Миржалол Қосимов: "Дарвозабонларни ҳам хато қилишга ҳаққи бор"

BEPUL PROPAN

Суперлиганинг 9-турида ОКМК сафарда “Қўқон-1912”ни 1:3 ҳисобида мағлубиятга учратди. Беллашувдан сўнг матбуот анжуманида ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди.

- Асабий ўйин бўлди. Ҳар доим айтганман: водийда, шу жумладан Қўқонда ҳам ўйнаш осон эмас. Биринчи бўлимда ажойиб ўйин кўрсатди ва ҳисобда олдинга чиқиб олди. Шунга қарамасдан йигитларимиз иродали ғалабага эришишди. Уларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Бу ерда Қўқон жамоасига қарши ўйнаш ҳар доим оғир кечган. Ютганимиздан хурсандман.

- ОКМК сўнгги пайтларда ғалабали серияни қайд этяпти. Захирадан майдонга тушаётганлар ўйинни кучайтиряптими ёки бошқа сири борми?

- Бошқа сири йўқ. Ҳаммани мақсади, майдонга тушган футболчиларим чиройли ўйин кўрсатиш ва мухлислар учун ўйнаш.

- Ўзбек футболида ҳакамлар савиясини ошириш мақсадида курслар очилди. Шуларга футболни якунлаганларни жалб қилиб, ҳакам сифатида тарбияласак яхши бўлмайдими? Масалан, Никита Мустафин, Рустам Лутфуллин, Аскер Нажафалиев каби ҳакамлар футбол ўйнашмаган. Фаолиятини якунланган футболчилардан ҳакамлар чиқарсак фойда бўлармикин?

- Саволингиз учун раҳмат. Менимча, Ўзбекистонда футбол ўйнамаган эркак киши бўлмаса керак. Ҳамма ўйнаган. Барибир футбол мактабларига боришган. Ўйлайманки, ҳозирда эшитишимга қараганда, ҳакамларнинг академияси очилган. Бу келажакда ўз самарасини беради, яхши ҳакамлар чиқади. Билмадим, савияси деб қайси сабабдан айтяпсиз?! Ҳакам ўйинни бошқараётганида ўйин тизгинини бузиб қўймаслиги керак. Ўзини раҳбарлари, қўмитаси ва ҳакамларни устозлари бор. Улар ҳам иссиқ жон. Ҳаётда ҳамма хато қилади, Парвардигордан бошқа! Ишламаган хато қилмайди. Уларга баҳо бериш менга эмас. Мен ўз йигитларимга баҳо беришим мумкин. Рақиб жамоага ҳам баҳо бера олмайман. Қанча яхши футболчилар чиқса ва шунча кўп ҳакамлар чиқса ҳам биз хурсанд бўламиз. Нимагаки, халқаро мусобақада иштирок этишса, барибир байроғимизни кўтаришади ва ҳакамларимизга ҳам ишқибозлик қиламиз.

- “Қўқон-1912”нинг голи вақтида дарвозабон тўпга чиқишда хатоликка йўл қўйди. Буни қандай баҳолайсиз?

- Ўйинлар орқали тобланиб боради. Масалан, ундан олдин ҳам хатолар қилган. Бир-икки вазиятда ҳимоячиларни “страховка” қилиши керак эди. Иккинчиси шу гол. Шу нарса сигнал бўлганди. Дарвозабонларни ҳам хато қилишга ҳаққи бор. Шу орқали кейинги учрашувларга хулоса чиқариб, бартараф қилиши керак. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!