Асосий мазмунга ўтиш

ММА жангчисини отиб ташлашди

Зоҳир Тошхўжаев
Изоҳлар: 0

Яраланганлар ҳам бор

Францияда 26 ёшли ММА жангчиси Пенго Боссио Ванги отишма оқибатида ҳалок бўлди. Ҳодиса Париж яқинидаги Трапп шаҳрида содир бўлган.

Маълумотларга кўра, жиноятчи автомашина ичида ҳаракатланиб, автоматдан бир неча жойда ўт очган. Отишма натижасида бир киши вафот этган, беш нафар инсон оғир тан жароҳати олган. Жабрланувчилар орасида 12 ёшли қизалоқ ҳам бор. Полиция гумонланувчини қўлга олган ва у ҳибсга олинган.

Франция ички ишлар вазири Лоран Нуньеснинг таъкидлашича, прокуратура бу ҳодисани эҳтимолан ирқий адоват асосида содир этилган террорчилик ҳужуми сифатида баҳолаган.

Марҳум Пенго Боссио Ванги ҳақидаги хабарни унинг клуби Atch Academy ижтимоий тармоқда эълон қилган. У аралаш жанг санъати бўйича ҳаваскор жангчи сифатида ярим ўрта (77 кг гача) ва ўрта вазн (84 кг гача) тоифаларида иштирок этган. Унинг ҳисобида уч ғалаба ва тўрт мағлубият бўлган.

Франциянинг собиқ спорт вазири Амели Удеа-Кастера жангчининг яқинлари, клуби ва мураббийсига таъзия изҳор этди. У ижтимоий тармоқдаги мурожаатида Пенго Боссио Вангини “биздан бири эди” деб таърифлаб, мамлакатда нафрат ва зўравонликнинг кучайиб бораётгани катта хавотир уйғотаётганини қайд этди. У жамиятни нафратни тўхтатишга, у илдиз отиб кетишидан олдин чора кўришга чақирди.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Instagram'даги саҳифасига қўшилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