"Металлург" "Локомотив"га қарши ўйин олдидан йўқотишларга учради

Pepsi Суперлига 12-турида “Навбаҳор” жамоасига қарши сафар учрашувидан (0:3) кейин “Металлург” ўйинчиларига икки кунлик таътил берилган эди. Жума кунидан эътиборан “Металлург” футболчилари Қибрай ўқув-машғулот масканида Pepsi Суперлигасининг 13-турига тайёргарликни бошлаб юборишди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бекободликларнинг навбатдаги рақиби Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони, пойтахтнинг “Локомотив” жамоаси саналади. "Темирйўлчилар" билан биринчи даврадаги сафар учрашувида дуранг натижа қайд этилган эди. 

Хабарда айтилишича, "Металлург" таркибида йўқотишлар бор. Сариқ карточкалар тўпланиб қолганлиги боис ҳимоячи Аббосжон Отахонов бу турни ўтказиб юборади.

Шунингдек, Аброр Ҳусинов, Жасур Ҳасанов, Жавоҳир Соҳибов, Шерзод Файзиевларда жароҳат борлигидан хабардорсиз. Кеча Қибрай ўқув-машғулот масканида бу ўйинчилар индивидуал шуғулланишни бошлашди.

Эслатиб ўтамиз, “Металлург”нинг “Локомотив”га қарши учрашуви 26 май санасида, соат 19:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!