Мессини тарбиялаган мураббийдан Осиё чемпионлигигача-футболнинг «қатарча» ривожланиши (Эркин Ғайбуллаев таҳлили)
У ерда Мессини кашф қилган мураббийлар ишламоқда
80-йиллар охирида Қувайт нефт капиталига суяниб СССР билан кўргазмали ўйинлар ўтказди, чўлни яшил рангга бўяб ташлади ва ҳатто Платинини ҳам қайтаришга эришди. Мишел Платинига фаолиятини қайта тиклаши учун “оғзига сиққан пул”ни тўлади ва уни ярим таймга арабга айлантириб қўйди. Ҳозирда Қувайт ФИФА рейтингида 158-ўринда бормоқда.
2019-йил январида Қатар Осиё Кубогида қитъанинг энг кучли термаларини чиқариб юборди, финалгача етиб борди ва унда кимсан Японияни 3-1 ҳисобида “ер тишлатди”.
Японларни “кучли бешлик”, “Ред Булл” ва “Галатасарой” каби Европада номи чиққан жамоалари вакиллари олға бошлаб борди. Қатар таркибида эса ҳатто Осиёда ҳам таниқли бўлмаган болакайлар жавлон урди. Уларнинг таржимайи ҳолида миллат пункти мос келмасада, муҳим жиҳат уларнинг бирлаштириб турарди: бу Aspire Academy битирувчилари эканлиги.
Қатар “хонакилаштириш”ни бошлади, аммо услубни ўзгартирди
Қатар ўтган асрнинг охиригача тилла ва марваридлар қазиб олиш ортидан кун кўрадиган камбағалларга тўла мамлакат эди. 1970-йилда мамлакат ўз мустақиллигини қўлга киритди ва нефть саноатини миллийлаштира олди. Ўтган асрнинг охиридан бошлаб фаол тарзда ривожланиб борди ва 2019-йилда жаҳонда аҳоли жон бошига ЯИМ га кўра 6-ўриндаги давлатга айланди.
Мамлакатнинг 88% меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Маҳаллий кишилар нефт экспортидан улуш олади, шу туфайли улар ёки ишламайди, ёки миллий ва шахсий бизнес-лойиҳаларда бошқарув органларида ўтиришади. Шу билан бир қаторда улар нефть ва газ умрбод эмаслигини тушунишади ва диверсификацион иқтисодни тузишади. Европалик авиакомпаниялар ва йирик шаҳарларда кўчмас мулкларни сотиб олишади, туристик инфраструктура ва металлургияни ривожлантиришади.
Қатар нефтга «қарам» бўлишни хоҳламайди
Спорт Қатарнинг машҳурлиги ва обрўсини дунёда ошириш режасига киради. 90-йиллар охиридан улар топ спортчиларга фаол тарзда паспорт тарқатиш билан шуғулланди. Гандбол бўйича турли миллат вакилларидан таркиб топган кучли терма жамоани тузди. Оғир атлетика бўйича довруғ таратди. Кениялик стайер-рекордчи Стивен Черонони “маҳаллийлаштирди”. У гарчи фаолиятини тугатганига анча бўлган бўлсада, Қатарда умрининг охиригача ҳар ой 1000 доллар олади.
Футбол дастури дарровгина умумий концепция билан мос тушмади. Бошида Қатар бир неча лотин америкаликларни “хонакилаштирди” ва ҳатто “Вердер” тўпурари Аилтонни кўндирди. Бразилиялик футболчи арабларни 1.4 миллион евро эвазига 2006-йилги Жаҳон Чемпионатига олиб чиқишга рози бўлди, аммо ФИФА фуқароликни алмаштиришни таъқиқлаб қўйди.
Ўшанда Қатар футболни ривожлантиришга бўлган услубини ўзгартирди.
Aspire уч қитъада ишламоқда ва испанча футболига урғу бермоқда
Джасим Ал Тани Қатарнинг ворис шаҳзодаси эди, аммо 2003-йилда кичик укасининг фойдасига тахтдан воз кечди. Бундай ишлардан фориғ бўлгач қудратли шайх бор эътиборини футболга қарата бошлади. 2004-йилда унинг ташаббуси билан Aspire Academy ташкил этилди.
