Миллатлар Лигаси. Англия ва Бельгия иштирокидаги учрашувлар учун превью

Миллатлар Лигаси А дивизионининг 2-гуруҳида амалда кўп нарса ҳал қилиб бўлинган. Гуруҳ ғолиблиги масаласи Брюсселда ҳал қилинади. Фаворит Бельгия плей-офф масаласини ҳал қилиш учун Данияга мағлуб бўлмаса бўлгани. 

“Қизил иблислар”га қарши ўзаро беллашувда барчасини бой бериб улгурган Англия ҳали бирорта ҳам очко олмаган Исландия билан 90 дақиқа ўтказиб қўяди. Ушбу баҳсда Гарет Саутгейт анча тежамкор футбол кўрсатиши табиий. 

Кеча якунига етган бошқа гуруҳлардаги 6-тур учрашувлари анча шиддатли ва голларга бой тарзда ўтди. Очколар ҳисобига кўра, ортда қолган ҳолда етиб келган Испания ўз уйида пешқадам Германияга жавобсиз 6 та гол киритди. Франция гуруҳ босқичини мағлубиятсиз ва қарийб максимал натижа билан якунлади. Ўйинни шиддат билан бошлаган Швеция якунда кетма-кет жавоб қайтара олди. Португалия ва Хорватия иштирокидаги амалда ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган тўқнашув ҳақиқий драмага айланиб кетди. 

Демакки, бугунги беллашувлардан ҳам очиқ курашларга бой ўйин кутишга ҳақлимиз. 

jadwal-pertandingan-uefa-nations-league-rabu-18112020-orv

Англия - Исландия

Англия

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Гарет Саутгейт “тоғликлар”га қарши беллашувда етакчиларини асрашга уруниши аниқ. Сабаби, кучсиз рақибга қарши бу қадар интригасиз ўйинда футболчиларнинг жароҳат олиши ҳеч кимга керак эмас. 

Ҳар қандай ҳолатда ҳам инглизларнинг 3-поғонани банд этиши аниқ бўлиб улгурган. 

Аммо биз ушбу беллашувда бир қатор ёш футболчиларнинг порлашига гувоҳ бўлишимиз мумкин. 

Исландия сўнгги пайтарда анча ёпиқ футбол намойиш этмоқда. Шу жиҳатдан, биринчи даврадаги баҳсда “уч шерлар”га анча қийин бўлганди. 

“ЕВРО-2020” саралашида 8 та ўйинда 37 та гол урган Англия Миллатлар Лигасида ўзига ўхшамади. 

Тахминий таркиб: Хендерсон, Уокер, Магуайр, Мингс, Триппьер, Райс, Уинкс, Сака, Санчо, Кейн, Грилиш. 

Гарет Саутгейт: “Тахминимча, Ирландия ва Бельгияга қарши беллашувларда бизни кузатиш анча қизиқ бўлди. Ҳозирда жамоамиз мураббийлар штабининг эътибори ўз футболимизни ривожлантириш ва ўйин томонлама кучайишга қаратилган. Натижа ҳақида эса кейинроқ қайғурамиз. Бизнинг ўз йўлимиз бор. Ҳар бир жамоада кучли ва кучсиз жиҳатлар бўлади. Ўз устингизда ишлаш орқали барчасини ривожлантириш мумкин. Ўйлашимча, биз мослашувчан эканлигимизни кўрсата олдик. Турли тактик услубларда, позицияларимизни алмашиб ҳаракат қила олишимиз мумкинлигини исбот қилдик. Мартгача биз барча жиҳатдан таркибимизни синовдан ўтказиб олишимиз муҳим”. 

EnD7aOHXUAgvNSs

Исландия

4 йил аввал қитъа биринчилигида барчамизни ҳайратда қолдирган, “викинг клаб”ни бутун футбол оламига кенг ёйилишига сабаб бўлган ва қайсидир маънода ўз футбол брендига эга жамоа сифатида ёдимизда қолган Исландия жорий мавсум Миллатлар Лигаси А дивизионининг энг муваффақиятсиз жамоаси бўлди. Ҳақиқатан ҳам, турнир аввалида тўртликларни кўздан кечирар эканмиз, эҳтимолий аутсайдерлар ичида улар ҳам бор эди. 

Бугунги Англияга қарши кечадиган баҳсда улар мухлислари ҳурматидан ҳам ҳеч бўлмаса, 1 очко қўлга киритиши талаб этилади. Ушбу ҳолатда уларнинг Б лигада фаолият олиб бориши ҳам қийин кечиши мумкин. 

Тахминий таркиб: Рунарссон, Ингасон, Эйхолфссон, Арнасон, Сэварссон, Сигуржонссон, Бьярнасон, Сигурдссон, Скуласон, Бодварссон, Гудмундсон.

Эрик Хамрен: “Биз аллақачон Б лигага тушиб кетдик, аммо сиз доим нимадир учун ҳаракат қилиб, майдонга тушасиз. Сиз ўз ғурурингиз, ўзингиз ва жамоангиз учун ғалаба қозонишга ҳаракат қиласиз. Миллий терма жамоа сафида ўйнар экансиз, ўз миллатингиз учун чин дилдан ҳаракат қиласиз ва бу доим ҳам муҳим ҳисобланади. Биз ҳар доим очколар қўлга киритиш учун ўз имкониятларимиз даражасида ҳаракат қиламиз. Очкога ҳеч қандай эҳтиёж бўлмаса ҳам, ушбу ўйин ҳар доимгидек иштиёқ билан ҳаракат қилишга арзийди. Терма жамоамиз таркибидаги баъзи футболчилар сўнгги, баъзилари эса илк ўйинида майдонга тушади”. 

EnHQZ43VgAIu7xB

Бельгия - Дания

Бельгия

Роберто Мартинес қўл остида Бельгия анча яхши жамоага айланиб бормоқда. Мағлубиятга учраган беллашувларини ҳам кузатиб чиқсак, “қизил иблислар”да потенциал борлигига гувоҳ бўламиз. Англияга қарши иккинчи беллашувни ҳам қандай ютгани маълум. Биринчи таймнинг аввалги 20 дақиқасини улар мисли кўрилмаган улкан босим билан ўтказишди. Ҳа, бу таваккал олдинга ташланиш эди. 20 дақиқа ичидаги штурм наф келтирмаган тақдирда, жамоа ҳимояси яхшигина хавф остида қолиб кетарди. Ўйиндаги устунлик уларга руҳий томондан ҳам доминантлик мақомини тақдим этиб, инглизларга ҳеч қандай имконият бермади. 

Тахминий таркиб: Куртуа, Алдервейрелд, Денайер, Бойата, Менье, Вицель, Тилеманс, Торган, Де Брюйне, Мертенс, Лукаку. 

Роберто Мартинес: “Уларга қарши биринчи давра беллашуви анча қизиқарли кечганди. Уларда кучли футболчилар ва жипслашган жамоа бор. Улар бир-бирини жуда яхши тушунади ва мураббий янги ғояларга тўла. Бу ҳамма нарсага тайёр бўлган кучли жамоа. 5 та ўйинда 4 та ғалабага эришдик. Жамоамнинг кайфияти жуда ажойиб. Ҳа, қийин ўйин бўлиши аниқ, аммо йилни яхши кайфиятда якунлашни истаймиз. Футболчиларим эртанги баҳснинг аҳамиятини тўлиқ англаб туришибди”.

EnF4EjCXUAAK9Nj

Дания

Копенгагенда кечган беллашувда учрашув натижаси унинг картинасига мос бўлмаган кўриниш касб этди. Тезкор гол ўтказиб юборган Хюльманн шогирдлари кейинги бир соат давомида тинимсиз олдинга ташланишга мажбур этилди. Бу уларнинг чарчаб қолишига сабаб бўлди ва тўқнашув якуни арафасида иккинчи гол ҳам қабул қилиб олинди. Шунга қарамай, ўзаро ўйинларда 6 та ғалаба қозонган ҳолда скандинавияликлар рақибларидан битта кўп муваффақиятга эришиб турибди (3 та дуранг). 

Бугун данияликлар сенсация қайд этиб, плей-оффга йўл олиш имкониятига эга бўлади. 

Тахминий таркиб: Лоссль, Педерсен, Кристенсен, Кьер, Васс, Хьёйберг, Дилейни, Брейтуэйт, Эриксен, Поулсен, Дольберг.

Каспер Хюльманн: “Биз, шубҳасиз, ғалаба учун ўйнаймиз ва ушбу миссияни бажариш учун боримизни берамиз. Бельгия - сифатли жамоа. Уларда узоқ пайтлардан буён бирга ҳаракат қилиб келаётган футболчилардан иборат жамоа мавжуд. Бу биз учун ҳақиқий имтиҳон бўлади. Бельгияни мағлуб этиш Европанинг ҳар қандай жамоаси учун мураккаб. Стандарт вазиятлар пайтида яхшироқ ўйнашимиз ва эрта гол ўтказиб юбормаслигимиз барчасидан муҳим: бу ишимизни оғирлаштириши тайин. Рақиб нима қилаётганини билади, аммо биринчи қарама-қаршиликда фойдаланишимиз мумкин бўлган вазиятлар бор эди”.

Em8gG9DXMAEFWVW

Хулоса ўрнида

Англия терма жамоасининг Исландиядан мағлуб бўлиш эҳтимоли анча кам. Сабаби, меҳмонлар ҳеч бўлмаганда, бир очко жамғариш мақсадида олдинга ташланади ва нисбатан тажрибалироқ Саутгейт жамоаси уларни бир нечта голлар билан жазолаши мумкин. 

Дания эса анча эҳтиёткор футбол намойиш этишга ҳаракат қилади. Ушбу баҳсда иккита сценарий кузатилиши мумкин: ёки ёпиқ беллашувда минимал ҳисобдаги ғалаба, ёки бельгияликларнинг йирик муваффақияти. 

Нима бўлган тақдирда ҳам, олдинда бизни қизиқарли беллашувлар кутиб турибди. 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!