Мирзаҳаким Тўхтамирзаев уч китнинг биринчиси ва ЎФАнинг янги раҳбариятига саволлар

БМТ Болалар фонди (ЮНИСЕФ) ва Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) ўртасидаги битимга биноан 19 июнь Бутунжаҳон болалар футболи куни деб эълон қилинган. Бундан кўзланган мақсад дунё ҳамжамияти эътиборини болалар муаммоларига қаратиш ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ўз ифодасини топган. Ҳар йили шу куни турли мамлакатларда болалар футбол жамоалари иштирокида кўплаб тадбирлар ташкил этилади.

Бутун дунёда профессионал футбол учта кит: болалар-ўсмирлар спорти – клуб – терма жамоа устига қурилганини аллақачон англаб етишган. Мамлакат футболини ривожлантиришнинг бундан-да оқилона йўли йўқлиги амалиётда ўз исботини топган.

14 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон футбол ассоциацияси (АФУ) ижроқўм йиғилишида мамлакатимиз футболининг янги раҳбарияти сайланди. Биз Равшан Эрматов ва унинг янги жамоасига фаолиятнинг барча жабҳаларида муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз. Сўнгги деярли икки йил мобайнида ЎФА мутасаддиларининг профессионалларга хос бўлмаган бошқаруви оқибатида вужудга келган вазиятни ўнглаш осон бўлмаслигини тушунамиз. Шу билан бирга ташкилот янги раҳбарининг шахсий ҳислатларини, унинг болалар футболидан чиқиб келганини, мақсад сари собитқадамлик билан интилишини ва меҳнат қилишини, нафақат Ўзбекистон, балки дунё футбол ҳамжамиятида ўзига яраша обрў-эътиборга эгалигини яхши биламиз. У ва янги жамоаси издан чиққан локомотивни қисқа муддатда тўғри йўлга қайта қўя олишига умид қиламиз ва ишонамиз. Шу жумладан, болалар футболида ҳам ижобий ўзгаришларни кутамиз.

photo_2019-06-14_19-25-15

Сўнгги даврда ватанпарварликни қалқон қилган ҳолда амалга оширилган ислоҳотлар оқибатида катта футбол учун ўринбосарлар етказиб бериш тизими ишдан чиқарилди. Янги иқтидор эгаларини танлаб олиш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб болалар ўртасида 1000 та мусобақа ўтказилиши ҳақида бонг урилди. Оммавий ахборот воситаларида мазкур мусобақаларнинг тақдирлаш маросимлари ва футбол раҳбарияти номидан совғалар топширилгани кенг ёритилди. Ёш авлоднинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш мақсадида бундай турнирлар ўтказиш ва уларни тарғиб қилиш фойдали, албатта. Лекин селекция ҳақида жиддий гапириш ноўрин.

Ушбу фикрни изоҳлаб ўтайлик. Республикамизда 200 шаҳар ва туман борлигини инобатга олинса уларнинг ҳар бирида бутун бир йил мобайнида бештадан қисқа муддатли турнир ўтказилади, холос. Боз устига болалар-ўсмирлар футболида жамоалар футболчиларнинг ёш тоифаларига кўра тузилиши боис амалда битта ёш тоифасидаги жамоа йил мобайнида бор-йўғи биттагина мусобақада қатнашган бўлиб чиқади.

Дарвоқе, ушбу турнирларга борган ЎФА мутасаддилари доим ҳам профессионал мураббий бўлмаган. Шу боисдан ОАВдаги хабарларда чинакам иқтидор эгалари саралаб олингани ҳақида маълумот берилмагани тушунарли.

Болалар оммавий футболида ўйинлар сонини оширишнинг қандай йўллари мавжуд?

Биринчи навбатда, маҳаллий мусобақаларни тизимли йўлга қўйиш даркор. Бунда мактабларга таяниш мақсадга мувофиқ. Ҳар бир мактабда футбол секцияларини ташкил қилиб, жисмоний тарбия ўқитувчисини тренер сифатида бириктириш керак. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўқувчилари кам бўлган мактаблар икки-учтаси бирлашиб умумий жамоани мусобақага қўйиши ҳам мумкин. Мунтазам равишда ўтказиладиган ана шу чемпионат давомида туман/шаҳар селекционер-тренерлари терма жамоа таркибига номзодларни саралаб олишади ва сўнгра вилоят биринчилигида иштирок этишади. Ана шу минтақавий мусобақалар давомида футбол академияларига янги номзодлар кашф этиш мумкин бўлади.

Яна бир имконият маҳаллалардаги ёш футболчилар орасидан иктидорлиларни саралашда ифодаланади. Ўтган йили ЎФА республикамиздаги ҳар бир маҳаллада футбол майдони барпо этилишини эълон қилган эди. Ажойиб ташаббус!

