Миржалол Қосимов: "Йўналиш кўрсатилади, аммо аравани тортиш ўзларини қўлида"

ОКМК клуби Тошкентда “Локомотив”га қарши учрашувда 0:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан кейин олмалиқликлар устози Миржалол Қосимов бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Иккала жамоа учун муҳим ўйин эди. Учрашув шиддатли ва курашларга бой бўлди. “Локомотив” ҳам жуда яхши тайёргарлик кўрган. Қолаверса, “Навбаҳор”га мағлубиятга учраганди ва биз ҳам худди шунақа вазиятда эдик. Шунинг учун иккала жамоа учун ғалаба муҳим эди. Голгача ўйин бўлди. Учрашув бошларида “Локомотив”да ҳам, бизда ҳам имкониятлар бўлди. Охир-оқибат ўйин охирларида голлар урдик. Ким гол урса ўша жамоа ютиб кетарди. Худда шунақа бўлди. Очколар сони ҳам бир хил эди. Мухлислар ҳам охиригача баҳсни кузатишда давом этишди. Жамоалар охиригача курашишди. Ютганимиздан хурсандмиз. Турнир жадвалида зичлик. Олдин 6-7 та турдан кейин кимдир олдинга ўтиб кетарди. Ўйинлар қизиқарли ўтяпти.

- Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, ўйин голгача бўлди. Жамоангиз асосан тўпга эгалик қилишга ва пас ўйнашга интилди. Голгача “Локомотив”га қарши ўйнаш қанчалик қийин бўлди? Масалан, гол бўлмай қолиши ҳам мумкин эди...

- Йўқ, ҳамма нарса бўлиши мумкин эди. Масалан, кеча “Насаф”ни “Бунёдкор”га қарши учрашувида ҳам узун паслар ва кўп курашларга бой ўйин бўлди. “Бунёдкор” 10 киши бўлиб қолишига қарамасдан шиддатли ҳимояланди ва керакли натижага эга бўлди. Футбол шунақа, билиб бўлмайди. Ўзимни жамоамга келадиган бўлсам, иложи борича тўп билан муомала қилиш, қанақадир маъно бўлиши учун. Шунақасини ёқтираман.

- “Локомотив”даги Анзур Исмоилов, Санжар Турсунов ва Муҳаммаданас Ҳасанов ОКМКда тўп суришган. Уларни ўйин услубини биласиз. Бу нарса сизга устунлик бердими?

- Ҳақиқатан ҳам қийинчилик туғдиришди. Санжарни салоҳиятини яхши биламиз, Анзурни ҳам. Кучи бор, катта клубларда, миллий терма жамоаларимизда тўп суришган. Малака деган нарса бор. Шунинг учун ҳам қийинчилик туғдиради. Бугун осон учрашув бўлгани йўқ. Иккала жамоа майдонга фақат ғалаба учун чиқишди. Ким гол урса ўша жамоа ютиб кетадиган ўйин бўлди.

- Одатда ОКМК гол керак пайтда, айниқса, иккинчи бўлимда қанақадир “ёниб” ўйнайди. Бугун гарчи иккита гол уриб ютган бўлса-да, жамоа ўйинида муаммо сезилгандек...

- Ҳар хил ўйин бўлади. Масалан, ярқ этиб ўйнайсизда, аммо мағлуб бўлиб чиқиб кетишингиз мумкин. Муаммо ўйинчиларимизда бор, қолаверса ҳимояда. Жароҳатлар ҳам бор. Ўтган йили жароҳатлаган футболчилар ҳали ҳам жароҳатидан фориғ бўлмасдан ёрдам бера олишмаяпти. Олимпия терма жамоамизда масалан Файзуллаев, Эркинов ва Хусанов финал олдидан кетишди. Буни ҳам финалда таъсири бўлди. Аммо йигитларимиз зўр ўйнашди. Ҳақли равишда Кубокни Тошкентга олиб келишади, деб ўйлагандим. Лекин бунақа вазият бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Биз ҳам тўлиқ таркиб билан ўйнашни хоҳлардик.

- Баҳромов яхши таассурот қолдирди...

- Ўзи ярим ҳимоячи. Кимдир чиқиши учун кимдир суриб қўйилади. Ҳа, кўп ишлаши керак, ҳимояда қиладиган ишлари ҳам бор. Шунақа учрашувлар орқали тобланиб бораверади. Тўп билан яхши муомала қилади, бирга-бир вазиятда бемалол алдай олади. Керакли пайтда ҳимоядан кутилмаганда ҳужумга чиқа олади. Рақиб жамоасига қийинчилик туғдириши мумкин. Оёғи ердан узилиши керак эмас. Ҳали кўп ишлаш керак. Ўсиб улғайсин, ўзи учун ҳаракат қилсин. Кўп футболчиларни келажаги бор. Ҳаммаси ўзига боғлиқ. Йўналиш кўрсатилади, аммо аравани тортиш ўзларини қўлида. Сизлар билан биз ўйнаб бера олмаймиз.

- “Локомотив” бош мураббийи ўтган йили сизни жамоангизда ишлаган. У ассистентингиз сифатида сиздан кўп нарса ўрганган. Унинг бошчилигидаги “Локомотив”ни мағлуб этиш қанчалик муҳим эди?

- Менга фарқи йўқ. Чемпионатда 26 та тур. Аҳамияти йўқ, аввало мухлислар учун яхши ўйин кўрсатиш ва шундай бўлса натижа ҳам бўлади. Малакали футболчилар ҳам, ёшлар ҳам бор. Фақат тезроқ муҳитга киришиб кетиш. Биз ёш, ёш деб кўниктириб қўйдик. Майдонга чиқдими, катталар билан тенг ҳаракат қилавериши керак. Фарқи йўқ, у 16 ёш бўладими ё 40 ёшми, тайёрми, мухлисларга ёқадиган ўйинни кўрсатиши керак.

- Ҳужумчи Рубин Санчес ўтган мавсумдан бери ўйнамаяпти...

- Нафақат у, Гадоев ҳам. Операция бўлган. Оғир жароҳат олган. Вақт керак Баъзида йиллар керак бўлади. Ўзим ҳам белимни операция қилдирганимда бир йилдан ортиқ ўйнамаганман. Ҳаммасига сабр. Спорт жароҳат билан. Статистика бўйича футбол дунё бўйича энг кўп жароҳат оладиган спорт тури ҳисобланади.

- Бугун ўғлингиз гол урди, чап оёқда...

- Ишхонада ўғлим эмас, ўйинчи. Уйда, ҳа ўғлим. Гол урди, “молодец”, давом эттирсин.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!