Миржалол Қосимов: Гол урмасдан, ғалаба қозониб бўлмайди. "Насаф"ни чин дилдан табриклайман
Ўзбекистон кубоги ярим финали доирасидаги дастлабки учрашув якунига етди. Қаршида бўлган баҳсда "Насаф" АГМКни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Ўйиндан кейин олмалиқликлар бош мураббий Миржалол Қосимов беллашув ҳақида фикр билдирди:
"Яхши ўйин бўлди. Бир-бирига муносиб бўлган жамоалар ярим финалда кураш олиб борди. Албатта, футбол шунақа нарсаки, кимдир хато қилса, ундан рақиб жамоа фойдаланиб кетади. Биринчи бўлим охирида ўзимизнинг хатоларимиз ортидан гол ўтказиб юбордик. Бугунги баҳс тақдирини иккита ҳимоячи ҳал қилиб кетди. Стандартлар пайтида эътиборли бўлиш кераклигини футболчиларимга уқтирган эдим.
"Насаф"нинг ҳар бир вакилига битта футболчи бириктирилганди, аммо ҳимоячилар хато қилишди ва рақиб бундан фойдаланиб кетди. Бизда ҳам имконият бор эди. АГМК сўнгги сонияларгача кураш олиб борди. Гол урмамасдан ғалаба қозониб бўлмайди. Бу ўйинга яхши тайёргарлик кўрган эдик. Мақсадимиз кубокни ютиб, Осиё Чемпионлар лигасида қатнашиш эди. Аммо, ниятимизга ета олмадик. Бугунги ғалаба билан "Насаф"ни чин дилдан табриклайман.
"Насаф" стандартларда хавфли ҳаракат қилди. Рақиб футболчиси Матеус Лима Круз анча бўйдор ва бош билан ажойиб ўйнайди. Ҳимоячилар - Алиқулов, Эшмуродов ҳам стандарт пайтида анча хавфли. Суперлигадаги "Қизилқум"га қарши баҳсда ҳам шу каби хато ортидан гол ўтказиб юборган эдик. Шу боис, хавфли вазиятлар пайтида эътиборли бўлишни футболчиларимга айтгандим. "Насаф" яхши жамоа, анча шаклланган. Бекорга улар ички чемпионат жадвалида етакчилик қилмаяпти. Аммо шуни ҳам таъкидлашим керакки, бугун чиройли ўйин бўлди ва омад рақибимизга кулиб боқди. Агар биз ҳисобни тенглаштира олганимизда, ўйин янада бошқача бўлар эди.
Эртага қайси жамоа финалга чиқади? Энг ёмон кўрган нарсам - башорат қилиш. Агарда биз истаган нарсалар бўлганида, ҳозир АГМК финалда бўлар эди", - деди Миржалол Қосимов.
Фикрлар