Танқидчилар Қатар 2022-йилги Жаҳон Чемпионатига мезбонлик қилиш учунгина академияни ривожлантирмоқчи дея баҳолади. Аммо сайловларда ютиб чиққанидан кейин ҳам инвестиция ҳажми ўзгармасдан қолаверди. Джасимнинг ўйлари омадсизроқ чиқди. У кўрфаз бўйидаги чўлни рақобатбардош футбол майдонларига айлантириш эди.
Муаммо шунда эдики, қатарликлар жами 313 минг кишини ташкил қилади. Яъни Вологдадаги аҳоли сони билан тенг. Маҳаллий аҳоли эса шунчалар спортга қизиқмайдики, гастербайтерларга маҳаллий чемпионатни кузатишлари учун ҳар бир ўйинга деярли 8 доллардан пул беради.
Футболга қизиқувчилар учун эса болаликдан таъминланади ва пул топиш доимий машғулотларга эҳтиёж сезмайди.
Бундай шартларда ўйинчиларни етиштириш имконсиз, шунинг учун Джасим бошқача йўлдан борди. Мавжуд ресурслардан максимум фойдаланиш учун шайх машҳур болалар мураббийлари, физиотерапевт ва психологлардан иборат жамоа тўплади. Улар спортчиларни атлетика, қиличбозлик, стол тенниси, гимнастика ва скуaшга тайёрлай бошлашди.
Футбол йўналишини Ла Масиянинг собиқ директори ва скаути, “Барса” учун 13 ёшли Мессини кашф қилган Хосеп Коломер бошқарди. Коломер “Барса”далигидаёқ навбатдаги “Месси” Африкада пайдо бўлишига ишончи комил эди. Унинг фикри келажакдаги қидирув йўналишини белгилаб берди. Аммо академия маҳаллий йиғиндан ўз ишини бошлади.
“Биз Қатар клубларидан энг кучли ёшларни саралаб олдик ва уларни миллий терма жамоага тайёрладик” – дея хотирлайди терма бош мураббийи Феликс Санчес Бас. “Бизда клуб йўқ эди, шу туфайли дам олиш кунлари тарбияланувчилар ўз жамоалари учун ўйнашарди. Аммо устувор вазифа доим академия эди. Агар биз турнир уюштирадиган бўлсак, футболчилар ўз клубларига эмас, биз учун ўйнарди.”
Aspire – миллий лойиҳа эди, шу боис рақобат йўқ эди. Бундан ташқари клубларнинг ўзи бизга энг иқтидорлиларни таклиф қиларди. Қидирув осон эди, боиси Қатарда 16 жамоа бор ва уларнинг бари битта шаҳарда жойлашган.
Умумий методология бирданига пайдо бўлмади. Футбол бўлимида Испания, Голландия ва Германиядан мурабиййлар ишларди. Уларнинг ҳар бири ўзларига хос услубни устун қўярди. Бу “Реал Сосьедад”нинг собиқ мураббийи ва директори келгунча давом этди. У тайёргарликнинг умумий концепциясини ишлаб чиқди. У тўп назорати ва ҳужумдаги ўйинга кучли эътибор қаратадиган испанча футболга асосланди.
Скаутлар тезда уқиб олишди ва концепцияларини ўзгартиришди. 2007-йилда академия Aspire Africa лойиҳасини ишга туширди. Танқидчилар Қатар Африканинг энг иқтидорлиларини “маҳаллийштириш” режалари ҳақида гапира бошлашди. Аммо энг кучли тарбияланувчилар ўз фуқароликларини сақлаб қолди ва ҳозирда ўз терма жамоалари учун ўйнашмоқда. Коломер африкаликларни рақобатни кучайтириш ва академия ичида қаршиликни ошириш учун олиб келди. Албатта тарбияланувчилар сонини ошириш ҳам кўзланган мақсад эди.
Академия кичик шаҳарларда ва қишлоқларда минглаб мусобақаларни молиялаштирди. Африка радио ва ТВда оммавий рекламаларни ўтказди. Aspire технология етиб бормаган ва ташқи дунёдан узилиб қолган жойларгача кириб борди. У ерларда турнирларда қатнашиш учун плакатлар осиб қўйилди. Ҳатто битта мураббийни ўғирлаб кетишди ва уни саккиз соат сўроқ қилишди. Нигерия ҳукуматига лойиҳа шубҳали туюлди.