Орадан сезиларли вақт ўтганига қарамай футболимиз мутасаддилари ушбу майдонларни ким ва қайси маблағ ҳисобидан қуриши, уларга хизмат кўрсатиш (қўриқлаш, майдонни тартибга келтириш, кийим алмаштириш ва ювиниш хоналарини саранжом-саришта сақлаш, электр энергияси, сув ва канализацияга пул тўлаш ва ҳоказолар) ҳамда инвентарлар билан таъминлаш (футбол дарвозалари, тўрлари, тўплар, заҳирадагилар учун ўриндиқлар ва ҳоказолар) қандай молиялаштирилиши, ушбу майдонда шуғулланадиган ва ўйнайдиган жамоалар вақтини ким ва қандай асосда мувофиқлаштириши, ўтган давр мобайнида режалаштирилган майдонлардан нечтаси фойдаланишга топширилгани ва ишлар қандай кечаётгани ҳақида маълумот беришмади.

ЎФА ташаббуси билан амалга оширилган футбол мактаб-интернатлари фаолиятининг қайта ташкил этилиши, биз суҳбатлашган кўплаб мутахассисларнинг фикрича, муаммоларни кўпайтиргани ҳолда истеъдодли футболчиларни тайёрлаш жараёни самарадорлигини янги юксакроқ босқичга олиб чиқмади.

ЎФА аввалги раҳбариятининг ўзбошимчалик билан қабул қилган қарорига кўра Муборакнинг «Машъал»и кучлилар сафидан чиқариб юборилгани асосий таркибдан ташқари клуб академиясини ҳам ўта мушкул аҳволга солиб қўйди. Ваҳоланки, ушбу маскан кўп йиллар мобайнида мамлакатимиз терма жамоаларига ўз вакилларини тақдим этиб келарди. Мисол тариқасида бугунги кунда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ўйинчиларига айланган Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуровни тилга олиш жоиз. Мана шу йигитларни катта футбол остонасидаёқ “Бунёдкор” катта пулга сотиб олган эди.

Кадрлар масаласи ўз ечимини кутмоқда. Биз болаларнинг бўш вақтини футбол билан тўлдирибгина қолмасдан ёшларимиз баркамол авлод бўлиб вояга етишини хоҳласак, малакали тренерларни тайёрлашимиз шарт. Бу асосий масала. Уни ҳал қилмай ўсишга эришишнинг иложи йўқ. Агар мураббийнинг савияси паст бўлса, ўсмир эртага ўртамиёна ўйинчига айланади.

ЎФА сўнгги йил мобайнида болалар тренерлари билан ишни фаоллаштирди, семинар ва маҳорат сабоқлари уюштирди. Лекин ҳар бир маҳаллада қуриладиган 10 мингта майдонни назарда тутадиган бўлсак, бизга жуда кўп тренер керак. Назаримизда, ушбу муаммони ҳал қилиш учун жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази филиалларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ўқитувчилар, собиқ футболчилар, спорт фахрийлари, шунингдек нафақат катталар, балки болалар футболига ҳам жон-дили билан қизиқувчи ота-оналар учун қисқа муддатли курслар ташкил қилиш ўринли. Ана шу курсларда таҳсил олиш ҳаражатларини Футболни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ўзини оқлаши аниқ. Ҳа, бунинг учун каттагина маблағ кетади. Лекин клубларимиз мунтазам таклиф қилиб, асосан захира ўриндиғида қолиб кетаётган легионерларга тўланаётган пул ундан анча кўплиги шубҳасиз.

Футболчилик фаолиятини якунлаб болалар-ўсмирлар мактаби ёки академия тренерига айланган ҳар бир мутахассис профессионал футболга, суперлига жамоасига ишга ўтиш ҳақида ўйлайди. “Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскарми?” деган ақида бу ерда ноўрин. Аммо тренерлар оладиган иш ҳақи ўртасидаги тафовут ўз таъсирини ўтказиши бор гап. Ҳозир профессионал жамоа тренери ёшлар ва болалар-ўсмирлар футболидаги ҳамкасбларидан анча кўп пул топади.

Болалар билан ишловчи мураббий ўз шогирдларидан катталар футболига эшик очиш мақсадидагина фойдаланмаслиги, яъни ҳар қандай чоралар билан натижага эришишга интилмаслиги талаб қилинади. Болалар-ўсмирлар футболида спортчи 7 ёшдан 19 ёшгача жисмоний ва руҳий ривожланишда уч даврни бошдан кечиради, ўзгариб боради. Шуни инобатга олган ҳолда болалар футболидаги тренерлар ҳам муайян ёшдагилар билан ишлашга ихтисослашиши, уларнинг камол топишига кўмаклашишга ҳаракат қилиши зарур. Тренер ишининг самараси қўлга киритилган совринларда эмас, катталар футболида ўз ўрнини топа олган шогирдларида ифодаланиши тўғрироқ ва адолатдан бўлади.

