ММА жангчиси: Жалоловни ютиш учун “ифлос бокс”ни қўлланг!
Хитойнинг Ханчжоу шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Осиё ўйинларининг бокс мусобақасида энг кўп мухлису мутахассислар эътиборини қозонадиган жанг ўта оғир вазн тоифасида ўзбекистон Баҳодир Жалолов ва қозоғистонлик Қамшибек Кункабоев ўртасида бўлади.
Ҳар икки боксчи беллашувларга иккинчи босқичдан қўшилиб, финалга қадар иккитадан рақибни мағлуб этди. Қамшибек Баҳрайн шарафини ҳимоя қилаётган Данис Латипов ҳамда Ҳиндистондан келган Бервал Нарендер устидан бир хил – 5:0 ҳисобида зафар қучди.
Баҳодир Жалолов эса, тожикистонлик Муҳаммад Аброриддиновни биринчи раундда, хитойлик Данабеке Байикевузини биринчи раунддауёқ мағлубиятга учратиб, финалга йўлланма олди.
5 октябрга белгиланган финалдан олдин Қозоғистоннинг Sports.kz сайти спортчи ва мутахассисларнинг жангга оид фикрларини эълон қилди.
Бокс бўйича Қозоғистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Қайрат Сатжанов:
Финалда Қамшибекка жуда қийин бўлади. Бу рақиблар ўзаро кўп маротаба тўқнаш келган ва бир бири билан яхши таниш.
Биринчи навбатда, Кункабоев психологик томондан ўзини қўлга олиши, ҳис-ҳаёжонни енгиши ва иштиёқини ошириши керак. Жангда илк сониялардан ташаббусни ўз қўдиги олиши талаб этилади. Лекин бу рақибга ташланиш керак, дегани эмас. Ўзбек боксчисига ўз жанг усулини ўтказиш муҳим.
Рақибдан ўзиб кетишга ишлаш керак, чунки Қамшибек Баҳодирдан тезкорроқ. Рақиб хато қилиши учун унинг жаҳлини чиқариш лозим. Кункабоев бу жангда энг аввало ўзини ўзи енгиши, ҳаяжонини босиб олиши шарт. Унга ғалаба тилаймиз.
ММА жангчиси Куат Хамитов:
Жалолов чапақай, баланд туриб жанг қилади. Жанг давомида “ифлос бокс”ни қўшинг, икки марта ён томондан зарба бериб, дарроқ клинчга киринг ва ғалаба сизнинг қўлингизда.
Таъкидлаш жоизки, ҳар икки боксчи ўз фаолиятида илк бор Осиё ўйинларининг олтин медалини қўлга киритиш имконига эга бўлмоқда.
Баҳодир Жалолов шу кунга қадар спорт оламининг барча нуфузли мусобақаларида бош совринларни қўлга киритиб келмоқда. Ўзбек паҳлавони 2020 йили Токио Олимпиадасида барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
2015 йили Доҳадаги жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгаллаган ҳамюртимиз 2019 йили Екатеринбургда ва 2023 йили Тошкентдаги мундиалларда олтин медалга сазовор бўлди.
Баҳодир уч марта Осиё чемпиони ҳисобланади.
Қамшибек Кункабоев 2020 йилги Олимпия ўйинларини учинчи ўринда якунлади. 2017 ва 2019 йилги жаҳон чемпионатлари финалида қатнашиб, кумуш медаль билан кифояланди.
Қамшибек тўрт бор Осиё чемпионатининг финалига чиқиб, ҳар гал рақибларига имконият берган ва коллекциясига яна тўртта кумуш медаль қўшиб қўйган.
Кункабоев халқаро майдондаги ягона чемпионлигини 2014 йили Қозоғистонда ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионтида қўлга киритган.
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов ва Қамшибек Кункабоев шу кунга қадар ўзаро 9 маротаба тўқнаш келган. Ўзаро беллашувлардан олтитасида Баҳодир ва учтасида Қамшибекнинг қўли баланд келган.
Баҳодир Жалоловга бутун Қозоғистон қарши бирлашади
Фикрлар