Миллатлар Лигаси. Нидерландия ва Италия иштирокидаги беллашувлар учун превью

Миллатлар Лигасининг кеча бўлиб ўтган учрашувлари барча нарсани алғов-далғов қилиб ташлади. 4 тур давомида пешқадам бўлиб келган Португалия биргина гол эвазига мусобақа плей-оффидан маҳрум бўлди. Жуда кам гол урадиган Кантенинг айнан улар дарвозасига йўл топа олиши кимнинг тушига кирган дейсиз. Ўйин давомидаги ҳаракатлар учун португалларни у қадар айбситмаган бўлардим. Марказий ҳимоячилар Нголони кўздан қочирганларини инобатга олмасак, ўша вазиятда Рабьонинг индивидуал маҳорат ва кичик комбинация орқали зарба йўллашга эришгани табиий бир ҳол эди. Патрисиу ҳам зарбани қайтарди… Хуллас, ушбу ғалаба билан Дешам шогирдлари амалдаги чемпионларни амалда курашдан чиқарди. Энди улар бемалол ярим финалга тайёрланса ҳам бўлаверади. 

Яна бир кутилмаган вазият Испаниянинг Швейцария майдонида очко йўқотиши бўлди. Ушбу беллашувда Рамоснинг нақ 2 та пенальтини голга айлантира олмагани эса… Изоҳ ўзингиздан! Камига, баҳснинг бирмунча қисмини мезбонлар 1 киши кам ҳолатда ўтказди. 

У тарафда тезкор гол ўтказиб юборган немислар якунда 3 бора жавоб қайтара олишди. Балки, айнан рақибнинг биринчи бўлиб ҳисобни очгани уларга фойда келтиргандир. Энди сўнгги турда Испанияга қарши кечадиган учрашувда барча нарса ўзаро ҳал қилинади. 

Хўш, биз сўз юритмоқчи бўлган гуруҳдаги вазият қай аҳволда? 3 та жамоада плей-оффга йўл олиш имкони бўлса, барча жамоаларда Б лигага равона бўлиш хавфи сақланиб турибди. Франк де Бур шогирдлари бугун ғалаба қозонган тақдирда, Босния ва Герцеговина Б лига чипталарини “нақд қилади”. Польша Италияни енга олса, муддатидан аввал кейинги босқич масаласини ҳал қилади ва биз “скуадро адзуро” ҳамда “учар голландлар”нинг ҳеч бирини ярим финалда кўрмаймиз. 

Нидерландия - Босния ва Герцеговина

Нидерландия

Франк де Бурнинг терма жамоага олиб келиниши жуда кўпчилик футбол мухлисларида норози кайфият юзага келтирганди. Сабаби, келишиданоқ у мураббий сифатида ҳеч нарсага эришмаган, фақатгина футболчилик фаолияти билан илиқ эсланадиган шахс эди. Унинг намойиш этган натижалари бу норози кайфиятни янада ҳуруж олишига сабаб бўлди. Унинг матбуот анжуманида айтаётган сўзлари ҳам кўпчиликнинг ғашини келтиради. Де Бур журналистлар билан ўйин олдидан ўз тактикасини муҳокама қилиб ўтиради. 

Ҳа, у Нидерландиядек жамоани бошқаришга тайёр эмасди. Лекин, ким ҳам “ЕВРО-2020”дек катта мусобақа олдидан бу қадар гранд жамоани ўз бошқарувига олиб, таваккал қилишни хоҳларди. Рональд Куман терма жамоани ярим йўлда ташлаб кетмаслик учун “Барселона” таклифларини ёзгача рад этиб келди. Пандемия туфайли Европа чемпионатининг қолдирилиши ва каталонияликларнинг айни мана шу паллада парокандаликка юз тутиши уни кетишга мажбур қилди. Чунки, “Барса” бош мураббийи бўлиш орзуси ушалиши учун бундан бошқа имкон бўлмаслиги мумкин эди. Уни тушунишимиз мумкин. 

