"Мираброр Усмонов кубоги". Бугун Ўзбекистон футзал термаси финалда Гватемала билан ўйнайди

Бугун ҳамманинг диққат-эътибори Испания ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги Олимпиаданинг илк учрашувига қаратилган десак муболаға бўлмайди. 

Соат 18:00 да старт оладиган мазкур баҳс кечадан буён интернетнинг ўзбек сегментида энг кўп мухокама атрофидаги мавзу бўлиб турибди. 

Бироқ, бу ўйиндан кейин ҳам футбол ишқибозлари томоша қилишига арзийдиган яна бир беллашув бўлиб ўтади. Соат 20:00 да Тошкентдаги “Юнусобод” спорт мажмуасида “Мираброр Усмонов” кубоги финал ўйини ўтказилиши белгиланган. Ҳал қилувчи ўйинда Ўзбекистон терма жамоасига Гватемала рақиблик қилади. Қизиқарли жиҳати шуки, бу терма жамоалар деярли икки ҳафта ичида нақд тўртинчи маротаба тўқнаш келади. 11-июл куни дастлабки беллашувда вакилларимиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган бўлса, эртаси куни ўйин 2:3 натижаси билан гватемалалик футзалчилар фойдасига ҳал бўлганди. Учинчи ўйин мазкур турнирнинг илк тури доирасида ўтказилган ва ҳамюртларимиз қийинчилик билан 5:4 кўринишида устун келган эди.

Муҳлисларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Мираброр Усмонов” кубоги финал ўйини олдидан мазкур аренада Ўзбекистон- Испания олимпия терма жамоалари ўртасидаги қарама-қаршилик катта екранларда намойиш этилади.  Барча футбол ишқибозларини мазкур ўйинларни бевосита аренанинг ўзидан томоша қилишга таклиф этиб қоламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!