"Милан" нима учун "Интер"га ютқазиб қўйганини биласизми? (Таҳлилий мақола)

Бироз аввал Европа чемпионлар лигаси ярим финалидан ўрин олган "Милан" - "Интер" баҳси бўлиб ўтди. Учрашув ҳақида айтиш мумкин бўлган барча фикрларни Италия футболи бўйича мутахассис Шоҳрух Зоиров битта жойга жамлашга қарор қилди. Қолиб кетганларини изоҳларда сиз қўшиб қўйишингиз мумкин. Демак, бошладик! 

IMG_20230511_015915_285

Леаунинг йўқлиги

"Милан" учун жиддий йўқотиш, шубҳасиз. Бундай бўлиши баҳс олдидан ҳам кутилганди, беллашув старт олгач фикрлар тўлақонли исботини топди. "Интер" мудофаасини ёриб ўтиш учун "россонерилар"га айнан Леаудек футболчи етишмади. Салемакерс, Диас, Мессиас каби йигитларга кўк-қора либосдаги "жангчилар" имкон беришмади.

Рафанинг "Милан"га ўта муҳим экани минусга ишлаши мана шундай муҳим ўйинда кўриниб қолди.Тўғри, у билан Пиоли шогирдлари чемпион бўлган "Наполи"ни янчиб ташлаши мумкин. Бироқ усиз "Милан" тамоман бошқа жамоага айланиб қолиши ҳам айни ҳақиқат! 

IMG_20230511_015817_211

Тезкор голлар

"Милан" учун омаднинг қўлдан кетиши айнан тезкор голлар орқали маълум бўлганди. 3 дақиқада 2 гол ўтказиб юборган "қизил-қоралар" вазиятни ўнглаш учун тайинли йўл топа билмади. Клуб рақиб дарвозасига илк аниқ зарбасини 81-дақиқада йўллади. Ачинарли ҳолат, шундай эмасми? 

Голлардан руҳланган "Интер" ишончли ҳаракат қилишда давом этди. Шунингдек, Индзаги жамоаси ўз мудофаа чизиғида ҳамшаҳарларини бутунлай зарарсизлантириб қўя олди. Марказ ва қанотдан кириб бориш йўлини топа олмаган "Милан" футболчилари "инглизча футбол"га ўтиб олишди. Тўпни қанотлардан рақиб жарима майдонига узатиб бериб, Жирунинг иккинчи қаватдаги устунлигидан фойдаланишга ҳаракат қилинди. Аммо бу танлов ҳам самара келтирмади. 

IMG_20230511_020008_377

Беннасернинг жароҳати

Кўпчилик эътибор бермаган яна бир фактор. 18-дақиқада жазоирлик ярим ҳимоячи Исмаель Беннасер жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Боғламларда фаол иштирок этадиган футболчи ўрнига вингер Жуниор Мессиас майдонга туширилди. Шу тариқа, марказ "нерадзуррилар" қўлига беихтиёр топшириб қўйилди. Барелла-Чалханоғлу-Мхитарьян триоси Тонали-Крунич дуэтини "ишдан чиқариб ташлади". 

Крунич аслида ҳужумчи ортида ҳаракат қиларди. Аммо Беннасер кетгач, унинг зонасини ёпиш учун Раде ортга тортилди. Ўзи учун ноқулай бўлган позицияда босниялик чарм тўп устаси мукаммал ўйин намойиш эта олмади. Шунингдек, у беллашувда энг паст баллга лойиқ кўрилганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. 

IMG_20230511_032639_253

Ким нимада кучли ёки кучсизлик қилди? 

Тан олиш керак, "Интер" дастлабки 45 дақиқаликни мукаммалга яқин ўтказди. Имкониятлардан максимал фойдаланди, рақибнинг ўйини чиқишига йўл қўймади, майдонда ҳамма жараённи ўз назорати остида ушлаб турди. Бироқ "илонлар" қанотда қийинчиликларга дуч келиши мумкинлиги кўриниб қолди. Айниқса, кейинги учрашувда Леау қайтадиган бўлса, Тео ва Леау "Интер"даги йигитларни анча тер тўкишга мажбур қилади. 

Юқорида "Интер"нинг ярим ҳимояда ажойиб ҳаракат қилганини айтиб ўтдик. Аслида, бунга рақибнинг ресурслардаги муаммоларигина эмас, балки Индзаги шогирдларининг тактик ишланмаларни яхши ўзлаштиргани ҳам сабаб бўлди. Барелла ҳужумни тўхтатиш ва жамоаси учун ҳужум бошлаб беришда яхши ўйнади. Мхитарьян рақибларни чалғитиш билан машғул бўлган эрса, Чалханоғлу "Интер"нинг ўйинига "ранг қўшувчи креатор" вазифасини аъло даражада бажариб берди. Бу триога қарши "Милан"нинг ожизлашган маркази ҳеч қанақасига муносиб қаршилик кўрсата олмади. 

IMG_20230511_032607_337

Жавоб ўйини олдидан "Интер"да яққол устунлик бўлмайди. Сабаби... 

0:2 ҳисоби "Милан" учун яхши натижа. Ғалати эшитилди-а?! Ҳа, ростан шундай. Боиси, таблодаги "россонерилар"га қарши тарафда бунданда каттароқ рақамни кўришимиз ҳам мумкин эди. Жавоб учрашувига қадар йўқотишлар ўрнини тиклаган Пиоли ўзгача "Милан" билан қайтишини инобатга олсак, "Интер"да жуда катта устунлик бор, дея олмаймиз. Шунга қарамай, тан олиш керак, "нерадзуррилар" ярим финалдаги 4 клуб ичида финалга энг яқин турган жамоа ҳисобланади. Бу ФАКТ!

IMG_20230511_033042_898

Нега "Интер" либосида ҳомий номи келтирилмаган?

Ҳа, қисқача маълумот бериш керак бўлган яна бир жиҳат. "Интер" ҳаракат қилган либос олдида ҳомий номи йўқ эди. Бу қанақадир ПР ёки алоҳида бошқа нарса эмас. Шунчаки жамоанинг аввалги ҳомий ("digitalbits") билан шартномаси бекор қилинган, янгиси билан эса ҳали келишув амалга оширилмаган. Бор гап шу!

Томонлар ўртасидаги жавоб ўйини 16 дан 17 майга ўтар кечаси 00:00 да старт олади. Яна бир шиддатли дерби бизни кутиб турганига асло шубҳа йўқ!

 

Шоҳрух Зоиров мақоласи. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Xursand
11/05/2023 17:00
Интер финалда.