Москвада “Футбол дўстлик учун” лойиҳасининг очилиши бўлиб ўтди

Аввал хабар берганимиздек, ФИФА Россиянинг “Газпром” компанияси билан ҳамкорликда “Футбол дўстлик учун” ижтимоий лойиҳасининг 6 мавсумига старт берганди. Бугун Москвадаги “Спартак” клуби академияси майдонида мазкур лойиҳанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда. 

Бу йил “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида дунёнинг 211та мамлакатидан ташриф буюрган 1500 нафарга яқин болалар иштирок этишмоқда. 

Ўзбекистондан мазкур лойиҳада ёш дарвозабон Муслим Абдуманнопов ва ёш журналист Мардон Марупов иштирок этмоқда. Улар тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган ҳолда иштирок этишди. Бугундан футбол мусобақаларига старт берилди. Муслим Абдумманопов дарвозабон сифатида футбол мусобақаларида иштирок этса, Мардон Марупов ўтказилаётган учрашувларни журналист сифатида медиа марказда ёритиб боради. 

 Лойиҳанинг асосий мақсади бутун дунёдаги ёш авлод ўртасида дўстлик, тинчлик, турли миллат ва маданият вакилларига ҳурмат каби юксак инсоний тушунчаларни тарғиб қилишдан иборат. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур лойиҳада иккинчи марта иштирок этяпти. Ўтган йили “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида юртимиз шарафини “Локомотив” Тошкент вакили Илёс Аҳмедов (дарвозабон) ва ёш журналист Амир Шарипов ҳимоя қилганди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!