Болалар тренери бўлиб ишлаш фахрли ва юқори ҳақ тўланадиган даражага чиқарилиши даркор. Тренер учун бонус-рағбатлантириш тизими яратилиши керак. Масалан, мамлакат ўсмирлар/ёшлар/миллий терма жамоалари сафига кирган футболчиларнинг барча устозлари (улар қачон ва қанча вақт мобайнида устозлик қилганидан қатъи назар) мос равишда мукофотланишини йўлга қўйиш муҳим. Худди шунингдек, иккинчи, Про лига ва Суперлига жамоасида ўйнаб кетган, хориждаги жамоадан жой олган футболчиларнинг устозларига устама ҳақ тўланиши зарур.

Айнан шу каби тизим мамлакатимиз оғир атлетикада юксак натижаларга эришиши учун замин ҳозирлади. Хоразм ёки Навоийдаги БЎСМда ишлаётган оддий тренер ўсмирлар/ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ғолиби ёки совриндорини тайёрлагани учун яхшигина қўшимча ҳақ олади. Шу боисдан унинг ўзи яна янги юлдузларни кашф этишга интилади. Унга қараб атрофидаги ҳамкасблари янада яхшироқ ишлашга ҳаракат қилади.

Болалар тренери бўлишнинг нуфузи ошиши баробарида шу жойда ишлаш учун танлов шартлари ҳам ўсиб бориши табиий.

Ёш иқтидор эгаларини вояга етказиш бобида дунёда етакчилардан саналган Голландия мактабларида тренерлар таркиби мунтазам янгиланиб боради. Бу мутахассис таркибдаги қайсидир футболчини ёқтиргани учун унга алоҳида меҳр бермаслиги, шогирдларига бир хил адолатли муносабатда бўлиши учун замин яратади. Мактаблар раҳбарияти тренерлар билан шартномаларни қисқа муддатга тузади ва ишининг сифатига қараб узайтириб боради.

Болалар-ўсмирлар футболидаги оғриқли нуқталардан яна бири ҳакамлик билан боғлиқ. Аксарият ҳолларда ўйинда иштирок этаётган жамоалардан бирининг устози ҳакамлик қилади. У қарорларни холислик билан қабул қилгандаям рақиб жамоа вакилларига гўё ўз шогирдларига ён босгандек туюлаверади. Маҳаллий футбол мутасаддилари ушбу муаммони ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратишлари талаб этилади. Шунда вақти етиб катталар футболида айниқса вилоятлардан юксак савияда ишлай оладиган янги ҳакамлар пайдо бўлади.

Болалар футболида энг муҳими чинакам маҳорат соҳибини шакллантириш эканини ёддан чиқармаслик шарт. Бутун умри давомида болалар-ўсмирлар футболида ишлаган ва «Ред Булл» империясини шакллантиришга катта ҳисса қўшган голландиялик машҳур тренер Пит Хамберг дарҳақиқат тўғри фикрларни айтган эди:

- Ўсмирлар жамоаси аъзосининг иккита душмани бўлади: аввал ота-онаси, сўнгра тренерлари. Улар боланинг аста-секин юксалишини эмас, айнан ҳозир ўзини кўрсатишини хоҳлашади. Тренер майдонда болаларнинг эркини чеклаб, натижа учун ўйнашни талаб қилади. Бу эса болаларнинг истеъдодини жиловлаб, ўртамиёна футболчига айлантириб юборади.

Ҳар бир футболчи билан алоҳида ишлаш, унинг шахсий устун ҳусусиятларини ривожлантириш, футболни санъат даражасига олиб чиқиб, ундан завқ олишга ўргатиш ўрнига жисмоний устунлик эвазига ғалаба қозонишга ундашади. Ваҳоланки, теран фикрловчи, майдондаги вазиятни тўғри баҳолаб оқилона қарор қабул қилувчи, ўйинни бошқара оладиган футболчиларни тайёрлаш осон эмас, лекин фахрли ва зарур.

