Мирзоҳид Ғофуров: “Бунёдкор”ни мағлубиятга учратишимиз шарт
Хабарингиз бор 6 апрель куни Coca Cola Суперлигасининг 3-тури доирасида "Навбаҳор" Тошкентнинг “Бунёдкор” клубига қарши баҳс олиб боради. “Лочинлар” мазкур ўйинга пойтахтимизда жиддий тайёргарлик кўришмоқда.
Клуб матбуот хизмати жамоанинг етакчи футболчиларидан бири ҳисобланган Мирзоҳид Ғофуров билан бўлажак ўйин борасида қисқача суҳбат ўтказди.
"Бунёдкор” билан бўладиган баҳсга пухта тайёргарлик кўряпмиз, машғулотларда астойдил қатнашяпмиз. Олдинги турлардаги “Қўқон - 1912” ва “Локомотив” клубларига қарши кечган учрашувларда юзага келган вазиятлардан самарали тарзда фойдалана олмаганлигимиз, шунингдек, омадимиз келмаганлиги боис, дуранг ҳамда мағлубиятни қайд этишга мажбур бўлдик. “Қалдирғочлар”га қарши кечадиган баҳсда фақат ғалаба қозониш иштиёқида майдонга тушамиз. Энди ҳеч қандай баҳонага ўрин йўқ. “Бунёдкор”ни мағлубиятга учратишимиз шарт. Худо хоҳласа, 6 апрель куни мухлисларимизга жорий мавсумдаги илк ютуқни тортиқ этамиз, деган умиддаман.
Фақат ўша куни жамоамизни ҳар доимгидек ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаб турсанглар бўлди, азиз мухлислар!", - дейди Ғофуров.

Фикрлар