“Металлург”: Жорий мавсумда нималар амалга оширилди ва янги мавсумга қандай режалар қўйилди?

Декабрь ойининг дастлабки кунидан эътиборан “Металлург” футболчилари ва мураббийлари 2018 йил ҳисобидан таътилга чиқиб кетишди. Бугун эса Бекободда “Металлург” футбол клуби раҳбариятининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2018 йилда амалга оширилган ишлар ва 2019 йил режалари кўриб чиқилди.

2018 йилги мамлакат миллий чемпионати – Pepsi Суперлигасига тайёргарлик кўриш, юқори савияда иштирок этишни таъминлаш мақсадида мавсум давомида “Металлург” ПФК томонидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси мусобақаларни ўтказиш Регламенти талаблари асосида биринчи навбатда “Металлург” марказий стадионини чемпионат ўйинларига муносиб тарзда тайёрлаш вазифасига жиддий эътибор қаратилди. Стадион ўриндиқлари, футболчиларнинг кийиниш, ювиниш хоналари, ҳакамлар хонаси, назоратчи ҳакам, комиссар хоналари жорий ва капитал таъмирдан чиқарилди. 2018 йилги мавсумда VIP ва CIP трибуналари қуриб фойдаланишга топширилди. Стадионга мухлисларни жалб этиш, уларга керакли қулайликлар, шарт-шароитларни яратиб бериш борасида ҳам ЎФА вакиллари билан ҳамкорликда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди.

46-сонли буйруқ асосида “Металлург” футбол клубининг 2018 йилги мавсумда иштирок этиши бўйича харажатлар сметаси тасдиқланди.

“Металлург” марказий стадиони жорий ва капитал таъмирдан чиқарилди. Ҳакамлар, назоратчи ҳакам, комиссар хоналари, футболчиларнинг кийиниш, ювиниш хоналари мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

Бекобод шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуаси футзал бўйича мамлакат миллий чемпионати мусобақаларни ўтказиш Регламенти талаблари асосида тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Кийиниш, ювиниш хоналари керакли жиҳозлар билан таъминланди.

Нуфузли меҳмонлар учун, рақиб жамоа раҳбарлари учун 25 ўриндиқли VIP ложалари барпо этилди ва керакли жиҳозлар билан таъминланди.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун 40 ўриндиқли қўшимча махсус ойнаванд иншоот қуриб фойдаланишга топширилди. Керакли жиҳозлар билан таъминланди.

Назоратчи ҳакам ва комиссар учун алоҳида хона қурилди ва керакли жиҳозлар билан таъминланди.

Телевидение ва радио шарҳловчилари учун алоҳида майдоннинг барча ҳудуди яққол кўриниб турадиган ойнаванд комментатор хонаси фойдаланишга топширилди ва керакли жиҳозлар билан таъминланди.

“Металлург” марказий стадионининг ҳакамлар, назоратчи ҳакам, VIP ложаси, ОАВ ходимлари хонаси Wi-Fi интернет тизими билан таъминланди.

“Металлург” марказий стадионида мезбон ва меҳмон жамоалар заҳира ўйинчилари ҳамда мураббийлари ўриндиқлари Регламент асосида янгидан барпо этилди.

“Металлург” футбол клубини қўллаб қувватловчи фан-клуб аъзоларининг мавсум олди йиғилиши ташкил этилди. Фан клуб аъзоларига махсус кийимлар, клуб атрибутикалари (шарф, бош кийим, футболкалар) тарқатилди. Барабан, байроқлар билан таъминланди.

“Металлург” ёшлар жамоаси, “Металлург-вумен” аёллар жамоаси, “Металлург” футбол клуби тайёрлов гуруҳлари жамоаларининг Ўзбекистон чемпионати, биринчиликларидаги иштирокини таъминлаш мақсадида “Металлург” стадиони (собиқ А.Анохин номидаги) жорий таъмирдан чиқарилди ва фойдаланишга топширилди.

