Моуриньо “Фенербаҳче”ни юлдузлар жамоасига айлантирмоқда
“Фенербаҳче”нинг янги бош мураббийига айланган Жозе Моуриньо янги жамоасига таниқли футболчиларни чорлаяпти.
Маълумотларга қараганда, португалиялик мутахассис Мадриднинг “Атлетико” клубига тегишли бўлган ҳамюрти Жоау Фелишни Туркияга олиб келмоқчи. Ҳужумкор футболчи ўтган мавсум ижара асосида “Барселона” шарафини ҳимоя қилди.
Моуриньо режасини амалга оширишда таниқли футбол агенти Жорж Мендеш ёрдамидан фойдаланмоқчи. Бу агент Моуриньога ҳам, Фелишга ҳам хизмат кўрсатади.
Шунингдек, янги бош мураббий “Фенербаҳче” мутасаддиларига “Манчестер Юнайтед”дан собиқ шогирда Виктор Линделёфни олиб келишни сўради.
Манчестерликлар швециялик футболчи ўйнаётган позицияга “Эвертон” етакчиси Жеррэд Брэнтуэйтни олиб келяпти. Бу ҳолатда шундоқ ҳам асосий таркибга киришга қийналаётган Линделёф ўйин амалиётисиз қолиб кетиши мумкин.
Моуриньо эса, бу вазиятдан фойдаланиб, янги жамоасини кучли бешлик лигаларида тажриба орттирган ўйинчилардан бири ёрдамида кучайтиришни мақсад қилган.
Фикрлар