"Металлург" футболчиси: "Сардорлик боғичида майдонга тушишим хаёлимга келмаганди"

Туркия йиғинидаги назорат учрашувларидан иккитасида “Металлург”ни майдонга сардор сифатида Аброр Тошқўзиев бошлаб тушди. Бу эса бизнинг у билан мусоҳаба олиб боришимизга туртки бўлди.

-  Аброр сардорлик боғичи муборак! Янги вазифада ўзингизни майдонда қандай ҳис этяпсиз?

-  Тўғриси, сардорлик боғичида жамоадошларимни майдонга бошлаб тушиш хаёлимга келмаганди. Анталиядаги биринчи назорат учрашуви арафасида мураббийларимиз учрашувга сардорлик боғичида тушасан, деганида роса ҳаяжонландим. Зеро, сардорликни юки, масъулияти енгилмас. Майдонда жамоадошларга ҳар томонлама ўрнак бўлиш, уларни зарур пайтда ортдан эргаштира олиш лозим. Жамоамизда эса мендан анча тажрибали, ёши катта ўйинчилар бор. Шу сабабли аввалига ўзимга келолмадим. Иккинчи ўйиндан эътиборан эса бироз кўникдим. Ўтган мавсумдаги сардорларимиздан Забихилло Ўринбоев айни пайтда даволаниш курсини ўтаяпти. Яна бир сардоримиз Акмал ака Ортиқов майдонга тушмаган баҳсларда мураббийлар штабимиз мени назорат учрашувлари бўлганлиги боис бу вазифада синаб кўришга қарор қилишган, шекилли.

аброр тошкузиев

-  "Металлург" Анталиядаги учта назорат учрашувининг биринчисида мағлубиятга учради. Кейинги иккитасида эса ғалаба қозона туриб, якунда дурангга имзо чекдик...

-  Янги мавсумга тайёргарлик жараёнида ўйин амалиётида муаммолар бўлиши табиий. Бунинг устида жамоамиз таркибида ўзгаришлар сезиларли даражада катта бўлди. Ўтган йилги асосий таркибнинг бир қатор ўйинчилари билан хайрлашдик. Уларнинг ўрнига янги ўйинчилар сафимизга келиб қўшилди. Ўйинимизни шакллантириб олишимиз учун вақт керак. Насиб бўлса, чемпионатнинг биринчи турига қадар ҳаммаси ўз изига тушиб кетади, деб ўйлайман.

-  Бу йилги йиғинда ёшлар ҳам анчагина...

-  Бу бежиз эмас. Ўтган мавсум академиямиз тарбияланувчиларидан ташкил топган 19 ёшли ўсмирларимиз Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиқишди. Шу боисдан ҳам клуб раҳбарияти Туркия йиғинига ёшлар жамоасининг бир қатор умидли ўйинчиларини жалб этган. Асосий таркиб аъзолари билан шуғулланиш ёшларимизга маҳорати ошириш борасида жуда асқотади.

аброр тошкузиев1

-  Бу йилги мавсумдан нималарни кутаяпсиз?

-  Биринчи йиғин пайтида клуб раҳбарияти мураббийлар штаби ҳамда ўйинчилар билан учрашиб, йиғилиш ўтказди ва жамоа олдига аниқ вазифалар қўйилди. Хусусан, жамоамиз етакчилар сафидан жой олиши ва кейинги йилларда совринли ўринлар учун курашадиган кучли жамоага айланиши керак. Мавсумни муваффақиятли бошлаб олсак, йигитларда ўз кучларига ишонч ошса, бажариб бўлмайдиган вазифанинг ўзи йўқ. Клуб раҳбариятининг ишончини оқлашга кучимиз ва салоҳиятимиз етади, деб ўйлайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!