Миржалол Қосимов ОЧЛдаги тарихий ғалабадан кейин нималар деди?

Осиё Чемпионлар Лигаси 3-туридан ўрин олган "Шабаб Ал-Аҳли" ва АГМК жамоалари ўртасидаги ўйинда вакилларимиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди ва қуйидаги фикрларни билдирди.

Миржалол Қосимов: — "Авваламбор, ассалому алайкум. Фурсатдан фойдаланиб, кеча туғилган кунини нишонлаган жамоамиз футболчиси Дилшод Жўраевни ва бугун таваллуд кунини нишонлайдиган ёрдамчи мураббий Хайрулла Каримовни жамоамиз номидан табриклайман. Уларга соғлик, оилавий бахт ва омад тилайман. Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, икки жамоага ҳам ғалаба муҳим эди. Ютуқ иштиёқида майдонга тушгандик. Ўтган учрашувдаги мағлубиятга қарамасдан, футболчилар ўйинга тўғри ёндашишди ва яхши тайёрланиб, ОЧЛ гуруҳ босқичидаги илк ғалабани тантана қилдик. Бу ҳам кичик тарих. Ғалаба серияси очилганидан хурсандмиз. Рақиб "Шабаб Ал-Аҳли" яхши, курашувчан ва шиддатли футбол намойиш этадиган жамоа. Ўйлашимча, бугунги ўйин яхши даражада ўтди. Иккинчи таймда жамоамиз ўйинни кучайтирди ва бу жиҳат беллашув якунига бориб, ўз самарасини берди. Хурсандмиз. Лекин бу ғалабани эсдан чиқариб, кейинги баҳсга тайёргарлик кўриш керак. Ҳали ҳаммаси олдинда. Фурсатдан фойдаланиб бизга ишонган ва ўтган учрашувдаги мағлубиятга қарамасдан жамоамизни қўллаб-қувватлаб, далда бўлиб турган ўзбекистонлик барча футбол мухлисларига катта раҳмат айтамиз. Ва уларни ғалаба билан табриклаймиз. 

Камбэк? Мен нафақат ўйин сўнгида, балки учрашув аввалидан олдинга интилиш ва ғалаба учун курашишга кўрсатма бергандим. Ўйин сўнгига яқин ҳимояга ўтирмасдан, ҳужумга кўпроқ интилиш кераклигини таъкидлагандим. Футболда 5 дақиқа ичида кўп нарса рўй бериши ва воқеалар ривожи бутунлай ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Масалан, 1999 йилги ЕЧЛ финалини эслайлик. Ўшанда МЮ "Бавария" дарвозасига қўшиб берилган 3 дақиқа ичида 2та гол уриб, ғалабани илиб кетганди. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Шу боисдан ҳам қўшиб берилган дақиқаларни ҳимояда ўтказмасдан олдинга ўтишни таъкидладим. Камбэкларнинг сири йўқ. Кўп нарса хоҳиш ва иштиёққа боғлик. Футболни мажбуран ўйнаб бўлмайди",-дея Қосимов сўзларини келтирмоқда АГМК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Karimov Sardor
22/04/2021 11:14
Tabriklaymiz davomli bo'lsin
&
Турсун Ғани
22/04/2021 22:27
Худо хохласа гурухдан ҳам эсон омон чиқиб олиб кулубнинг яна бир янги тарихини яратасизлар деган умиддамиз. Қосимовда бу турнирда катта тажриба бор мураббий сфатида ҳам Бунёдкор билан эришган чиройли ғалабалари эсимизда ҳали. Омадингларни берсин ва бизларни доимо хурсанд қилиб юринглар ғалабалар давомли бўлсин.
Muslimbek Yuldashev
22/04/2021 22:15
Yana g'alaba nasib etsin ko'p bora