"Металлург"нинг охирги дақиқада ғалабани қўлдан чиқарган ўйинига Илҳом Мўминжонов нима дейди?

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Про лиганинг 6-тури доирасида "Металлург" - "Олимпик Мобиуз" учрашуви бўлиб ўтди.

Хабарингиз бор, Бекободнинг "Металлург" клуби Суперлигага чиқиш учун асосий даъвогарлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Лекин "Олимпик Мобиуз"га қарши учрашувда майдон эгалари очко йўқотди. Ушбу учрашувда 1:1 натижаси қайд этилди.

Аслида "Металлург" Азим Аҳмедовнинг 48-дақиқада пенальтидан киритган голи эвазига ғалабага яқин келишаётганди. Бироқ 90+3-дақиқада рақиб ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди ва натижада "Металлург" тайёр ғалабадан қуруқ қолди.  

Ўйин якунлангач, бекободликлар устози Илҳом Мўминжонов ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

“Қизиқарли ўйин гувоҳи бўлдик. "Олимпик Мобиуз" бир неча мавсумдан буён шаклланиб келаётган яхши жамоа. Ғалаба учун майдонга тушгандик, аммо сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбордик — бу футбол. 

Йигитларга ўйин учун миннатдорчилик билдираман. Онлайн жадвалда 14 очко билан пешқадамликни сақлаб турибмиз. Бугунги ўйиндаги хатолар устида ишлаб, кейинги ўйинга эътибор қаратишимиз керак. Сафарда “Жайҳун” клуби билан ўйнаймиз. 

Максвел жароҳат орттириб олди. Шу боис уни қайта алиштиришга тўғри келди. 

Умуман олганда, шогирдларимнинг ҳаракатидан мамнунман. Аввал айтганимдек асосий мақсад — Суперлига йўлланмаси. Шундай бўлса-да, Кубок баҳсларида ҳам қайси босқич учрашуви бўлмасин, майдонга ғалаба учун тушамиз".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!