Модрич "Реал"нинг ҳақиқий фахрийси бўлди!
Мадриднинг “Реал” клуби ярим ҳимоячиси Лука Модрич “Лос-Бланкос” тарихидаги энг кекса футболчига айланди. У 39 ёшу 40 кунлигида майдонга тушди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо Х (собиқ Тwиттер) ижтимоий тармоғида хабар берди.
Кеча Испания Ла Лигасининг 10-туридан ўрин олган “Сельта”га (2:1) қарши баҳснинг 63-дақиқасида хорватиялик футболчи захирадан майдонга тушди ва орадан 3 дақиқа ўтиб голли узатмани амалга оширди. "Реал" сафида голларни Винисиус Жуниор ва Килиан Мбаппе киритди. “Сельта”нинг жавоб голини эса ярим ҳимоячиси Виллот Сведберг урди.
Шу тариқа Модрич афсонавий Ференц Пушкашнинг рекордини янгилади. Венгриялик футболчи "қироллик клуби" сафидаги сўнгги ўйинини 1966 йилда ўтказган. Ўшанда у 39 ёшу 36 кунлик эди.
Ла Лиганинг жорий мавсумида Модрич барча мусобақаларда 10та ўйинда қатнашиб, иккита голли узатмани амалга оширди. Унинг "Реал" билан амалдаги меҳнат шартномаси 2025 йилнинг ёзига қадар имзоланган. Трансфермаркт порталида берилган маълумотларга кўра, футболчининг бозор қиймати 6 миллион еврони ташкил қилади.
Фикрлар