Миржалол Қосимов: "Ёмон мавсум ўтказмадик, деб ўйлайман. ОЧЛни ҳисобга олмаганда, албатта"
Ўзбекистон Суперлигаси 26-туридан ўрин олган ОКМК - "Насаф" баҳси бўлиб ўтди. Унда томонлар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида "кончилар" бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ассалому алайкум. Ғалаба қозонишни жуда ҳам истагандик. Чемпионатни ижобий натижа билан тугатиш ниятида эдик. Йил давомида кўп ўйин ўтказдик, асабийлашишлар кўп бўлди. Суперлига тугади, ҳамма чарчаган эди. Энди озгина дам олишимиз керак. Аммо иккинчи ўринни олишга имконимиз бор эди. Фурсатдан фойдаланиб, ўз мухлисларимизга, футболчиларимизга миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
Бугунги учрашув жуда ҳам қизиқарли бўлди. Сариқ карточка, қизил карточкалар ҳам бўлди. Шунга қарамай, дуранг натижа қайд эта олдик.
Ҳакамларни ўз регламенти ва қарорларини баҳолайдиганлар бор. Биз ҳар қандай вазиятга тайёр туришимиз керак. Уларнинг ишини таҳлил қилиб ўтирмоқчи эмасман.
Мавсум ярмидан сўнг жуда кўп йўқотишларга учрадик. Жароҳатлар асосий муаммомизга айланди. 70 фоиз шогирдларим муҳим паллада жамоага ёрдам бера олмади.
Охирги турда ҳам 2-ўрин олиш учун имконимиз бор эди. Умумий олиб қарасак, ёмон мавсум ўтказмадик, деб ўйлайман. ОЧЛни ҳисобга олмаганда, албатта.
Кейинги мавсум катта ўзгаришлар бўладими? 4 декабрда чемпионлар лигаси доирасида ўйинимиз бор. Унгача эса ҳаммасини вақт кўрсатади", - деди мутахассис.
Фикрлар