
Мирко Еличич - "Локомотив" бош мураббийи!
"Локомотив" янги бош мураббийни эълон қилди. Яқинда Григорий Колосовский бошчилигидаги мураббийлар билан хайрлашилган эди.
"Узоқ йиллар давомида "Локомотив" жамоасини бошқарган мутахассис Мирко Еличич жонажон уйига қайтди. Австралиялик мураббий ва клубимиз ўртасида бир ярим йиллик шартнома имзоланди. Шунингдек, асосий жамоамизнинг янги мураббийлар штаби ҳам тасдиқланди:
Мирко Еличич - бош мураббий
Жамшид Саидов, Садриддин Абдуллаев - ёрдамчи мураббийлар
Алишер Ахмедов - дарвозабонлар мураббийи
Мирко Еличич "Локомотив"нинг 3 карра чемпион бўлишида ўзининг катта хиссасини қўшган ва ўша мавсумларда жамоамиз мураббийлар штабида фаолият олиб борган. Шунингдек, Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубогини ҳам айнан Мирко Еличич мураббийлар штабида бўлиб, жамоанинг бошқарувида бевосита иштирок этганида қўлга киритганмиз.
Жамшид Саидов 2021 йилда "Бухоро" жамоасини бошқарган. 2022-2023-йилларда "Локомотив" тизимида фаолият олиб бориб, 2024 йилда "Қизилқум" жамоасини бошқарди ва ишлаган жойларида ўзидан илиқ таассурот қолдирган.
"Локомотив" таркибида 2 марта мамлакат чемпионлиги ва 1 бора Ўзбекистон кубогини қўлга киритган Садриддин Абдуллаев 2021-йилда футболчилик фаолиятини якунлаган ва 2022-йилда "Локомотив"нинг У19 жамоасини бошқарганди. Унинг қўл остида У19 жамоамиз 2022-йилда 8-ўрин, 2023-йилда пешқадамдан 2 очко ортда қолган ҳолда 4-ўрин, 2023 йилда 6-ўрин билан якунлаган.
Мирко Еличич ва унинг мураббийлар штаби билан биз юқори марраларни забт этишимизга ишонамиз ҳамда бош мураббийимизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз", - дейилади клуб матбуоти хабарида.
Фикрлар