"Металлург" ўртоқлик учрашувида "Жетису"ни таслим қилди

Туркиянинг Анталия шаҳрида қишки йиғинни давом эттираётган Бекободнинг “Металлург” жамоаси бу сафар Қозоғистон Премьер лигаси вакили – Толдиқўрғоннинг “Жетису” жамоасига қарши тўртинчи назорат учрашувини ўтказди ва иродали ғалабани қўлга киритди.

Ўйин бекободликлар учун ўта омадсиз бошланди. Толдиқўрғонликларнинг биринчи ҳужумиёқ дарвозанинг ишғол этилиши билан якунланди. Ўнг қанотдан жарима майдонига узатиб берилган тўпни ҳимоячимиз ёпа олмади ва “Жетису”нинг қанот ҳужумчиси ортиқча қийинчиликсиз дарвозани нишонга олди.

Ўтказиб юборилган голдан “Металлург” футболчилари тушкунликка тушишмади. Аксинча тўп назоратини тўлиқ ўз қўлига олган Веско Стешевич шогирдлари шимолликлар дарвозаси ёнида кетма кет хавфли вазиятларни содир этишди. Шундай ҳужумлардан бирида “Жетису” ҳимоячиси ўз жарима майдончаси ичида тўпга қўли билан ўйнади. Пенальтини Бобан Жоржевич аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

Танаффусдан сўнг ҳам ўйин сценарийси ўзгармади. Ташаббус тўлиқ Тошкент вилояти вакиллари томонида бўлди. 64-дақиқага келганда “Металлург” ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ўнг қанотдан тўпни Шаҳзодбек Ғофурбеков жарима майдони ичига етказиб берди. Бобан Жоржевичнинг зарбасини қозоғистонликлар қайтаришгандек эди. Аммо жарима майдони ичида пайдо бўлган Сирожиддин Қўзиев тўпни дарвоза тўрига тўғрилаб қўйди – 2:1. Шу тариқа “Металлург” Туркия сафаридаги биринчи ғалабасини тантана қилди.

Энди "Металлург" аъзолари Анталиядан Белек шаҳрига кўчади. Бу ерда ҳам бекободликлар кундалик машғулотлардан ташқари назорат ўйинларида майдонга чиқишни режалаштиришган.

Назорат учрашуви
“Металлург” (Бекобод) – “Жетису” (Толдиқўрғон) – 2:1 (1:1). 10 февраль 2024 йил. Анталия. “Нирвано Космополитан” спорт мажмуаси футбол майдони.
Голлар: Бобан Жоржевич (25-п), Сирожиддин Қўзиев (64)
“Металлург”: Акмал Ортиқов, Эргаш Исмоилов, Ризо Яздандўст, Даврон Эргашев, Шаҳзодбек Ғофурбеков, Худойшукур Сатторов, Сардор Абдураимов, Сирожиддин Қўзиев, Марко Миличкович, Далер Шарипов, Бобан Жоржевич.

"Металлург" матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!