Бир йил мобайнида Aspire Марокаш, Камерун, Нигерия, Сенегал, Гана, Кения ва ЖАРда 450 минг болакайларни кўздан кечирди. Ҳар бир мамлакатдан 50 тадан одам танлаб олинди. Улар ҳафталик мусобақаларда ўйнашди ва шундан 42 таси (ҳар бир чизиқ учун учтадан) Доҳага жўнатилди.
Африкалик болалар Aspire ўйлаганидан ҳам анча иқтидорлироқ чиқишди. Аммо якунда ўртача йигирма киши стипендияга лойиқ кўрилди ва Доҳада қолдирилди. Қолганларни эса академиянинг Сенегалдаги Сали филиалига юборишди. Болалар мунтазам овқатланиш, кийим-кечак, тиббий хизмат ва таълим олишди. Ўз ватанларига бепул самолёт билетларидан ташқари ҳар ой бир неча юз доллар миқдорида “маош” бериб борилди. Йилига 5 минг доллар эса уларнинг ота-оналарига юборилди.
Ўшандан бери академия Африка, Осиё ва Лотин Америкасиниг 17 мамлакатларида 17 миллиондан ортиқ болакайларни кузатишди. Aspire нинг 40 дан ортиқ стипендиатлари ўз мамлакатларини турли ёш категорияларида ўйнашга улгурди.
Сенегал кампуси тарбияланувчилари эса 2013-йилда Месси билан танишишди. Юлдуз у ерга безгакга қарши курашиши кампаниясида иштирок этиш учун келганди. Aspire Африканинг ҳар бир жойида тиббий марказни очди ва 400 мингдан ортиқ анти-чивин ҳалтачаларини тарқатди.
Тарбияланувчиларни йўқотмаслик учун Aspire Испания ва Бельгияда клублар сотиб олди
Раҳбарият олдида янги вазифа 2010-йилда биринчи “қалдироғлар” тайёр бўлганида пайдо бўлди. Бошқа машҳур академиялардан фарқли ўлароқ Aspire нинг бирор клубга тегишлилиги йўқ. Тарбияланувчиларга бирор клубга бориш имконияти йўқ эди. Улар осонлика Қатар жамоаларига тақсимласа бўларди, аммо лига на даража, на обрў борасида ажралиб турмасди.
Хосеп Коломер ва Андрес Блейхер (ўша вақтда академия директори) да қатъий фикр туғилди: Aspire битирувчилари ўйнай оладиган Европа клубини сотиб олиш. Хўжайинлар тезда Европа Иттифоқидан бўлмаганларга чеклов қўядиган Англия, Франция, Испания ва Италия вариантларидан воз кечишди. Танлов Бельгия ва Португалия ўртасида бўлди. Бельгия бир неча фактор туфайли кўпроқ мос тушарди: аввало африкалик тарбияланувчиларга француз тилида гаплашувчи мамлакат варианти яхшироқ эди, иккинчидан Бельгия паспортини уч йилдаёқ олса бўларди.
Брюссель ёш футболчиларни қўллаши мумкин эди. Шу тариқа улар “Эйпен”да тўхталишди. Мэр ва аҳолини кўндиришди (кўпчилик маҳаллий аутсайдер клубни сотилишига қарши эди). Клубнинг 4 миллион евролик қарзларини тўлашди ва ўз ёшларини олиб келишди. Албатта норозиликсиз амалга ошди дея олмаймиз. Жамоанинг қарийб эски таркиби сотиб юборилди ва ўзиникиларга жой бўшатишди.
2015-йилда Aspire Испаниянинг “Култураль Леонесса”сини 1.7 миллион еврога сотиб олди. Аммо “Эйпен” Қатар академиясининг “чўнтак” клубилигича қолмоқда. Энг сара битирувчилар рақобатбардош бельгия футболида чиниқмоқда. Европадаги тезлик ва интенсивликка мослашиб боришмоқда. Айни вақтда академия футболчилар билан алоқаларни сақлаб қолмоқда.