Аммо мана энди қитъа биринчилиги олдидан бир қатор кучли футболчиларга эга бўлган Нидерландиянинг имкониятлари пасайиб кетди. Миллатлар Лигасидаги натижалар ҳам Куман бошчилигида бошқачароқ кўриниш олиши аниқ эди. Амалдаги финалчилар қайд этаётган натижаларидан ҳам кўра, намойиш этаётган ўйини кўнгилни хира қилмоқда. 

Тахминий таркиб: Крул, Вейндал, Блинд, Де Врей, Думфрис, Френки, Вейналдум, Ван де Бек, Депай, Бергейс, Де Йонг. 

Франк де Бур: “Сўнгги 2 кунда биз етарлича кўп тест топширдик ва барчамизнинг бурнимизда яралар бор. Биз финал босқичида иштирок этишни хоҳлаймиз. Аммо бунинг учун олдимизда турган рақибни енгишимиз зарур. Боснияда кечган беллашувда 0:0 ҳисоби қайд этилганди. Аммо бизда иккинчи тайм ҳисобидан камида 5 та жиддий вазият бўлганди. Ғалаба қозонишимиз лозим эди”.

Emy4VbkXYAE1yiI

Босния ва Герцеговина

Меҳмонлар Амстердамга жамоа сардори ва тарихдаги энг яхши тўпурарисиз ташриф буюришга мажбур бўлди. Эдин Жеконинг коронавирусга топширган тест натижалари мусбат кўрсаткич берган. Мусобақанинг энг кам гол ураётган жамоаларидан бири ҳисобланган жамоанинг асосий ҳужумчиси йўқлиги - “дард устига чипқон”. 

“Йохан Кройф арена”да бўлиб ўтадиган ўйин уларнинг А лигада қолиш умидларига нуқта қўйиши мумкин. Душан Байевич ушбу беллашувга мухлислар ҳурмати учун ҳам энг оптимал таркибни тушириши аниқ. 

Яна бир эътиборли жиҳат шуки, ушбу жамоалар айнан жорий мавсумдаги Миллатлар Лигаси баҳсларидагина тўқнаш келишди. Бугунги ўйин улар ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг иккинчиси. Биринчи даврадаги учрашувда нурсиз дурангга имзо чекилганди. 

Тахминий таркиб: Сехич, Ципетич, Ахмедхожич, Саничанин, Колошинац, Пьянич, Хажиахметович, Цимирот, Крунич, Ахмедхожич, Висша.

Иштирок эта олмайди: Эдин Жеко.

Душан Байевич: “Бу Зеницада бўлиб ўтган баҳсга ўхшамайдиган ўйин бўлади. Олдиндаги беллашув қийинроқ кечади ва шундай вазиятда ҳам яхши натижага эриша олишимизга ишонаман. Ҳеч ким бизнинг А лигада қолишимизга ишонмаяпти. Жамоам билан масъулиятни тўлиқ англаган ҳолда шуғулланишда давом этаман. Нидерландияга ҳам осон бўлмаслиги аниқ. Уларда тезкор футболчилар бор ва ушбу жамоа тўпни ўзида сақлашни яхши кўради. Аммо бу уларнинг кучли эканини ва бизни мағлуб этишини англатмайди”. 

Em3Q1iuXEAMOPYS

Италия - Польша

EmzWcxjW8AI8wDd

Италия

Роберто Манчини шогирдлари ўз гуруҳида мағлубиятсиз одимламоқда. Бироқ шунга қарамай, улар атиги 2-поғонада бормоқда. Эътиборли томони шундаки, “мовий эскадра” ўз уйида кечган 2 та учрашувда ҳам дуранг натижа қайд этган. Бугун улар ўйин манзилини бироз ўзгартирди. Итальянлар Польшага қарши муҳим учрашувни “Режио Эмилиа” стадионида ўтказади. Бу ўйингоҳда миллий терма жамоа 2 маротаба ўйнашга улгурган ва ҳар иккала сафар ҳам ғалаба қозонган. Балки, айнан мана шу жиҳат ушбу қарорнинг қабул қилинишига сабаб бўлгандир. 