Амстердамнинг «Аякс» клуби академиясида кўп жойларда бўлгани каби табиий ва сунъий чимли майдонлар, машғулот ва тиббиёт марказлари, ошхона ва дам олиш бурчакларидан ташқари бошқа спорт турлари билан шуғулланиш учун шароит яратилгани эътиборга лойиқ. Жумладан, баскетбол майдончаси юқорида тўп учун курашиш малака ва кўникмаларини шакллантиришга ёрдамлашса, бадминтон ўйнаш бошни баланд кўтариб ўйнашга ўргатаркан. Шу каби майдончалар Европанинг бошқа клубларида ҳам пайдо бўлмоқда. «Аякс» академияси яқин келажакда алоҳида-алоҳида футболчиларни эмас, бир-бирини жуда яхши тушунадиган ўйинчилар гуруҳларини вояга етказиб профессионал клубларга таклиф этишни режалаштираётгани диққатга сазовор.

Футбол академияларига танловнинг шаффофлиги ҳақида кўп гапирилади. Рақобат ўта кучли эканлигини барча яхши билади. Таниш-билишчиликнинг салбий таъсири таъкидланади. Шу ўринда Россияда энг кучли «Краснодар» ФК академияси тажрибасига мурожаат қилиш фойдали туюлади. Ушбу спорт масканига синовдан ўтиш учун ариза академия сайтида тўлдириларкан.

Маҳсус саҳифада қуйидаги маълумотларни қолдириш тавсия этилади:

Фамилияси

Исми

Отасининг исми

Туғилган санаси

Туғилган жойи

Фуқаролиги

Яшаш жойи, телефони

Футбол билан неча йилдан буён шуғулланиши

Шуғулланган футбол клублари

Майдондаги ўрни

Бўйи

Вазни

30 метрга югуриш учун сарфлайдиган вақти

15 метрга югуриш учун сарфлайдиган вақти

Жойдан узоққа сакрашдаги натижаси

Ота-онаси ҳақида маълумот

Натижалари талаб даражасида бўлганлар билан академия мутасадди ходими боғланиб, махсус саналардан бирида синовдан ўтиш учун таклиф қилади. “Имкони йўқ ишнинг ўзи йўқ” деганларидек, қолгани иқтидорли ёш футболчининг ўзига боғлиқ.

Мақоламиз сўнгида ЎФАнинг янги раҳбариятидан жавоб олмоқчи бўлган саволларимизни баён этамиз:

1.Болалар-ўсмирлар футболини ривожлантириш дастурининг беш йиллик оралиқ натижалари қандай бўлишини режалаштирасиз?

2.Ўринбосарлар тайёрлаш тизими учун ким ва қай йўсинда масъул бўлади?

3.Ёш футболчиларни тайёрлашда нималар устувор аҳамият касб этади?

4.Болалар ва ёшлар жамоалари тренерлари савиясини ошириш учун қандай чоралар кўрилади?

5.Болалар-ўсмирлар мусобақалари ҳакамлиги муаммоси қандай ҳал қилинади?

6.Туманлар ва кичик шаҳарлар болалар жамоаларини қамраб олиш қай йўсинда амалга оширилади?

7.Болалар-ўсмирлар жамоаларини сифатли инвентарлар билан таъминлаш учун қандай чоралар кўрилади?

8.Маҳаллалардаги футбол майдонларини ким молиялаштиради ва уларнинг фаолиятини ким мувофиқлаштиради?

photo_2018-03-06_12-37-12

Мамлакатимиз футболидаги инқироз даври ортда қолиб, жамоаларимиз қитъада етакчилар сафига тез орада қайтишига, футболчиларимиз нафақат Осиё чемпионатлари финал босқичида, балки жаҳон чемпионатларида иштирок этишига, ўзбек футболининг келгуси зафарларида миллионлар ўйинига таянч бўлиб турган учта китнинг биринчиси, яъни болалар-ўсмирлар футболи муносиб ҳисса қўшишига умид қилиб қоламиз.

Мирзаҳаким ТЎХТАМИРЗАЕВ,

педагогика фанлари номзоди, доцент

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Тога
20/06/2019 08:13
Своевременная и правильная аналитическая оценка дана нашему детско-юношескому футболу. А то у нас как и на всём пространстве СНГ хотели как лучше и не получилось как всегда. Уважаемая АФУ теперь мяч на вашей стороне подтвердите ваши действия на деле и не занимайтесь очковтирательством. Поживем увидим.
Баходир Джурабоев
19/06/2019 23:54
Узбек футболини мактай бериб чарчаган Эдик Энди танкидий гапдар куп мирзахаким Ака растини капиряпи болди утиб кетди у даврлар.

&
Ҳайрулла Аҳмаджонов
19/06/2019 15:50
болалар футболидан бошлаш энг тўғри йўл
&
darwesh
19/06/2019 15:13
Жуда катта ва зерикарли матн куриниши мумкин. УФА шу саволларга жавоб кидиришни бошлашини хохлардим.
&
Surxon turon
19/06/2019 15:12
Қурии сафсата