Муҳаммад Коне: Буркина Фасо терма жамоаси мураббийлари “Локомотив”даги ўйинларимни кузатиб боришмоқда
Ads

 

“Локомотив” жамоаси ҳимоячиси Муҳаммад Коне Жаҳон чемпионати-2018 саралаш босқичи ўйинларида иштирок этиш учун Буркина Фасо миллий терма жамоасига чақирилди. 

Африкада ўтказилаётган саралаш баҳслари доирасида буркиналиклар Сенегал терма жамоаси билан 2 та учрашув ўтказишади. Мазкур учрашувларга жўнаб кетиш олдидан маҳоратли ҳимоячи ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Ўз юрти миллий терма жамоаси сафида ўйнаш – ҳар бир футболчи учун фахр. Мен ҳам Буркина Фасо шарафини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлганимдан жуда мамнунман. Рости – ушбу таклиф мен учун кутилмаганда бўлди. Терма жамоа мураббийлар штаби менинг “Локомотив” сафидаги ўйинларимни кузатишибди ва якунда бош жамоага чақиришга қарор қилишибди. Бундан жуда-жуда хурсандман. 

Мен биринчи марта миллий терма жамоага чақирилдим. Терма жамоамизда маҳоратли ва Европада ном қозонган ижрочилар кўп. Улардан кўп нарсалар ўрганишга ҳаракат қиламан.

Ҳозирда Буркина Фасо терма жамоаси ўз гуруҳида биринчи ўринда кетмоқда. Лекин бўшашишга асло ҳаққимиз йўқ. Зеро гуруҳимиздаги рақиблар – ЖАР терма жамоаси, Сенегал ҳамда Кабо Верде ҳам яхши савиядаги жамоалар. Ўйлайманки, Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш сўнгги турга қадар кечади. Мен ҳам мазкур ўйинларда майдонга тушиб, терма жамоамга фойда келтиришга уринаман, - дейди Муҳаммад Гнонтча Коне “Локомотив” матбуот хизматига.