Миржалол Қосимов: "10 дан ортиқ футболчилар жамоамизни тарк этди, ўзига яраша салбий таъсири бор"

Чемпионатнинг илк турида ОКМК “Бунёдкор”га қарши майдонга тушди. Ўйинда олмалиқликла 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди ва мавсумни мағлубият билан бошлашди. Учрашувдан сўнг ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида қатнашди ва саволларга жавоб қайтарди.

- Менимча, биринчи турга ёмон ўйин кўрсатганимиз йўқ. Биринчи бўлимда ёмон ҳаракат қилмадик. Вазият ҳам бўлди. Ўйин голгача эди. Имкониятлардан фойдаланишимиз керак эди. Охир-оқибат 30-35 метрдан тепилган зарба дарвозамиздан жой олди ва албатта ҳал қилди. Иккала жамоа ҳам ёмон ўйин кўрсатгани йўқ. Хулоса чиқариб, ишлаймиз. Йигитлар ёмон кайфиятда эмас эди. Яна бир нарса бор, 10 дан ортиқ футболчилар жамоамизни тарк этди. Ўзига яраша салбий таъсири бор. Ишлашда давом этамиз. Майдонга чиққанимиздан кейин ҳеч кимга қизиқ эмас, барибир чиройли ва томошабоп ўйин кўрсатишимиз керак.

- Дилшод Аҳмадалиев ва Беҳруз Асқаров билан боғлиқ воқеаларга ойдинлик кирита оласизми? Аҳмадалиевни кўрдик, “Бунёдкор” мухлислари ҳатто хоинга чиқаришди.

- Ҳаёт шунақа, бу ҳам ўтади-кетади. Инсонни тилида суяги йўқ, гапириш осон. Нега хоин? Масалан, ўз пайтида нимага ўйнаманганда ҳеч ким ЎФАга бориб илтимос қилмади? Шундоқ ўйинчини йўқотишимиз мумкинмиди? Ҳамма ўзича ҳақ. Шунинг учун мухлисларни муҳокама қилмайман. Бизни ишимиз майдонга чиқиб ўйнаш. Асқаров бўйича, жамоага тўғри келмади, йиғинда текшириб кўрдик. Бу нормал ҳолат.

- Ҳужумлар якунланмай қоляпти. Бу мавсум давомида панд бермайдими?

- Ҳавотирли жойи бор. Бошқа нима қиламиз? Сиз журналистлар ёшартир, ёшартир деб ётибсизлар-ку, нима қилай, энди? Малакаси ошиши учун йиллар керак. Ҳар доим айтганман: Москва бир кунда қурилмаган. Аста-секинлик билан малакаси ошиб, жамоамизга фойдаси тегади, деб ўйлайман.

- Назорат ўйинлари давомида тахминан 10 тача ўйин ўтказдингиз. Назорат ўйинлари мобайнида асосий таркибни шакллантира олдингизми ёки ҳали позицияларда иккиланишлар борми?

- Ҳали бор. Нимагаки, ўртоқлик ўйинлари бошқа дунё, расмий учрашувларда бошқа нарса. Бу ўйинлар орқали хулоса чиқариб, таҳлил қиламиз.

- Янги футболчилардан қанчалик қониқиш ҳосил қилдингиз?

- Ёмон ҳаракат қилишгани йўқ. Ҳужумчимизга тўп яхши етиб келмагани сабаби, рақиб жамоа ҳам яхши қаршилик кўрсатди. Лекин биринчи бўлим бошида прессинг қилиб турган пайтимизда жуда яхши вазиятда Нодир тўпни тўхтатиб бемалол дарвозага зарба бериши мумкин эди. Лекин 100 фоиз имкониятдан фойдалана олмади. Битта ўйин билан хулоса чиқариб бўлмайди. Рианга келсак, у катта ҳажмдаги ишни қилди.

- Бу йил ОКМКни мақсади қандай?

- Ҳар бир ўйинга жиддий тайёргарлик кўрамиз. Ким билан бўлишидан қатъий назар, футболда принцип бор - кураш, шунга амал қилган ҳолда чиқамиз. У ёғи Худодан. Олдиндан бир нима деб бўлмайди.

- Футболчиларни Рамазон ойида рўза тутиши жисмоний ҳолатига таъсир қилмайдими?

- Бизда шифокорларимиз бор, витаминизациялар берилади. Ёмон нарса эмас. Ўртоқлик ўйинлари ҳам ўйнадик, машғулотлар рўза тутаётган пайтимизда бўляпти. Фурсатдан фойдаланиб, ПФЛга ҳам раҳмат. Олдинлари ўйинни бошлаб, кейин оғиз очиларди. Ҳозир эса ифторлик қилиб, оғиз очилгач, кейин ўйинга чиқиляпти. Ар-Риёдда ОЧЛда ўйнаганимизда рўзага тўғри келган ва ифторлик қилиб, кейин ўйнаганмиз. Ўйин ҳам кўрсатдики, ҳеч кимни томири тортишиб қолгани ёки жисмоний ётиб олгани йўқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!