Миржалол Қосимов: "Бизда интригани сақлаб қолиш учун имконият бор эди"

Суперлигада 19-тур якунланди. ОКМК жамоаси бу тур сафарда "Насаф" билан куч синашди ва 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Авваламбор "Насаф"ни ғалаба билан табриклайман. "Аждарлар" бугун натижа учун ҳаракат қилди ва уддалади. Айтилганидек, қарши ҳужумда яхши ҳаракатланишидан унумли фойдаланди. Босим ўтказишдан кўра, қарши ҳужумни танлади.

- ОКМКни чемпионликка даъвогар жамоа даражасига олиб чиқдингиз, бунинг сири нимада? Келажакда чемпионлик режалари борми? 

- Биласизми, буни биргина гап билан таърифлаб бериш мушкул. Қарши ҳужумда голлар ўтказиб юбормаслик керак. Яратилган вазиятлардан унумли фойдаланиш керак. Ўйинимиз мухлисларга ёққан бўлса хурсандмиз. 

- ОКМК охирги секундда ҳам гол уриши мумкин?!

- Мухлислар ўйинга тушганидан сўнг, кутилмаган воқеалар кўп бўлади. Футбол 90 дақиқа ўйналади. Буни доим шогирдларимга уқтираман. Бу мухлисларнинг ҳурмати. 2020 йилда ишқибозларсиз ҳам тўп тепдик. Уларнинг қадри ўтди. Секин-аста натижага ҳам эришамиз. 

- ОКМК чемпионлик пойгасидан чиқдими? 

- Бизда интригани сақлаб қолиш учун имконият бор эди. Тарихни ортга қайтариб бўлмайди. Энди 19 та тур ортда қолди. Қолган ўйинларни ҳам охирига етказиб қўйиш керак. 

- Пенальти билан боғлиқ вазият қўпол хатоми? 

- Ҳозир бирор нарса дейиш қийин. Буни кўриб чиқиш лозим. Тўғриси, ўзим вазиятни кўрмай қолдим. Балки, бу баҳснинг бурилиш нуқтаси бўлгандир. Кийиниш хонасида Ойбекнинг ҳолатини кўриб дарров уни қўлига текканини сездим. Теккан ёки текмаган, барчанинг виждонига ҳавола.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!