“Металлург” янги мавсумга тайёргарликни бошлади

Мамлакат Суперлигасида кетма-кет икки мавсум бешинчи ўринни эгаллаган Бекободнинг “Металлург” жамоаси 2020 йилги чемпионатга тайёргарликнинг биринчи қисмини бошлади. Жамоа аъзолари кеча тўпланишган бўлишса, бугундан барча футболчилар тиббий кўрикдан ўтишди. Шу билан бирга ҳар куни бир маҳалдан жисмоний ҳолатни тиклаш мақсадида енгил машғулотлар ўтказилаётганлигини айтиб ўтиш лозим.

Янги мавсумга тайёргарлик жараёнида жамоа ўқув-машғулот машқлари билан бир қаторда кўрик назорат учрашувларини ҳам ўтказади. Жамоада бир қатор янги футболчилар кўрикдан ўтаётганлигини ҳам айтиб ўтиш лозим. Улардан кимлар билан шартнома имзоланганлиги ҳақидаги маълумотни тез орада ўқувчиларимизга етказамиз.

Ўз навбатида “Металлург”ни тарк этганлар ҳам йўқ эмас. Клуб раҳбарияти жамоа билан расман хайрлашган Исломбек Исоқжонов, Шавкат Муллажонов, Баҳодир Пардаев, Зафар Сафаев ҳамда Дониёр Усмоновларга “Металлург” сафида ўтказган самарали фаолияти, меҳнатлари учун миннатдорлик билдирди ва уларнинг келгуси фаолиятида омад ёр бўлишини тилади.

Манба: "Металлург" телеграм расмий канали

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!