Умуман, Италия терма жамоаси 2016 йил сентябридан буён уй учрашувларини ютказмаяпти. Ўзаро ўйинларда охирги ва ягона ғалаба 1974 йилда Штутгартда қабул қилиб олинган. Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи доирасида бўлиб ўтган учрашувда польяклар 2:1 ҳисобида рақибларини таслим этган.

Тахминий таркиб: Доннарумма, Флоренци, Бонуччи, Ачерби, Палмьери, Жоржиньо, Барелла, Вератти, Кьеза, Иммобиле, Инсинье.

Роберто Манчини: “Нидерландия кучли футболчиларга эга бўлган яхши жамоа. Уларга қарши кураш олиб бориш қийин кечади. Уларга қарши ўзаро ўйинларда барчасини ҳал қилишимиз мумкин эди. Польша ҳақида тўхталадиган бўлсам, бўлғуси ўйин олдидан улар биздан юқорироқ поғонада турибди. Гуруҳ етакчисига қарши кечадиган баҳсларга жиддий муносабатда бўлиш талаб этилади. Голландлар мавзусига бежиз тўхталмадим. Уларга қарши ўйинда устунликка эга бўла туриб, ғалаба қозона олмадик. Польшага қарши ўйинда эса биз ғалаба қозона оламиз”.

Польша

Жерзи Бржечек шогирдларида ҳам Италияга қарши беллашув олдидан бир қатор қувонарли статистикалар мавжуд. Аввало, нима бўлган тақдирда ҳам, улар гуруҳда етакчилик қилмоқда. Шунингдек, биринчи даврадаги беллашувда Левандовскисиз майдонга тушиб ҳам дуранг натижа қайд этишга эришди. 

Яна бир қизиқ статистика шуки, польяклар меҳмонда кечган сўнгги 7 та ўйиннинг 5 тасида ғалаба қозонган. 

Италияга қарши ўйинда улардан навбатдаги нурсиз дурангни кутишимиз ҳам мумкин. Сабаби жамоаларнинг ўзаро 12 та учрашувидан 7 тасида муроса кўчаси танланган. Шуларнинг 6 тасида ҳисоб очилмаган. Бугун бўлиб ўтадиган тўқнашувда айни пайтдаги Европанинг энг кучли ҳужумчиси донғи кетган итальян ҳимоясига қарши туради. Унга етарлича ёрдамчилар ҳам бор!

Тахминий таркиб: Шенсни, Березински, Беднарек, Глик, Карбовник, Кедзиор, Криховьяк, Клих, Гросицки, Левандовски, Пентек. 

Жерзи Бржечек: “Италия терма жамоасида юқори салоҳият мавжуд. Ҳа, бир нечта етакчиларсиз ҳаракат қилишга мажбур бўлишади. Барибир, улар хавфли. Рақиб таркибидаги жароҳатланган футболчиларнинг барчасига тезда соғайиб кетишларини тилаб қоламан. 

Ўз футболчиларим ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсам, Войцех Шенсни дарвозамизни қўриқлайди. Таркибнинг қолган қисмини ўйин арафасида билиб оласиз. Мўжиза сабаб кимдир жароҳат олмаса, ҳамма соғ-саломат. Бизга бундай ҳолатларнинг кераги йўқ. Биз Европа Чемпионатига йўл олдик ва ўзимизга яраша режаларимиз бор”. 

EmzHd5BW4AU2x6Y

Хулоса ўрнида

Ушбу гуруҳ Миллатлар Лигасининг қолган гуруҳлари ичида энг кам гол киритилаётгани ҳисобланади. Пешқадам Польша 5 та гол билан бормоқда. Италия ҳужумидаги муаммолар уларга ғалаба қозониш имконини бермаяпти. Аммо ҳимоя доимгидек ўз ўрнида ишончли ҳаракат қилмоқда. 

Бугунги ўйинларнинг ҳар иккаласида ҳам голлар шоусини кўриш эҳтимолимиз кам. Аммо қизиқарли, тактик курашларга бой қарама-қаршиликлар бизни олдинда кутиб турибди. 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!