг топ лигада Ўзбекистондан кўплаб футболчиларни кўриш мумкин бўлади. Ҳозирда Элдорнинг ўзи ҳақида ҳужжатли филм суратга оляпмиз, бу кўплаб ёш футболчиларимизга илҳом бериши керак, чунки уларда баъзида ишонч йўқолади".

— Ёш иқтидор эгаларидан бири Остон Ўрунов “Спартак”да ўйнай олмади. Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

"Ўрунов ҳали ёш футболчи ва ўйлайманки, Россия чемпионати унга жангчи характерини шакллантиришга ёрдам беради. Енгил жароҳати бор кўплаб футболчилар жамоага кераклигини тушуниб, майдонни тарк этишмайди. Ўйлайманки, вақт ўтади ва Остон унга катта умид боғланганини тушунади.

Ўзбекистонлик ёш футболчиларга етишмайдиган яна бир жиҳатга тўхталиб ўтмоқчиман. Шахсан мен психологлар билан ишлашни зарур деб биламан. Жаҳон чемпионатларига тайёргарлик кўраётган ҳакамлар доимо шундай қилишади. 2010 йилда бизга Испаниядан иккита жуда малакали психолог ёрдам берди. Очилиш ўйинига тайёргарлик жараёнида улар билан ниҳоятда қизғин ишладик. Жанубий Африканинг трибуналарда ўзига хос хусусиятлари бор, вувузелаларни эсласангиз керак. Улардан шундай овоз эшитилдики, яқинлашишнинг иложи йўқ! Бир-биримизни узоқдан эшитмасдик, ҳатто телевизорда ҳам улар туфайли ўйин кўриш ноқулай эди.

Аммо улар мендан бу билан қандай курашганимни, бу менинг концентрациямга қандай халақит бермаслигини сўрашганда, мен уларни умуман эшитмаганимни бирдан англадим! Ўйиндан кейин ўзим ўйладим — буни қандай қилиш мумкин, қандай қилиб бегона шовқиндан бутунлай узилса бўлади. Жавобим — бу фақат психологларнинг хизматлари".

— Ассоциацияга, Ўзбекистон терма жамоасига психологларни жалб қилмоқчимисиз?

"Терма жамоага келсак, буни доим мураббийлар штаби ҳал қилади. Агар бош мураббий психолог зарур деб топса, қидирамиз. Ёшлар ва ёшлар даражасида ҳозир бизда психологлар ишламоқда. Яна бир нарса шундаки, малакали спорт психологлари жуда кам. Бундай мутахассис ўйинчи, ҳакам ўйин олдидан ўзини қандай ҳис қилишини, ҳаяжон қўрқувга айланиб қолмаслиги учун уни қандай енгиш кераклигини тушуниши керак. Бизда иқтидорли, аммо психологик жиҳатдан беқарор футболчилар кўп. Шунинг учун биз бу борада халқаро даражадаги турнирларда бирозгина қоқиламиз".

— 2014 йилда ўзбек анъаналарига кўра, ота-онангиз билан бирга яшаётганингизни айтган эдингиз.

"Ҳа, ҳали ҳам шундай. Ота-онамни ҳеч кимга ишонмайман. (Табассум қилади.) Бизда шундай анъана борки, ўғиллардан бири доимо улар билан яшайди, уларга ғамхўрлик қилади. Қандай қилиб алоҳида яшашни тасаввур ҳам қила олмайман".

— Сиз эса Шомуродовга ўхшаб уларга “сиз” деб мурожаат қиласизми?

"Ҳа. Бошқача бўлиши мумкин эмас".

— Кўряпманки, сиз ҳали ҳам ажойиб спорт формадасиз.

"Ҳаракат қиляпман. Ортиқча вазн деярли йўқ. Аммо доимий равишда жисмоний тарбия билан шуғулланиш мумкин эмас, вақт муаммо. Бироқ шундай бўлса-да, ҳафтасига икки марта спорт залига бораман".

— Ўзбекистонда таомлар жуда мазали ва ўз ўрнида ёғли. Шу сабабли бу ерда вазнни сақлаш айниқса қийин.

"Мен ҳакам бўлганим учун доимо овқатланишда ўзимни чеклашга ва диетологлар маслаҳатига амал қилишга ҳаракат қилдим. Чунки доимий равишда ўзбек таомларини истеъмол қилсангиз, шакл ва вазнни сақлаб бўлмайди. Шунинг учун, ҳозир ҳам ҳеч қандай қийинчиликлар йўқ. Мен режимга амал қиламан, бу ҳаёт тарзим. Лекин Ўзбекистонда гастрономия жуда мазали, бу ҳақиқат! Бу ҳақда ҳамма гапиради ва биз бундан фахрланамиз".

— Тез-тез палов еб турасизми?

"Ҳафтада бир маротаба. Лекин ҳар куни ейишни хоҳлайман — у жуда мазали!"

— Хорижлик ҳамкасбларингизни палов билан меҳмон қилганмисиз?

"Доимий! Хорижлик ҳакамлар Ўзбекистонга келиш учун навбатда туришибди!"

ЎФА матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!