"Металлург" мазкур ойда Про-лигага тушиб кетган жамоаларга қарши баҳс олиб боради

Янги йил муносабати билан байрам таътилига чиққан Бекободнинг “Металлург” жамоаси келаётган ҳафтанинг илк кунидан навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини бошлайди. Иккинчи йиғин ҳам жамоанинг Бекобод шаҳридаги қароргоҳида ҳамда “Металлург” стадионида олиб борилиши режалаштирилган.

Душанба куни клуб ихтиёрига испаниялик мураббийлар ҳамда хорижлик легионер футболчилари келиб қўшилиши кутилаяпти. Луисма Эрнандес бошчилигидаги мураббийлар штаби Испаниядан, Йосович, Стаменкович ҳамда Обрадовичлар эса Сербиядан учиб келишади.

Иккинчи йиғин 29 январь санасигача давом этиши белгиланган. Йиғин давомида футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини маромига етказиш баробарида спарринг рақиблар билан назорат учрашувлари ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Жумладан, 19 январь куни Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси билан, 25 январда эса Самарқанднинг “Динамо” жамоаси билан куч синашишга келишиб олинган. Мазкур учрашувларнинг бўлиб ўтадиган вақти ва манзили яқин кунлар ичида ойдинлашади.

 

Манба: "Металлург" ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!