МОҚ спортни ривожлантириш йўлида яна бир қадам ташлади
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси юртимизда спортни ривожлантириш йўлида яна бир қадам ташлади. Кеча МОҚда Голландиянинг йирик “Elsevier” компанияси вакиллари билан семинар ташкил этилди. Унда МОҚ мутасаддилари, “Elsevier” компаниясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Оспанова,Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази мутахассислари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тадқиқотлар олиб бораётган бир гуруҳ ёш олимлар, талаба ва магистлар, шунинигдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон МОҚ ва “Elsevier” компанияси мутасаддилари ўртасида ўзаро стратегик ҳамкорлик бўйича «Спорт ва илм-фан» меморандуми имзоланди.
«Мазкур ҳамкорлик спортчиларни йирик халқаро мусобақаларга тайёрлаш ва юқори натижаларга эришиш, қолаверса, спорт илм-фанинининг ривожини янги чўққига олиб чиқиши билан аҳамиятли. Меморандум жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт университетига мутахассислар етказиб бериш, мамлакатингизда спорт медицинасини ривожлантириш каби истиқболли дастурларни ўз ичига олади. Шунингдек, МОҚ билан WADA, FIFA, AIBA ва бошқа йирик спорт ташкилотларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда спортни методологик ривожлантириш соҳаси ҳам меморандумда кўрсатиб ўтилган ва Ўзбекистонда ушбу йўналишларни ривожлантиришни кўзлаганмиз», – деди Алия Оспанова.
Маълумот учун, Элзевир — жаҳондаги энг йирик тўртта илмий нашриёт-матбаа уйларининг бири ҳисобланиб, ҳар йили дунё бўйлаб нашр этиладиган барча илмий журналларнинг чорак қисми айнан унинг ҳиссасига тўғри келади.
Компанияга 1880 йили Голландиянинг Амстердам шаҳрида асос солинган. Шунингдек, компания Буюк Британия, АҚШ, Бразилия ва бошқа мамлакатларда ўз филиалларига эга.
Компания маҳсулотларининг обуначи-мижозлари сирасига бутун дунёдаги илмий-тадқиқот марказлари, университетлар, кутубхоналар, вазирликлар ва ташкилотлар, шунингдек Европа, Америка ва Осиёнинг хусусий корпорациялари киради.
Жаҳон бўйлаб 30 миллиондан ортиқ олимлар, талабалар ва турли соҳа мутаҳассислари нашриёт маълумотларидан фойдаланиш имконига эгалар. Компания томонидан 1 йилда 240 миллиондан зиёдроқ маълумот ва мақолалар интернет тармоғига жойланиб борилади.
Фикрлар