Муҳаммад Салоҳ қаерда ўйнашини қачон ва қандай ҳал қилади?
Миср терма жамоаси ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ўз келажаги борасида ҳозирча якуний қарор қабул қилмаган. ESPN маълумотига кўра, Саудия Арабистони клублари уни қўлга киритиш учун асосий даъвогар ҳисобланмоқда.
Манбанинг ёзишича, 34 ёшли футболчи фаолиятини қаерда давом эттириш бўйича бир нечта вариантни кўриб чиқмоқда, аммо Миср терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштироки якунланган бўлса ҳам, ҳали ҳеч қандай қарор қабул қилмади.
Салоҳга Европа ва АҚШ клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, Италиянинг “Интер”, “Рома” ва “Ювентус” клублари уни ўз сафида кўришни истамоқда. Шунингдек, Туркиянинг “Галатасарой” ва “Фенербаҳче” жамоалари ҳамда МЛС клублари вазиятни кузатиб бормоқда.
Манбада қайд этилишича, “Челси” ҳам Салоҳни ортга қайтариш эҳтимолини назарий жиҳатдан кўриб чиқиши мумкин, аммо бундай трансфернинг амалга ошиш эҳтимоли жуда паст деб баҳоланмоқда.

Фикрлар