Моуриньо Шомуродовни ўйнатмай, Белоттини кутаётганини кўрсатди!

“Рома” А Серия янги мавсумини қийин ғалаба билан бошлади. Жозе Моуриньо шогирдлари Салерно шаҳрида “Салернитана” жамоаси меҳмони бўлиб, кичик ҳисобда зафар қучишни уддалади.

Ўйин олдидан кўпчилик мухлису мутахассислар эътиборини португалиялик мутахассис жамоадан кетиши кутилаётган Элдор Шомуродовни ўйинга олиб келгани тортди. Бироқ, Моуриньо илк учрашувда олдинги чизиққа уч юлдуз – Тэмми Абрахам, Пауло Дибала ва Николо Дзаньолони қўйди.

Буни қарангки, бу юлдузлар асосий вазифаси – гол уришни уддалай олмади. Жамоа жонига 33-дақиқада тўпни рақиб дарвозасига жойлаб қўйган ярим ҳимоячи Брайан Кристанте оро кирди.

Bryan-Cristante-celebrate-703x400

Жозе Моуриньо иккинчи бўлимда Тэмми Абрахам, Пауло Дибала ва Николо Дзаньолони захирага олиб, улар ўрнига Неманья Матич, Жоржиньо Вейналдум ва Стефан Эл-Шааравини туширди.

Жамоа бир тўп фарқи билан ғалабани сақлаб қолди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Рома” устози ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

- Агар биз 3:0 ёки 4:0 ҳисобида ютганимизда ўзимни бахтлироқ ҳис қилишим мумкин эди. Гарчи жамоа уриши керак бўлган голлардан қуруқ қолган бўлса-да, вазиятни назорат қилиш борасида анча пухта ўйин кўрсатганидан мамнунман.

Одатда, уч-тўртта қулай вазиятни бой берганингда, оқибати хунук тугар эди, лекин бу гал биз бундан умуман зиён кўрмадик. Дибала ва Дзаньоло камида иккитадан гол уриши мумкин эди. Лекин мен улар айрим ҳолатларда фантастик ўйин намойиш этганини назардан қочира олмайман, - деди Жозе Моуриньо.

Учрашувни таҳлил қилаётган мутахассислар Моуриньо иккинчи бўлим давомида ҳужум учлигидаги Дибала, Абрахам ва Дзаньолони ўйиндан олиб ташлаб, уларнинг ўрнига ярим ҳимоячиларни туширганига алоҳида эътибор қаратди. Экспертлар бу вазиятда Моуриньо ҳужум марказида ўйнай оладиган Элдор Шомуродовни ўйинга қўшмай, клуб хўжайинларига италиялик ҳужумчи Андреа Белоттини тезроқ олиш кераклигини, жамоа Абрахам, Дибала, Дзаньоло даражасидаги янги тўпурарга муҳтож эканини кўрсатмоқчи бўлганини таъкидлашмоқда.

Моуриньонинг ўзи қалтис ҳисоб бўлиб турганда баҳсни марказий ҳужумчисиз якунлаганига изоҳ берарди. Унинг гаплари мутахассисларнинг Белотти ҳақидаги тахминларини тасдиқлади. 

Ҳужумдаги ўйинчиларда чарчоқ сезилгани боис, улар ўрнига Матич ва Вейналдумни туширдим. Бу ярим ҳимоячилар ўйинни “ўлдириш” учун тушгани йўқ. Улардан вазиятни назорат остида ушлаб туриш талаб қилинди.

Агар сиз мендан бугун захирага олинган асосий ҳужумчилар даражасидаги форвардларга эга бўлиш истаги ҳақида сўрасангиз, мен буни тасдиқлайман. Бу айнан “Манчестер Сити”, “Ливерпуль” ва Италиянинг айрим клублари амалга ошира оладиган ҳолат, - деди Жозе Моуриньо.

Аслида Жозе Моуриньо ёзги трансферлар вақтида ўзи истаган деярли барча ўйинчиларни қўлга киритди. Ҳозирча, биргина Андреа Белотти  ушалмаган орзу бўлиб турибди.

Италия терма жамоаси ҳужумчиси “Торино”дан кетганидан бери эркин агент сифатида юрибди. Белоттининг ўзи “Рома”га ўтишга тайёр ва клуб билан шахсий шартномани келишиб олган.

Лекин бу трансфер амалга ошиши Элдор Шомуродовнинг клубдан кетишига боғлиқ бўлиб турибди. “Рома” ҳужумчилардан биридан қутилмагунча Белотти билан ҳамкорлик ўрната олмайди.

andrea-belotti-ne-hochet-perehodit-v-zenit_1627747681871193686

Бир неча клубнинг Шомуродов бўйича музокаралари ижобий самара бераётгани йўқ. Келаси ҳафта “Рома” мутасаддилари бу масала юзасидан “Трабзонспор” ва “Болонья” вакиллари билан навбатдаги музокарани ўтказади.

Моуриньо мағлубиятда Шомуродовни айблаган ўйинни эсга олди!

Шомуродовга ҳеч қачон харидор бўлмаганмиз!

“Рома” Шомуродов учун сўраётган янги нарх “Болонья”ни жумбушга келтирди!

Бизда ҳам айб бор. Шаҳбоз Умаровни бошқача жазолаш керак эди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!