Миржалол Қосимов: "Бир очко Африкада ҳам бир очко"
Coca Cola Суперлигаcининг 18-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – ОКМК (0:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Одатдагидек, олмалиқликлар устози ўз сўзини учрашув ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Беллашувни ҳамма кўрди. Жанговар ўйин бўлди. Наманганда ўйнаш ҳар доим қийин. Дурангга лойиқ эдик. Бугунги учрашув тарихга айланди. Энди кейинги ўйинга тайёргарлик кўришимиз керак.
- Бугун ОКМК жамоаси икки очко йўқотдими ёки бир очкони қўлга киритдими?
- Бу қайси тарафлама баҳолашга боғлиқ. Тўғри, биз ҳар доим ғалаба учун ўйнаймиз. Лекин ҳар доим мақсадга эришиш имконсиз. Рус мақоли борку: “Биз мақсад қиламиз, Худо амалга оширади”. Бугун дуранг бўлиши керак бўлган экан ва шундай натижа бўлди. Қийин учрашув бўлди. Лекин бир очко Африкада ҳам бир очко.
- Жамоа совринли ўринларга курашишда давом этадими?
- Албатта, ҳали ҳеч нарса йўқотмадик. Олдиндан аниқ бир нима демайман. Лекин бизда имконият бор ва биз ундан фойдаланишимиз керак. Мавсум сўнгида эса натижага баҳо берамиз.
- Санжар Турсунов майдонни тарк этаётган вақтда нима рўй берди? Ўша вазиятга изоҳ бериб ўтсангиз...
- Санжар майдонни қарсак чалиб тарк кетаётган эди ва бу нормал ҳолат. Ўзбекистонда ашаддий футбол мухлислари кўп ва энг ашаддий мухлислар Наманганда. Шу сабаб бироз тушунмовчилик бўлди. Шахсий фикримга кўра, Санжар ҳеч қандай ёмон иш қилмади. Аммо унинг ҳаракатлари айрим бир мухлисларга ёқмади. Бу оддий ҳолат ва футболда бўлиб туради.
- ОЧЛ гуруҳ босқичидаги рақиблар ҳақида фикр билдириб ўтсангиз?
- Бироз нафас ростлаб олайлик(кулиб). Осиё Чемпионлар Лигасида кучсиз жамоа йўқ. Барча рақиблар хавфли. Эрон, Саудия ва Ироқ жамоалари билан тўқнаш келамиз. Ҳозирги асосий вазифамиз кейинги учрашувга тайёргарлик кўриш. Бизни олдинда кубок баҳси кутиб турибди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар