"Металлург" собиқ футболчисини қайтарди
Катта футболдаги фаолиятининг дастлабки йилларини Бекободнинг “Металлург” жамоасида ўтказган универсал ҳимоячи Мирғиёс Сулаймонов олти йиллик танаффусдан сўнг яна қадрдон жамоасига қайтди.
2011 йили Навоийнинг “Қизилқум” жамоасида профессионал фаолиятини бошлаган Мирғиёс тез орада “Металлург” мураббийлари назарига тушди ва кейинги мавсумдаёқ Бекобод клубига таклиф этилди. “Металлург”да Сулаймонов 2012-2017 йиллар мобайнида, қаторасига олти мавсум тўп сурди. Бекободликлар шарафини 216 учрашувда ҳимоя қилди, рақиблари дарвозасига 3 та гол киритди. 2018 йилдан эса Суперлиганинг бошқа клублари – “Бунёдкор”, “Олмалиқ”, “Динамо” жамоаларида ўйнаб келди.
33 ёшли тажрибали ҳимоячи Мирғиёс Сулаймонов мамлакат миллий чемпионатларида шу кунгача 213 та учрашувда майдонга чиққан. 4 та гол киритган. 37 марта сариқ карточка билан жазоланган.
"Металлург" матбуот хизмати.
Фикрлар