"Металлург" бош мураббийи: "Ўйин аввалидаги режа ва тактикамиз иш берди"
Cоcа-Cоlа Суперлига 18-турида ўз уйида “Сўғдиёна”ни мағлуб етган “Металлург” клуби бош мураббийи Веско Стешевич ғалаба ҳақида ўз фикрларини билдирди.
“Ўйинни яхши бошлай олдик. Дастлабки дақиқалардаги ҳаяжонни енгиб ўтдик ва ўйинни қўлга олдик. Ўйин аввалидаги режа ва тактикамиз иш берди. Жуда муҳим ва ҳақли ғалаба. Шу билан бирга бугун бизга қаттиқ қаршилик кўрсатган “Сўғдиёна”га ҳам раҳмат. У ерда ёш ва жуда амбицияси кучли бўлган ҳамкасбим ишлаяпти. Унинг қўл остида жамоа ажойиб ўйнамоқда ва бугун очколари сонини анча кўпайтириб жадвалда юқорилаб олишди. Унга ва унинг жамоасига омад.
Иккинчи таймда ҳисобдаги устунликни сақлаб қолишни мақсад қилган ҳолда ҳаракат қилдик. Шунга қарамай, ўйинда яна гол уриш учун вазиятлар ярата олдик. Шаҳзод Убайдуллаев анча имкониятлардан фойдалана олмади. Ўйинда яхши ҳаракат қилди. Афсуски гол ура олмади. Бунинг учун бироз афсусдаман. Ўйин давомидаги фаоллиги учун рағбат бўларди.
Бугунги ўйиндаги ажойиб ҳаракатлари учун шогирдларимга раҳмат. Бугунги ўйин ва шижоат туфайли ҳимоячиларимизни танқид қилмаган бўлардим.
Нематжонов ҳозирда жаҳон чемпионатида орттириб олган жароҳатидан қутулмаган. Кейинги йиғинимизда унинг ҳолатини билиб оламиз. Жамоамиз прогрессив ҳаракат қилмоқда. Жамоа навбатдаги ўйинларини уйда ўйнамайди. Аммо мухлисларимиз бизни қаерда ўйнасак ҳам, ёлғизлатиб қўйишмаслигига ишонаман, бизга бу жуда муҳим”, - дейди Стешевич.
Фикрлар