Бунинг учун қатарликлар фақатгина клуб сотиб олишмаган. Таълимни тугатган барча битирувчиларга мажбуран агент бириктириб қўйилган. Ҳаммасига бир киши – Сенегал филиалининг собиқ директори Ламин Саван тайинланган. У футболчиларга эмас, Aspire га ишлайди. Маошини ҳам академиядан олади. Расман қатарликлар тарбияланувчиларининг фаолиятини назорат қилади, уларнинг трансферлари ва эҳтимолий низоларни бошқаради. Шартнома бўйича муаммолар йўқ. Боиси агент академияни ҳимоя қилади, футболчиларнимас.
Ғарб матбуоти эса бундай нарсалар учун академияга босим уюштирмоқда. 2007-йилда The Observer буни “инсонийлик ниқоби остида одам савдоси” дея ёзганди. Газетанинг тарбияланувчиларни “хонакилаштириш” шубҳалари ўзини оқламади. 2014-йилда Irish Times “Орзулар ёки эксплуатация кадемияси?” сарлавҳали мақолани нашр қилди. Зепп Блаттер ҳам Aspire дастурини эксплуатация деб атади. Аммо шахсий ташрифидан сўнг ўз сўзини қайтиб олди.
“Менинг оилам Каталониядагидек яшашмоқда” – дея тушунтиради терма жамоа мураббийи Феликс Санчес Бас. “Гарчи қатарликлар диндор бўлишсада, бошқа маданиятни ҳурмат қилишади. Маст ҳолатда автомобилни бошқаришни қаттиқ жазолашсада, ғарбликлар барчасини жуда бўрттиришади. Газеталар Қатарга қарши жуда ёмон нарсаларн ёзишади. Ҳақиқат эса ёзилганлардан анча фарқ қилади.”
Қатар Осиё Кубогини ютди, африкалик тарбияланувчилар Европада жавлон урмоқда
Февралда Aspire нинг 10 тарбияланувчиси Осиё чемпионларига айланишди. Улар орасида “Вилльяреал” вакили тезкор вингер Акрам Афиф ва турнир тўпурари Алмоэз Али бор. Финалда ўйнаган беш футболчи болалигидан Феликс Санчес Басда тарбия топган.
Феликс Aspire га 2006-йилда ўтди. Унгача Ла Масияда 10 йил ишлади. У ерда Деулофеу ва Серджи Робертони шуғуллантирди. Бас ўсмирлар билан ишлади, 2014-йилда улар билан Осиё Кубогини ютди. Феликс ўқувчилари каби академия билан бирга ривожланди.
“Бизга ўйинни назорат қилиш ёқади, аммо биз Қатар эканлигимизни тушунамиз” – дея изоҳлайди испаниялик мураббий. “Агарда биз ҳаммамиз бир хил ўйнагамизда илк босқичлардаёқ чиқиб кетган бўлардик. Ўрганишга мажбур бўлдик, ўйиннинг турли қисмидан фойдаландик”.
Шу билан бирга Aspire нинг энг кучли тарбияланувчилари Қатар учун ўйнамаслиги тилга олиш керак. 20 ёшли сенегаллик Мусса Ваге Россияда бўлиб ўтган ЖЧнинг кашфиёти бўлди. “Барса” тезкор ва кучли қанот футболчисини 5 миллион еврога сотиб олди. Генри Оньенкур учун икки йил аввал Европа топ-клубларининг ярми курашди. У айни вақтда “Тоттенхем”га тегишли ва “Галатасарой”дагидан анча кўп гол урмоқда.
***
Йигирма йил аввал Қатар Қувайт изидан борганди, аммо вақтида юлдуз-нафақахўрлар ва маъносиз кўргазмали ўйинлардан воз кечди. Оммавий хонакилаштиришдан пойдеворни мустаҳкамлашга эътиборни қаратди ва осиё футболининг етакчи кучига айланди. Ўнлаб тарбияланувчилар ўз терма жамоаларида ўйнашмоқда.
Андрей Клещенокнинг sports.ru сайтидаги мақоласидан фойдаланилди.
Фикрлар