“Металлург” марказий стадионига мухлислар киришини тартибга солиш мақсадида турникетлар ўрнатилди ва турли об-ҳаво шароитида мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида кириш йўлаги усти ёпилди. Шунингдек, стадион ҳудудининг бир неча нуқталарига хавфсизлик камералари ўрнатилди.

Стадионга томошабинлар ташрифини ошириш мақсадида Бекобод шаҳри, Бекобод тумани ҳокимилиги билан корхона, ташкилотларга хатлар ташкил этилди, “Ўзбекистон” металлургия комбинати ишчилари учун йиллик абономентлар ишлаб чиқилди, Ёшлар Иттифоқи кўмагида туман ва шаҳар коллежларида таҳсил олувчи талабаларнинг стадионга бепул кириши бўйича келишувга эришилди.

2018 йилги мавсум давомида “Металлург” стадионига мухлисларни жалб этиш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон XVII миллий чемпионатининг очилиш маросимига тайёргарлик кўрилди. “Зиёда” тўйхонасида футбол ишқибозлари ҳамда фахрийлари учун 1000 кишилик байрам дастурхони тузатилди, мухлисларга 100 кг ош тарқатилди. “Ўзбекистон” металлургия комбинати маданият саройи эстрада хонандалари, рақс дасталаридан тортиб мамлакатимизнинг машҳур дасталаригача мавсум давомида бекободлик мухлислар хизматида бўлди. Жумладан, ВИА “Мароқанд”, “Уммон” гуруҳлари, металлурглар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда эса замонамизнинг энг таниқли эстрада юлдузларининг Бекободга келиши маҳаллий аҳоли томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинди.

Натижада бу йил рекорд миқдирида ишқибозлар ташрифи кузатилди. Жумладан, XVII миллий чемпионатнинг Бекобод шаҳридаги Pepsi Суперлига учрашувларини 98556 нафар ишқибоз бевосита стадионда туриб кузатиб борди. Бу аввалги йилларга нисбатан 3-4 баробар кўп томошабин келганлигини англатади. Металлурглар шаҳри – Бекободда жами 90 мингдан зиёдроқ аҳоли истиқомат қилишини инобатга оладиган бўлсак уларнинг тенг ярмини хотин-қизлар ташкил этади. 45 минг аҳолининг эса ярмидан кўпроғи болалар ва қариялардир. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар бир ўйинга 7-10 минг атрофида томошабинларнинг “Металлург” иштирокидаги ўйинларига келиши Бекобод шаҳри учун 90-100 фоизлик ташриф сифатида баҳоланиши лозим.

“Металлург” футбол клуби қошида 2016 йилдан “Металлург тарихи” музейи фаолият юритиб келади. 2018 йилги мавсум мобайнида деярли ҳар ҳафтада 2-3 мартадан музейга томошабинларнинг ташрифи уюштириб турилди. Улар орасида футбол клуби тарбияланувчиларининг жамоавий экскурсиялари алоҳида ўрин тутади. Бундан ташқари бошқа вилоятлар, қўшни Тожикистон Республикасидан ҳам мухлислар ва меҳмонларнинг стадионга, музейга экскурсиялари бир неча марта кузатилди.

Айни пайтда таъкидлаб ўтганимиздек жамоа футболчилари ва мураббийлари таътилга чиқарилди. Ўз ўрнида “Металлург” ПФК футболчилар ва мураббийлари билан ойлик маошлари ҳамда мукофот пуллари борасида тўлиқ ҳисоб китоб қилганлигини таъкидламоқчимиз. Молиявий жиҳатдан клуб қарздорликка эга эмас. Янги мавсумга тайёргарлик жараёни шу йилнинг декабрь ойи охирги ўн кунлигида бошланади. Жамоамизга оид энг сўнгги янгиликларни расмий ижтимоий каналларимиз орқали кузатиб борсангиз маълумотларга эга бўласиз.

"Металлург" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!