Миржалол Қосимов: "Бизга ҳам очиқ ўйин кўрсатиш ёқади"
ОКМК – “Нефтчи” (0:0) ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов қатнашди.
- Кутилган ўйин эди. Қолаверса, чемпионга қарши. “Нефтчи” жамоасида малакали ўйинчилар йиғилган. Шунинг учун ҳам улар очиқ футбол намойиш этяпти. Бизга ҳам очиқ ўйин кўрсатиш ёқади. Курашларга бой, қизиқарли ўйин бўлди. Менимча, мухлисларга ёқди, деб ўйлайман. Бизда ҳам футболчилар яхши имкониятлар яратишди. Агарда шулардан фойдаланганида ўйин бошқача бўлиши мумкин эди. Лекин охирида ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Футбол шуниси билан қизиқ. Эътирозим йўқ. Ноқулай об-ҳавога қарамасдан мухлислар охиригача ўйинимизни кузатишди. Мамнун бўлишди, деб ўйлайман.
- ОКМК дастлабки 35-40 дақиқада “Нефтчи”га умуман ўйин бермади. Иккинчи бўлимда эса ўйиннинг интенсивлигини ушлаб қола олмасликка нима сабаб бўлди?
- Иштиёқ кучли бўлганидан кейин фикрлаш доираси пасаяди. Нимагаки, вазиятларимиз бор эди. Рақибни тўпсиз қолдиришимиз ва тезкор ҳужумларга чиқишимиз керак эди. Иштиёқ ва ўйинни ютишга кўп ҳаракат қилишди. Яхши вазиятлар бор эди. Дилшод алдамасдан туриб оширганида 3 га 3 чиқаётгандик. Қанотдан тўпни етказиб бериш керак эди. Ўзи ҳам тан олди, йўқ жойдан тўпни йўқотиб, ўзимизни қийин аҳволга солдик.
- Биргина ОКМКда эмас, балки чемпионат давомида ҳужумчилар кам гол урадиган бўлиб қолишди.
- Курашга бой чемпионат бўляпти, оғир. Чемпион билан ўйнайсанми ёки жадвалда охирги ўриндаги жамоа биланми, барибир ҳамма қаршилик кўрсатяпти. Бу маҳоратга ҳам боғлиқ. Футболчи кўпроқ ўз устида ишлаши керак. Ўзини “настрой” қилиши керак. Кўпроқ шу нарсалар ҳам етишмаяпти.
- Ҳужумчилар билан алоҳида ишлайдиган мураббий керакми? Шу услубга қандай қарайсиз?
- Имконият бўлса албатта ҳар бир чизиққа малакали мутахассислар бўлса, бу яхши. Лекин буни ҳаммаси харажатга қаралади. Хоҳлаймиз, Европага ўхшаб аналитиклар, овқатига алоҳида мутахассис ёки Россияда олдин ўйнаган ўйинчилар билан гаплашиб турамиз, уларда ҳам бор ва барчаси маблағга боғлиқ.
- ОКМК апрелдаги боксинг дейда 3 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият қайд этди. Умуман, жамоангиз учун ушбу тиғиз тақвим қандай ўтди? Неча очко олишни режа қилгандингиз?
- Ҳозир айтганимдек, бугунги ўйин бошида ҳам, иккинчи бўлимда ҳам имкониятимиз бор эди. Аммо учрашув охирида ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Шунинг учун хулоса ўзинглардан.
- “Нефтчи” афсонаси Абдусамад Дўрмонов омонатини топширди. Ўз вақтида бирга ўйнагансиз. Қандай хотиралар қолган?
- Боя эшитиб кўнгил хира бўлди. Бу Худони иродаси. Жойи жаннатдан бўлсин. Жуда хушчақчақ инсон эди. Аллоҳ берган умрни тугаши шу кунга экан. Яқинларига сабр тилаймиз. “Пахтакор”да ҳам, миллий терма жамоада ҳам ўйнаганмиз. Худони ишига биз аралаша олмаймиз. Фақат оиласига сабр тилаймиз. Лекин жуда позитив инсон эди. Чивинга озор келтирмайдиган одам эди.

Фикрлар